2020 ЙИЛ 15 АПРЕЛЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР
Ёш Шоҳидлар пандемия пайтида ваъз қилишнинг янги усулларини топишяпти
Бутун дунёдаги ёшларимиз коронавирус пандемияси пайтида ваъз қилиш ва имондошларига далда беришнинг турли усулларини топиб, маънавий ишлар билан банд бўлиш қарори қатъий эканини кўрсатяпти.
Янги Зеландиядаги одамлар айланишга чиққан болалар кўриши учун деразаларига ўйинчоқлар, тедди айиқчалари ва расмларни қўйяпти. Турли жамоатлардаги ёшлар буни ваъз қилиш имкони, деб билиб, деразаларига Камол ҳамда Севинчнинг расмини қўйди ва тагига «Бизни jw.org сайтида томоша қилинг» дейилган ёзувни жойлаштирди.
Швейцарияда яшовчи тўққиз яшар Эмилиянинг иммун тизими заиф. Ҳозир қариялар уйига ташқаридан кимдир келиши тақиқлангани учун Эмилия у ерда яшовчиларга хатлар ёзди. У Нуҳ ва кемасини чизиб, бу расмларни хатларга қўшиб юборди. Эмилия Нуҳ ва оиласи ҳам бир пайтлар изоляцияда бўлганини ва бу уларнинг ҳаётини сақлаб қолганини тушунтирди. У қариялар уйида яшовчиларни: «Нуҳ каби ичкарида қолинг»,— деб ундади. Пандемия тугаганида Эмилия уларнинг ҳар бирини шахсан кўришга бормоқчи.
Баъзилар Эмилиянинг хатларига жавоб ёзди ва у уларга яна мактублар жўнатди. Маҳаллий мухбирлардан бири Эмилия ҳақида эшитиб, газетадаги мақолада у тўғрисида айтиб ўтди.
Онтариода (Канада) яшовчи Пейтон ва Элла Кемпф исмли қизалоқлар пандемия пайтида жамоатидаги биродару опа-сингиллар билан мулоқот қилишда давом этишяпти. Уларнинг отаси Жаред қуйидагича тушунтирди: «Оилавий топиниш пайтида болаларимиз биз боғланишни истайдиган барча инсонларнинг рўйхатини тузишга ёрдам беришди». Уларнинг онаси Жессика эса шундай деб қўшиб қўйди: «Имондошларимиз, оила аъзоларимиз ва дўстларимизни биз уларни унутмаганимизга ишонтириш жуда муҳим эканини қизларимизга ўргатмоқчимиз».
Шу сингари Колорадода (АҚШ) яшовчи Стелла ва унинг онаси ҳам жамоатидаги биродару опа-сингиллар билан доим алоқада бўлишга диққат қаратишди. Улар рўйхат тузиб, ундаги ҳар бир киши билан қўнғироқлашди.
Шон ва Жонатан Маккампсон исмли 15 ва 12 яшар ака-ука ота-онаси билан бирга Аризонада хитой тилидаги жамоатда хизмат қилади. Улар ҳар куни эрталаб мактабдан олдин хитой тилида хатлар ёзиб ваъз қилишда давом этишяпти. Улар тилни ҳали ҳам ўрганаётгани учун хатларни ёзиб битириш кўп вақт ва ҳаракатни талаб этади. Аммо уларнинг Муқаддас Китобдаги хабарни хитойчада гапирадиган одамлар билан бўлишиш қарори қатъий.
Ёши 2 дан 15 гача бўлган олтита бола онаси ва кашшоф имондошимиз билан бирга Мичиганнинг ғарбидаги қариялар уйига мунтазам бориб турарди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ҳукумат қариялар уйига боришни тақиқлаб қўйди. Энди бу болаларнинг ота-онаси улар ҳамду-сано куйлагани ёки Муқаддас Китобдан оятлар ўқиганини видеога олиб қариялар уйида яшовчиларга жўнатишяпти. У ерда ишловчи ходимлардан бири болаларнинг отасига айтишича, бир қария одамлар коронавирусдан ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарларни томоша қилгач, тушкунликка тушиб қолибди. Болаларнинг видеоларидан бири унга тинчланишга ёрдам берибди.
Шунга аминмизки, яқинларига севгини намоён этаётган ҳамда ваъз қилишнинг янги усулларини топиб Яҳовага шараф келтираётган ёшларнинг ҳаракатларини У жуда қадрлайди. (Забур 148:12, 13)