2020 ЙИЛ 22 АПРЕЛЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР
2020 йилги Қутлуғ Кечлик маросими. Осиё
Япония ва Жанубий Кореядаги имондошларимиз кексалигига ва заиф соғлигига қарамай Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказишди
COVID-19 пандемияси сабабли, Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказиш айниқса касалхонадаги ва қариялар уйидаги имондошларимиз учун осон кечмади. Чунки, кўп ерларда уларга ўша биноларни тарк этиш ёки бегоналарнинг келиши рухсат этилмади. Бу қийинчиликларга қарамай, азиз имондошларимиз маҳаллий оқсоқолларнинг кўмаги билан йилдаги энг муҳим маросимни ўтказа олишди.
Жанубий Корея
Наджу шаҳрида 91 ёшли Чом Сун Ли ва 88 ёшли Е Сун Квон опаларимиз 96 ёшли қизиқувчи аёл билан Қутлуғ Кечликни бирга ўтказишди. Улар яшаётган қариялар уйидаги битта шифокор Яҳованинг Шоҳиди. У ўз уйида жамоати билан боғланиб маросимни ўтказгач, яна қариялар уйига қайтиб борди ва опаларимизга jw.org сайтидаги дастурни томоша қилишга кўмаклашди. Уларга тимсолларни ҳам олиб келди.
Ийжонбу шаҳрида Че Чхоль Чхве биродар 14 та имондошимиз яшайдиган қариялар уйида ишлайди. Пандемияга қарамай, бу биродар уларга ва қизиқувчи инсонларга маросим видео орқали узатилишига ғамхўрлик қилди. Бундан сўнг баъзи кишилар билан Муқаддас Китоб тадқиқи бошланди.
59 ёшли Те Сун Ким опамиз Чхонанда яшайди. Бу опамиз саратон касаллигига чалингани беш йил олдин маълум бўлди. Қаттиқ оғриқлар туфайли уни яқинда касалхонага жойлаштиришди. У ётган хонада Чон Ми Ким исмли бошқа опамиз ҳам бор эди. У 69 ёшда ва саратонга чалинган. Бу опаларимиз пандемия туфайли касалхонани тарк эта олишмас эди. Лекин маҳаллий оқсоқолларнинг ёрдами туфайли ўз жамоатлари билан видеоконференция орқали Қутлуғ Кечликни қолдиришмади.
Икки опамиз ҳам миннатдорчилигини билдириб, оқсоқолларга хат жўнатишди. Улар қуйидагича ёзишди: «Қутлуғ Кечлик маросимини қолдирмасликка ва COVID-19 пандемияси ҳамда ёмон соғлигимизга қарамай, имондошларимиз билан завқ ила вақт ўтказишга ёрдам берганингиз учун катта раҳмат».
Япония
Миэ префектурасида (Япония) яшайдиган 70 ёшли Миёко Фуживара опамиз касалхонада эди. У ерда Интернет бўлмагани учун, жамоати билан бирга дастурни видео орқали томоша қилиш учун боғлана олмасди. Аммо маҳаллий оқсоқол ва унинг хотини Қутлуғ Кечлик нутқининг ёзувини мобил телефони орқали опамизга юборишди. Шу йўсин, у ўз хонасида маросим ёзувини томоша қила олди.
Дзама шаҳрида (Канагава префектураси) 102 ёшли Юки Такеучи опамиз қариялар уйида истиқомат қилади. Қутлуғ Кечлик маросимидан аввал унинг қизи билан куёви унга нон ва шаробни олиб келишди. Кейин эса опамиз улар билан телефон орқали боғланиб маросимни ўтказа олди.
Куёви, Мимура биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Қайнонам 1954 йили сувга чўмган эди ва ҳеч қачон маросимни қолдирмаган. Гарчи бу йили Қутлуғ Кечлик ўзгача бўлган бўлса ҳам, уни қолдирмаганидан жуда мамнун».
Аминмизки, ушбу азиз имондошларимиз Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказа олиши учун маҳаллий оқсоқолларнинг ёрдами билан қилган ҳаракатлари Тангри Яҳованинг назаридан четда қолмади. (Ибронийларга 6:10)