Асосий материалларга ўтиш

Минос Коккинакис бошқа биродарлар билан сургунда (чап тарафда) ва кейинчалик кексалигида (ўнг тарафда)

2019 ЙИЛ 7 ЯНВАРЬ
ГРЕЦИЯ

Ваъз қилиш ҳуқуқи учун олиб борилган ярим асрлик кураш

Ваъз қилиш ҳуқуқи учун олиб борилган ярим асрлик кураш

Чамаси 80 йил аввал маҳбусларга тўла кема Эгей денгизидаги Греция ороли — Аморгосга келиб тўхтайди. Маҳбуслар орасида биродар Минос Коккинакис ҳам бор эди. Бу оролда у 13 ой сургунликда яшаши керак эди. Греция суди ҳеч қандай тергов ўтказмай туриб, биродар Минос Коккинакисни прозелитизмни тақиқловчи яқинда қабул қилинган қонунни бузганликда айблайди. 1938–1992 йилларда Греция диктатори Иоаннис Метаксас томонидан ўрнатилган ушбу қонунни бузганлиги учун ҳибсга олинган 19 147 нафар Яҳованинг Шоҳиди орасида у биринчиси эди. Ўнлаб йиллар давомида мазкур давлатдаги юзлаб Шоҳидлар хушхабарни жасорат ила ваъз қилгани учунгина дўппосланган, ҳибсга олинган ва қамоққа ташланган.

Биродар Коккинакис тахминан 30 ёшга тўлганида ўз эътиқоди ҳақида бошқаларга айтиш ҳуқуқи учун курашишни бошлайди ва бу кураш ярим асрга чўзилади. У 60 дан кўпроқ марта ҳибсга олинади, олти йилдан зиёд умрини қамоғу ороллардаги сургунларда ўтказади. У ерларда уни ва бошқа Шоҳидларни мудҳиш шароитларда сақлашади. Биродар Коккинакис 77 ёшга кирганида уни сўнгги бор ҳибсга олишади. Мазкур чорага шикоят билдирган ҳолда, у Греция Олий судигача боради, лекин барибир мағлубиятга учрайди. Шунда биродар Коккинакис Греция унинг дин эркинлиги ҳуқуқини бузаётганини таъкидлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) шикоят аризасини беради. 1993 йили эса 84 ёшни қоралаган Минос Коккинакис дунёга овозаси кетган бу ишда ғалаба қозонади. Ўшанда ИҲЕС илк бор давлатни дин эркинлиги ҳуқуқини бузганликда айблайди. a 2018 йили ушбу тарихий қарор чиқарилганига 25 йил бўлди. Халқаро ижтимоий ҳуқуқ профессорининг фикрича, ИҲЕС бугунги кунга қадар дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги бошқа қарорларга қараганда мазкур қарорга энг кўп мурожаат қилади.

Россия каби кучли давлатлар кўплаб биродарларимизга ўз динига бемалол эътиқод қилишни тақиқлаётган бир пайтда биродар Коккинакиснинг иши ҳанузгача долзарблигини йўқотмаяпти.

Биродар Коккинакиснинг имони ва хизматдаги қатъияти — хушхабарни ваъз қилиш йўлида таъқибларга учраётган барча учун аъло ўрнакдир. У Худога садоқатни сақлаган ва унинг ғалабаси бутун дунёдаги Яҳова Шоҳидларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. (Римликларга 1:8)

a  Минос Коккинакис 1999 йили январда оламдан ўтди.