Асосий материалларга ўтиш

2019 ЙИЛ 11 ОКТЯБРЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

2019 йилги мажлиснинг қисқача баёни

2019 йилги мажлиснинг қисқача баёни

2019 йили 5 октябрь шанба куни «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва Адабиёт Жамияти (Пенсильвания)» Ньюбергдаги (АҚШ, Нью-Йорк) Яҳова Шоҳидларининг Анжуман залида ўзининг расмий йилги мажлисини ўтказди. Мажлиснинг расмий қисмидан сўнг Етакчи кенгаш 20 679 та тингловчига, жумладан, масофавий уланганларга ҳам, имонни мустаҳкамловчи маънавий дастурни тақдим этди. Қуйида дастурдаги ҳар бир қисмнинг қисқача баёни келтирилган. a

«Биргина Йўлбошчингиз бор. У ҳам бўлса Масиҳдир»

Дастур раиси бўлиб хизмат қилган биродар Геррит Лёш Матто 23:10 га асосланган кириш нутқида бизнинг йўлбошчимиз қандайдир киши эмас, балки Исо Масиҳ эканини эслатди.

Ёрдам бериш иши — Яҳованинг муҳтожларга кўрсатаётган ғамхўрлигидир

Биродар Стивен Летт бошқаларга астойдил ёрдам бериш ва сахий бўлиш муҳим эканини тушунтириб ўтди. Сахийлик кўрсатишимиз мумкин бўлган бир соҳа — табиий офатлардан талафот кўрганларга ёрдам беришдир. Биродар Летт 2018 ва 2019 хизмат йиллари давомида табиий офатлардан кўрилган зарар ва уни бартараф этиш учун қилинган ёрдам ишлари ҳақида сўзлади. 900 000 дан ошиқ имондошимиз бундай офатлардан жабр кўрган, 700 дан зиёд Йиғилиш зали ва 15 000 та имондошимизнинг уйи шикаст еган ёки бутунлай вайрон бўлган. Яҳованинг Шоҳидлари бундай ёрдам ишларига 49,5 миллион доллар сарфлашди.

Қолаверса, дастурнинг мазкур қисмида бундай ёрдам бериш ишларидан фойда олган ваъзгўйларнинг самимий миннатдорчилик сўзларини ўз ичига олган видеолар ҳам кўрсатилди.

«Худо бизни қўллаб-қувватлайди. Қани, қурилишни бошлайлик!» | Видео

Бу видеода бутун дунёдаги тахминан 80 000 та бино Яҳова Шоҳидларининг мулкига қарашли экани ҳақида айтилди. Шунингдек, ташкилотимиз бинолари қай йўсин таъминланаётгани, таъмирланаётгани ва қурилаётгани ҳам муҳокама қилинди.

«Биноларни сотиш тарихига бир назар» | Видео

Мазкур видео ўтмишда Қўшма Штатлар филиалининг ва Бош идоранинг биноларини танлашга ва сотиб олишга кўмаклашган учта биродар, яъни Маркс Ларсон, Жорж Кауч ва Гилберт Назароффнинг интервьюларини ўз ичига олган. Бу биродарлар турли биноларни харид қилишда Яҳованинг қўлини кўришгани ҳақида айтиб беришди.

«Янги қурилиш режалаштирилмоқда» | Видео

Ушбу видеода эълон қилинганидек, Яҳованинг Шоҳидлари медиа маҳсулотларни Рамапода (Нью-Йорк) қуриладиган янги бинода ишлаб чиқаришни режалаштиришмоқда. Мазкур бино Уорвикдаги (Нью-Йорк) Бош идорадан тахминан 3 километр масофада жойлашган. Бу қурилиш 2022 йилда бошланиб, 2026 йилнинг декабрь ойигача тугатилиши кутилмоқда. Ўтказилган ҳисоб-китобга кўра, қурилишнинг авж нуқтасида ҳар куни 1500 та ихтиёрий хизматчи керак бўлади.

Рамапода (Нью-Йорк) қуриладиган янги Байтил биносининг лойиҳаси. Ушбу лойиҳа студия, офислар, яшаш бинолари ва ташриф буюрувчилар учун махсус жой қуришни ўз ичига олади

«Аризаларни тўлдириш ва кўриб чиқиш учун мўлжалланган янги дастур» | Видео

Мазкур видеода тушунтирилганидек, хизматини кенгайтирмоқчи бўлган ваъзгўйлар 2020 йил январь ойидан бошлаб аризаларни jw.org сайтида тўлдириб, уларни жамоатларидаги оқсоқоллар кенгашига жўнатишлари мумкин бўлади. Шунда оқсоқоллар бу аризаларни кўриб чиқиш имконига эга бўлади.

JW.ORG сайтидаги аудиофайлларни тинглашнинг янги усули

Энди JW.ORG сайтидаги аудиоёзувларни «Amazon Alexa» ёки «Google-Assistant» овозли ёрдамчиси орқали танлаб, тингласангиз бўлади.

Шимол томондан қилинган ҳужум

Биродар Дейвид Сплэйн Йўэл китобининг 2-бобида тилга олинган чигирткалар галаси ҳақидаги башоратнинг тушунчасини ойдинлаштирди. Биз ушбу тушунча «Қўриқчи минораси»да пайдо бўлишини ва уни ўрганиб чиқишни интизорлик билан кутяпмиз.

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Маттодан то Ҳаворийларгача китобларини ўз ичига олган тадқиқ нашри

Муқаддас Китобнинг тадқиқ нашри ёрдамида тадқиқ ўтказинг

Биродар Сэмюэл Хёрд «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг онлайн тадқиқ нашрининг фойдали томонларини таъкидлаб ўтди. Кейин у «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Маттодан то Ҳаворийларгача китобларини ўз ичига олган тадқиқ нашри босиб чиқарилганини эълон қилди. Ваъзгўйлар унинг нусхасини ўзларининг маҳаллий жамоатларида буюртма қилишлари мумкин.

Қиладиган ишимиз кўп!

Биродар Энтони Моррис масиҳийлар учун хушхабарни ваъз қилиш асосий вазифа эканини таъкидлади. Ташкилотимиз бинолари Етакчи кенгашга ваъзгўйлик фаолиятини ташкиллаштиришда ва Яҳованинг халқига маънавий озуқани тақдим этишда хизмат қилмоқда. Биродар Моррис «Қўриқчи минораси»нинг 1976 йил 15 ноябрь сонидаги (ингл.) шундай руҳлантирувчи сўзларни келтирди: «“Буюк мусибат” бошланганда, биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ваъзгўйлик иши билан банд бўлишимиз керак. Ҳазрати Исо ҳукмни ижро этиш учун келиши ҳамма одамлар, ҳатто Яҳованинг халқи учун кутилмаганда юз беради, чунки ўшанда улар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Яҳованинг иродасини бажариш билан банд бўлишади».

Кимдан қўрқишимиз керак?

Биродар Марк Сандерсон, Исо башорат қилганидек, Аллоҳнинг халқидан «ҳамма халқлар» нафратланишини тушунтириб ўтди. (Матто 24:9) Лекин биродар Сандерсон одамлардан эмас, Яҳовадан қўрқишимиз кераклигини айтди. (Забур 111:10)

Шунингдек, биродарнинг нутқида Россиядаги таъқиб қилинаётган имондошларимиз таъқиблардан қўрқиш ҳиссини қай йўсин енгишаётгани ҳақида таъсирли видео кўрсатилди. Ушбу нутқ ва видео Яҳованинг барча хизматчиларини худди шундай руҳни ривожлантиришга ундади.

Бутунлай ҳушёрмисиз?

Биродар Жеффри Жексон Юнонча ёзувларда том маънода «ҳушёр» маъносини билдирувчи ибора ишлатилган оятларнинг амалий томонини кўрсатди. Шунингдек, у ушбу охирзамонда «ҳар нарсада ҳушёрликни сақлаш»да (том маънода «мукаммал даражада ҳушёр бўлиш») давом этиш муҳимлигига эътибор қаратди. (1 Бутрус 1:13)

Булар учун қайғурасизми?

Биродар Кеннет Кук 2020 йил учун Матто 28:19-оят танланганини эълон қилди. Йиллик оят қуйидаги сўзларни ўз ичига олади: «Шунинг учун боринглар,.. шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар». Қолаверса, биродар Кук Яҳовага ҳаётини бағишлашни ва сувга чўмишни истовчи қалби пок инсонларга кўмаклашиш кераклигини айтиб ўтди.

Йилги мажлис каби маънавий дастурлар бизни Яҳовага тинмай хизмат қилишда жой куйдиришга ундайди.

a Йилги мажлиснинг тўлиқ дастури 2020 йил январь ойида jw.org сайтига қўйилади.