Асосий материалларга ўтиш

2020 ЙИЛ 5 МАЙ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

Имондошларимиз пандемия дастидан яқинларини йўқотганларга тасалли бермоқда

Имондошларимиз пандемия дастидан яқинларини йўқотганларга тасалли бермоқда

Гарчи қўлимиздан келганча коронавирусдан ҳимояланишга ҳаракат қилсак-да, айрим биродару опа-сингилларимиз ушбу вирус дастидан ҳаётини йўқотишди. (Воиз 9:11) Афсуски, ҳозирда дунё бўйлаб 872 нафар азиз имондошларимиз COVID-19 вирусини юқтириб вафот этишди. Имондошларимиз жудолик азобидан қийналаётганларни қўллаб-қувватлаш учун тезда ҳаракатга тушишди. (1 Коринфликларга 12:26) Шундай қийин дамларда барчамиз Филиппиликларга 4:7 да айтилганидек, тинчлик берувчи Аллоҳга таянамиз.

Уннютзер Ханнчен ва Манфред

Италиянинг шимолидаги Больцано шаҳрида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Уннютзер Ханнчен опамиз Яҳованинг халқи бир-бирини қўллаб-қувватлашини ўзида ҳис этди. Афсуски, унинг эри, Уннютзер Манфред акамиз 2020 йил 28 март куни коронавирусдан вафот этди. Манфред акамиз қарийб 58 йил тўла вақтли махсус хизматда иштирок этди, хотини эса у билан бирга деярли 54 йил хизмат қилди. Биргаликда улар 25 йил туман нозирлик хизматида бўлишди. Видеоконференция орқали ўтказилган дафн маросимида турли мамлакатлардан 1000дан зиёд имондошларимиз иштирок этишди.

Ханнчен опамиз шундай деди: «Имондошларимдан жуда миннатдорман. Улар мени ҳеч ҳам ёлғиз қолдиришмади, ҳатто бир соатга ҳам. Мен кўп меҳр кўрдим! Улар менга ғамхўрлик қилиб, Муқаддас Китоб ёрдамида далда бериб, зарурий эҳтиёжларимни қондиришди. Биродару опа-сингилларимнинг ҳаммасини яхши кўраман».

Монкада Мария Хосе ва Дарвин жудолик азобини чекиб, ғамхўрлик кўрган яна бир жуфтликдир. Улар Эквадорда кечуа тилда сўзлашувчи ҳудудда хизмат қилишади. Афсуски, Мария опамизнинг ота-онаси бир-биридан олти кун фарқ билан касалликка чалиниб вафот этишди. Унинг 56 ёшли онаси Фабиола Сантана Жордан доимий кашшоф бўлиб хизмат қилган, отаси 60 ёшли Рикардо Жордан эса Гуаякиль шаҳридаги Прадерас жамоатида хизматкор бўлган. Шунингдек, Мария опамизнинг иккита ака-укаси ҳам COVID-19 вируси билан касалланишди, лекин тузалишди.

Монкада Мария Хосе ва Дарвин Қутлуғ Кечлик маросимида иштирок этишяпти

Юраги тилка-пора бўлган Мария опамиз оила аъзоларини ҳиссий томонлама қўллаб-қувватлаш ва дафн маросимини ўтказишга ёрдамлашиш учун тўр соатлик йўлга тушишга тайёр эди. Аммо эри билан ибодат қилиб мулоҳаза юритгач, Гуаякилга бориш оқилона эмас деган қарорга келишди. Шунга улар қариндошлари билан видеоконференция орқали боғланишди. Мария опамиз шундай деди: «Қариндошларимиз билан учрашганимизда ўзимизнинг ҳамда бошқаларнинг саломатлигини хавф остига қўйган бўлардик».

Албатта, Мария опамиз ўзи айтганидай «азоб чекиб қайғурган», бироқ у ва эри маънавий фаолиятни тўхтатишмади. Ҳа, улар тинмай Яҳовага ибодат қилиб йўл кўрсатишини сўрашди. Мария опамиз ва эри Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш маросимига тайёрланиб, қизиқувчиларни таклиф этишни ва Исонинг ер юзидаги охирги кунлари ҳақида ёзилган оятларни ўқишни давом эттиришди. Шунингдек, улар хатлар ёзиб ваъзгўйлик қилишни ва видеоконференция орқали жамоат йиғилишларида қатнашишни тўхтатишмади. Мария опамизнинг имондош бўлмаган тўққизта қариндоши видеоконференция орқали испан тилида ўтадиган Қутлуғ Кечликка қўшилишга рози бўлишди.

«Тадқиқ ўтаётган кишилар Қутлуғ Кечлик нутқини тинглаш учун электрон қурилма ёрдамида қийналиб бўлса ҳам, боғланишга ҳаракат қилганини кўриш жуда далдали эди»,— деди Мария опамиз. Кейин у шундай деб қўшиб қўйди: «Оила аъзоларим бошқа мамлакатларда яшаганига қарамай, маросимга қўшилганини кўриш менга ўзгача қувонч бахш этди».

Мария опамиз яна шуларни айтди: «Бу воқеадан кўриниб турибдики, вазиятимиз қанчалик ачинарли бўлмасин, хизматда фаол бўлиш оғриқни енгишга ва Яҳованинг баракасини кўришга йўл очади».

Ушбу пандемия даврида дунё бўйлаб яшаётган имондошларимиз яқинларини йўқотган кишилар билан бирга қайғурмоқда. Биз азоб чекаётганлар учун ибодат қилиб турамиз. Келажакда Тангри Яҳова ҳамма азобларнинг сабабини, хусусан ўлатларни бартараф қилиб, ҳаётдан кўз юмган барча содиқ хизматчиларини тирилтирадиган вақтни кутяпмиз. (1 Коринфликларга 15:21, 22)