ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Нега доим ўйламай гапириб қўяман?
«Баъзида тилимни тия оламан, аммо қолган пайтлари тилим гўёки миямга қулоқ солмай, ўз-ўзидан гапириб кетади!» (Жеймс)
«Асабийлашганимда оғзимга келганини, хотиржам бўлганимда эса керагидан ортиқ гапириб юбораман. Хуллас, доим қовун тушириб қўяман». (Мари)
Муқаддас Китобда «тил гўё оловдир» ва «кичик бир учқун катта ўрмонни ёндиришга қодир» дейилган. (Ёқуб 3:5, 6) Сўзларингиз дастидан кўпинча ишкал чиқариб қўясизми? Ундай бўлса, бу мақола сиз учун.
Нега ўйламай гапириб қўяман?
Номукаммаллик. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз. Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у... мукаммал инсондир». (Ёқуб 3:2) Одам заиф бўлгани учун нафақат юрганда қоқилиб кетиши, балки гапирганида бўлмағур нарсаларни айтиб юбориши мумкин.
«Миям ва тилим номукаммал бўлгани учун, уларни мукаммал даражада бошқара оламан, деб айтиш нодонликдир». (Анна)
Кўп гапириш. Муқаддас Китобда: «Кўп гапирган гуноҳга тутилади»,— дейилган. (Ҳикматлар 10:19) Кўп гапириб, кам тинглайдиган инсонлар бўлмағур сўзлари билан бошқаларни тез ранжитиб қўйиши мумкин.
«Даврада қизғин суҳбат олиб бораётган киши ҳар доим ҳам энг ақлли инсон бўлавермайди. Исо ер юзида яшаб ўтган энг ақлли инсон бўлса ҳам, гоҳида сукут сақлаган». (Жулия)
Киноя. Муқаддас Китобда: «Ўйламай айтилган гап қиличдай жароҳатлайди»,— дейилган. (Ҳикматлар 12:18) Ўйламай гапиришнинг бир мисоли — киноя, яъни бошқаларни камситиш мақсадида тикандай оғир ботадиган сўзларни айтиш. Киноя билан гапирадиган инсонлар: «Шунчаки ҳазиллашяпман, холос!» — дейиши мумкин. Лекин бошқаларни камситиш кулгили эмас. Муқаддас Китобда қуйидагича чорлов бор: «Ҳақоратли сўзларни ҳар қандай ярамаслик билан бирга ўзингиздан соқит қилинглар». (Эфесликларга 4:31)
«Мен ҳазилкашман ва чоғ кайфиятда юришни яхши кўраман. Айнан мана шунинг дастидан пичинг қилиб қўйиб, бошимга ғалва орттираман». (Оксана)
Тилни жиловлаш
Тилни назорат қилиш қийин бўлиши мумкин, аммо Муқаддас Китобдаги принциплар ёрдамида буни эплаш мумкин. Масалан, қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўринг.
«Қалбингизни тўкиб солинг-да, сукут сақланг». (Забур 4:4)
Баъзида энг зўр жавоб умуман жавоб бермасликдир. «Ғазабим қайнаганда ҳис қиладиган туйғуларим кейинчалик ўтиб кетиши мумкин,— дейди Лаура исмли бир қиз.— Тинчланганимда эса, индамаганимдан хурсанд бўламан». Бир неча сонияга тўхтаб туриш бўлмағур гапларни айтиб юбормаслигингизга ёрдам беради.
«Тил егуликнинг таъмини сезгандек, қулоқ ҳам сўзларни фарқлай олмайдими?» (Аюб 12:11)
Айтмоқчи бўлган сўзларингизни қуйидаги саволлар ёрдамида текширсангиз, ўзингизни ортиқча дахмазадан асраган бўласиз:
Бу тўғрими? Бу севгидан далолат берадими? Бундай дейишим шартми? (Римликларга 14:19)
Агар бу сўзларни бошқаси менга айтганида, ўзимни қандай ҳис қилардим? (Матто 7:12)
Бу билан бошқа инсоннинг нуқтаи назарини ҳурмат қилаётганимни кўрсатаманми? (Римликларга 12:10)
Ҳозир буни айтишнинг мавридими? (Воиз 3:7)
«Камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар». (Филиппиликларга 2:3)
Бу маслаҳат бошқаларга яхши сўзларни айтишингизга, тилингизни жиловлашга ҳамда гапиришдан олдин ўйлашга ёрдам беради. Борди-ю, бўлар иш бўлди ва ранжитадиган сўзларни айтдим қўйдим, деб ўйлаётган бўлсангиз, камтарлик ила ва имкон борича тезроқ кечирим сўранг. (Матто 5:23, 24) Сўнг тилингизни жиловлаш учун кўпроқ ҳаракат қилишга бел боғланг.