ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Учрашиш. 3-қисм. Учрашишни тўхтатишимиз керакми?
Қайсидир вақтдан бери учрашяпсиз ва сизда шубҳалар пайдо бўла бошлади. Хўш, бу муносабатларни давом эттиришингиз керакми ёки унга чек қўйганингиз маъқулми? Мазкур мақола қарор чиқаришингизга ёрдам бериш учун тайёрланган.
Бу мақолада
Шубҳалар билан курашиш
Бироз вақт учрашгач, йигит ва қиз улар ўйлаганчалик бир-бирига ўхшаш эмаслигини англай бошлар. Масалан:
Бири соҳил бўйида дам олишни ёқтирса, иккинчиси тоққа чиқишни ёқтиради.
Бири одамлар билан бўлишни хуш кўрса, иккинчиси аксинча.
Бири кўпинча айёрлик қилса, иккинчиси доим рост гапиради.
Эътибор беринг, ҳар бир вазият бир-биридан фарқ қилади. Биринчиси ўзаро мос келмаган қизиқишларни, иккинчиси одатларни, учинчиси эса қадриятларни ўз ичига олади.
Ўйлаб кўринг: оила қургач, юқорида санаб ўтилган учта омилдан қайси бири билан курашиш энг қийини бўларди? Агар биронтаси бўлса, икковингиз ҳам ён бера оласизми?
Эр-хотиннинг қизиқишлари ё одатлари бир-бириникидан фарқ қилса-да, улар никоҳда бахтли бўлиши мумкин. Ахир ўзаро мос келиш икки томчи сувдай ўхшаш бўлишни англатмайди-ку! Баъзи вазиятларда турмуш ўртоқлар бир-бирининг қизиқишларини ёқтира бошлаши ва ҳатто бири иккинчисининг одатларидан фойда олиши мумкин a.
Аммо сиз оила қурмоқчи бўлган инсоннинг қадриятлари — эътиқоди, ахлоқ ва нима тўғрию нима нотўғри экани борасидаги нуқтаи назари сизники билан бир хил бўлиши лозим. Акс ҳолда, бу муносабатларга чек қўйиш керак.
Масалан, ўзаро мос келмайдиган диний қадриятлар тўғрисида ўйлаб кўринг. Бир китобда қуйидаги фикр ёзилган: «Изланишларга кўрса, эътиқоди турлича бўлган жуфтликларнинг ажрашиш эҳтимоли жуда юқори». («Fighting for Your Marriage»)
Муқаддас Китобдаги принцип: «Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилманглар». (2 Коринфликларга 6:14)
Қарор чиқариш
Муқаддас Китобга кўра, оила қурганларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлади». (1 Коринфликларга 7:28) Шундай экан, учрашиш пайтида уларнинг баъзиларига дуч келаётган бўлсангиз, ҳайрон қолманг.
Кичик келишмовчиликлар доим ҳам муносабатларингиз жар ёқасида эканини англатмайди. Асосийси, сизлар уларни тинчликда ҳал қила оласизми? Оила қургач, икковингизга ҳам бу маҳорат асқатади.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар... Бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар». (Эфесликларга 4:32)
Бошқа тарафдан, тез-тез такрорланаётган ёки жиддий келишмовчиликлар шунчаки сизлар ўзаро мос келмаётганингизнинг белгиси бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, кеч бўлмасидан муаммонинг ечимини топиш яхши бўларди.
Хулоса. Сиз учрашаётган инсон ёки ҳатто оила қуришга тайёр эканингиз борасида жиддий шубҳалар пайдо бўлаётган бўлса, уларга кўз юмманг.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳикматлар 22:3)
Учрашишни тўхтатишга қарор қилсангиз
Учрашишни тўхтатиш қийин бўлиши мумкин. Аммо биттангиз ёки икковингиз ҳам муносабатларингиз борасида жиддий шубҳалардан қутула олмаётган бўлсангиз, учрашишни тўхтатиш энг яхши қарор бўлиши мумкин.
Буни қай йўсин қилишингиз керак? Жиддий сабаб бўлмаса, учрашишни тўхтатаётганингизни СМС ёки электрон хабар орқали қилмаган яхши. Бунинг ўрнига, мос вақт ва жой танлаб бу жиддий масалани икковингиз муҳокама қилинг.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар». (Закариё 8:16)
Учрашишни тўхтатганингиз бирон нимани нотўғри қилганингизни англатадими? Асло. Унутманг, учрашиш ёрдамида инсон билан оила қуриш-қурмаслик борасида қарор чиқара оласиз. Ҳатто муносабатларингизга чек қўйсангиз ҳам, бу вазиятдан қимматли сабоқлар олсангиз бўлади.
Ўзингиздан сўранг: «Бу муносабатлардан ўзим ҳақимда нималарни билиб олдим? Бу вазият қайси соҳаларда яхшиланишим кераклигини очиб берди? Яна учрашишни бошласам, нимани бошқача қилишим керак?»
a Бундай қийинчиликлар эр ва хотинга қандай таъсир қилишини яхшироқ тушуниш учун турли тилларда чиққан «Бир-бирингиздан фарқ қилганингизда» ва «Турмуш ўртоғингизга ғашингиз келганида» номли мақолаларни ўқинг.