2020 ЙИЛ 29 АПРЕЛЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР
«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўриб чиқилган нашри серб ва хорват тилларида чиқди
2020 йили 25 апрелда Етакчи кенгаш аъзоси Марк Сандерсон биродар олдиндан ёзиб олинган видеода «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўриб чиқилган нашри серб ва хорват тилларида чиққанини эълон қилди. Серб тилидаги нашр ҳам кирилл, ҳам лотин ёзувида чиқди.
Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия ва Черногориядаги имондошларимиз коронавирус пандемияси пайтида ҳукумат ўрнатган чекловларга амал қилиш учун бу дастурга биргалашиб йиғила олишмади. Лекин видеоконференция орқали ҳаммаси бўлиб 12 705 та киши бирга улана олди.
Бу дастурни томоша қилган битта биродаримиз қайта кўриб чиқилган бу нашрни «ҳақиқий дур» деб атади ва у орқали «Яҳова шахсан менга гапираётганини» ҳис қилдим деди. Оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган бошқа биродаримиз шундай деб айтди: «Она тилимда бу янги нашрни ўқиганимда, Яҳова мени яхши кўришини ва менга ғамхўрлик қилаётганини яхшироқ ҳис этдим. Энди, жамоатда бошқаларга далда берганимда, Яҳова биродару опа-сингилларимизни қанчалар севишини ва қадрлашини янада яхшироқ етказа оламан».
Таржима иши 1996 йилнинг охирида бошланган эди. Сўнг 1999 йили июлда «Янги дунё таржимаси — Юнонча ёзувлар»нинг серб ва хорват тилларидаги нашри чиқди. Етти йил ўтгач, 2006 йили ушбу иккита тилда ҳам Муқаддас Китобнинг тўлиқ нашри чиқди.
Аминмизки, серб ва хорват тилларидаги аниқ ҳамда тушунишга осон бўлган ушбу нашрлар барча ўқувчиларига «Худонинг каломи жонли» эканини кўришга кўмаклашишда давом этади. (Ибронийларга 4:12)