2018 ЙИЛ 29 НОЯБРЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР
Россиядаги давлат ходимлари Қримда саккизта Яҳова Шоҳидининг уйида рейд ўтказди
2018 йили, 16 ноябрь жума кечки пайт Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) тахминан 200 та ходими Қримдаги саккизта имондошимизнинг уйида рейд ўтказди.
Қуролланган ва ниқоб кийган ФСБ ходимлари тўсатдан бостириб келишгани ва қаттиқ стресс етказишгани оқибатида, иккита Яҳова Шоҳидининг қон босими жуда юқори кўтарилиб кетди ва улар касалхонага олиб кетилди. Кўнгилни туширадиган яна бир нарса шуки, бир имондошимизнинг ҳомиласи тушиб қолди.
Рейд давомида 78 ёшли Александр Урсуга қўпол муносабат кўрсатилди. Уни деворга тираб, сўнг йиқитишди ва қўлларини кишанлашди. Устига-устак, полиция бир нечта имондошимизни сўроқ қилди.
Ҳозирда фақатгина Сергей Филатов (ўнгда сурати келтирилган) биродаримизга жиноий иш қўзғатилган. У Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 282.2-моддаси, 1-қисми бўйича айбланмоқда. Тўртта фарзанднинг отаси бўлмиш 47 ёшли бу биродаримиз Россия ҳукумати экстремизмга оид қонун бўйича айблаётган Қримдаги биринчи Шоҳид.
Гарчи рейд ва қувғунлар тўғрисида эшитиб, хавотирга тушсак ҳам, жасорат билан Тангримиз Яҳовага кўз тикамиз. Ушбу қийинчиликларга тўла охирзамонда У бизга куч беришига ишонамиз. (Ишаё 41:10)