20202 ЙИЛ 16 АПРЕЛЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР
2020 йилги Қутлуғ Кечлик маросими. Африка
Дастур телевидение ва радио орқали узатилди
2020 йили Қутлуғ Кечлик маросими ўтган йилларидан бошқача бўлди. Африканинг турли ҳудудларида маросим дастури илк бор теле ва радиостанциялар орқали бир қанча тилда узатилди.
Бу туфайли Қутлуғ Кечлик дастурини 407 000 дан ошиқ ваъзгўй томоша қилди. Дастурни томоша қилган қизиқувчилар сони эса аниқ эмас. Шунингдек, дастур 150 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган ҳудудда узатилгани боис, уни қанча одам кўргани номаълум.
COVID-19 пандемияси туфайли дунё бўйлаб аксарият одамлар Қутлуғ Кечлик нутқини видеоконференция орқали томоша қилди. Африкадаги кўп ваъзгўйлар эса Интернет ва мобил алоқа хизмати жуда қиммат бўлган ҳудудларда яшагани боис, дастурни интернет орқали томоша қилиш ёки юклаб олиш имконига эга эмас. Шунинг учун Етакчи кенгаш муайян филиаллар хусусий ҳамда давлат теле ва радиостанциялари билан шартнома тузишига рухсат берди. Натижада Қутлуғ Кечлик дастурини узатиш бу филиалларга унча қимматга тушмади.
Қутлуғ Кечликдан олдин 11 та филиалдаги — Ангола, Бенин, Камерун, Кот-д’Ивуар, Конго Демократик Республикаси, Гана, Малави, Мозамбик, Сенегал, Замбия ва Зимбабведаги — биродарлар теле ва радиостанциялар билан боғланишди ҳамда Қутлуғ Кечлик нутқи 16 та мамлакатдаги 36 тадан ошиқ ҳудудда кенг оммага узатилишини келишиб олишди.
Ангола
Ҳаммаси бўлиб олтида радиостанция Қутлуғ Кечлик дастурини олтита тил, яъни ибинда, киконго, кимбунду, ньянека, португал ва мбунду тилларида узатишга рози бўлди. Дастур радио орқали мамлакатнинг аҳоли энг зич жойлашган айрим ҳудудларида эшиттирилди.
Конго Демократик Республикаси
Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган бир қиз, оиласи Яҳованинг Шоҳидларига қарши бўлгани учун, Қутлуғ Кечлик дастурини ёлғиз томоша қилмоқчи эди. Аммо у нутқни томоша қилишга ҳали тайёрланаётганида, отаси меҳмонхонадан: «Ана, бошланди!» — деб уни чақирди. У хонага кирганида бутун оиласи Қутлуғ Кечлик дастурини томоша қилиш учун йиғилиб ўтирганини кўриб ҳайрон қолди. Унинг бутун оиласи, яъни ўн киши дастурдан баҳраманд бўлди.
Луена яқинидаги қишлоқда яшовчи Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган бир киши шундай деди: «Бизнинг пасторларимиз ҳеч нарса қилишмади. Сизлар эса ҳатто COVID-19 пандемияси пайтида ҳам Худога топинишда давом этяпсиз. Биз сизларга қўшиламиз!»
Гана
Давлат телестанцияси Қутлуғ Кечлик дастурини тви тилида намойиш этишга рози бўлди. Бу станция одамларни дастурни кўришга таклиф қилиш учун ҳатто реклама ҳам кўрсатди. Қутлуғ Кечлик дастурини узатишдан ташқари, бу телестанция «Исо нима учун ўлган?» ва «Нега Аллоҳ азоб-уқубатларга йўл қўймоқда?» номли видеоларни ҳамда «Яқиндир янги дунё» ва «Жаннат яқиндир» номли мусиқали видеоларни намойиш этди.
Сенегал
Битта имондошимиз: «Одамлар Яҳова тўғрисида телевидение ва радио орқали билиб олишди. Бу жуда ажойиб! Бу катта барака ва биз бахтиёрмиз. Худойимиз Яҳова билан фахрланамиз!» — деди.
Бошқа имондошимиз эса шундай деб бўлишди: «Қутлуғ Кечлик нутқи телевидение орқали намойиш этилишини эшитганимда, бундай деб ўйладим: “COVID-19 дастидан Кечликка таклиф қилиш кампаниясини амалга ошира олмагандик. Аммо дастур телевидение орқали намойиш этилса, барибир кўп одамлар уни кўриши мумкин”. Мен тезда ўзим тадқиқ ўтадиган одамлар, такрорий ташрифларим ва Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган барча танишларимга телефон қилиб, дастур телевидение орқали узатилишини айтдим. Мен тадқиқ ўтадиган тўққиз киши ва уларнинг оила аъзолари нутқни томоша қилишди. Зигиншорда телевидение орқали дастурни томоша қилган бир қариндошим бу мавзуда кўпроқ суҳбатлашишни сўради ва мен жон деб рози бўлдим».
Бу ўзгача тадбир Яҳова учун «имконсиз нарса йўқ» эканининг яна бир исботи. (Матто 19:26)