Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Учрашиш. 1-қисм. Учрашишга тайёрманми?

Учрашиш. 1-қисм. Учрашишга тайёрманми?

 Учрашиш нима дегани?

 Баъзи одамлар учрашишни шунчаки ўйин-кулги деб билади. Бироқ ушбу мақолада «учрашиш» сўзи жуфтлик турмуш ўртоқ сифатида бир-бирига тўғри келиш-келмаслигини кўриш учун ўтказадиган вақтга ишора қилади. Шунинг учун учрашишнинг ўз мақсади бор. Бу ўзга жинсдаги кишининг эътиборидан шунчаки завқ олиш имкони эмас.

 Муайян вақт учрашгач ё оила қуриш, ё бу муносабатларга чек қўйиш қарорини чиқаришингиз керак бўлади. Учрашишни бошлаганингизда буларнинг ҳар иккаласига тайёр бўлишингиз керак.

 Хулоса. «Учрашишга тайёрман» деб ўйласангиз, оила қуришга ҳам тайёр эканингизга амин бўлишингиз керак.

Оила қуриш истаги бўлмай туриб учрашаётган инсон, ишлашни истамай туриб ишга кириш учун суҳбатга бораётган одамга ўхшайди.

 Учрашишга тайёрмисиз?

 Учрашгач, оила қуришингиз мумкин экан, муносабатларингизга салбий ё ижобий таъсир қиладиган қандай хислатларга эга эканингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, қуйидагиларни кўриб чиқсангиз бўлади:

  •   Оилавий муносабатлар. Ота-онангиз, ака-ука ё опа-синглингиз билан, айниқса, босим остида қандай муомала қилсангиз, турмуш ўртоғингизга ҳам шундай муносабатда бўласиз.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни ҳар қандай ярамаслик билан бирга ўзингиздан соқит қилинглар». (Эфесликларга 4:31)

     Ўзингиздан сўранг: «Ота-онам, ака-укам ё опа-синглимдан сўрашса, улар билан ҳурмат ила муомала қилишимни айтган бўлишармиди? Уларнинг бири билан келишмай қолсам, масалани хотиржамлик ила муҳокама қиламанми ё жаҳлга берилиб, баҳслашаманми?»

    Ота-онангиз билан келишмовчиликларни ҳал қила олмаётган бўлсангиз, турмуш ўртоғингиз билан муаммоларни ҳал қила оласизми?

  •   Фидойилик. Оила қурганингизда турмуш ўртоғингизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олишингиз ва кўпинча ён беришингиз керак бўлади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин». (1 Коринфликларга 10:24)

     Ўзингиздан сўранг: «Доим барча нарса мен айтгандай бўлишини истайманми? Бошқалар мени мулоҳазакор деб биладими? Бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзимникидан устун қўйишимни қайси йўллар орқали кўрсатганман?»

  •   Камтарлик. Яхши турмуш ўртоқ хатоларини тан олишни ва улар учун чин дилдан кечирим сўрашни билади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз». (Ёқуб 3:2)

     Ўзингиздан сўранг: «Хатоларимни тайёрлик ила тан оламанми ё ўзимни оқлашга ҳаракат қиламанми? Қайсидир соҳада яхшиланишим кераклигини айтишса, хафа бўламанми?»

  •   Пул. Пулни донолик ила ишлатадиган инсон оилада энг кўп можароларга сабаб бўладиган омилнинг олдини олади.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Орангиздан кимдир иморат қурмоқчи бўлса, уни битиришга маблағи етишини билиш учун, аввалига ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими?» (Луқо 14:28)

     Ўзингиздан сўранг: «Пулни донолик ила ишлатаманми ёки тез-тез қарз оламанми? Пулни тўғри ишлатишимни қандай кўрсатганман?»

  •   Маънавий соғлик. Яҳованинг Шоҳиди бўлсангиз, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва жамоат учрашувларига бориш одатингиз бўлиши керак.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (Матто 5:3)

     Ўзингиздан сўранг: «Маънавий соғлигимга ғамхўрлик қилиш учун жон куйдиряпманми? Маънавий одатларим биринчи ўринда турадими ё бошқа нарсалар улардан мени чалғитишига йўл қўяманми?»

 Хулоса. Сиз оила қурмоқчи бўлган инсон яхши турмуш ўртоққа лойиқ. Агар яхши турмуш ўртоқ бўлишга жон куйдираётган бўлсангиз, худди шундай қилишга интилаётган инсон сизни ёқтириб қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.