Асосий материалларга ўтиш

2020 ЙИЛ 21 АПРЕЛЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

2020 йилги Қутлуғ Кечлик маросими. JW.ORG сайти

Сайтимиздан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одам фойдаланмоқда

2020 йилги Қутлуғ Кечлик маросими. JW.ORG сайти

Дунё бўйлаб барча коронавирусдан азоб чекмоқда. Бу пайтда Яҳованинг Шоҳидлари Қутлуғ Кечлик мавсумида кўпроқ ваъз қилиш учун жон куйдириб ҳаракат қилди. Натижада Муқаддас Китоб асосида тасалли излаш ва юз бераётган воқеалардан хабардор бўлиш учун кўпроқ одам сайтимиздан фойдаланмоқда. Март ойида сайтимизга кирганларнинг сони олдинги ойга қараганда 50 фоизга ошди ва ҳар қачонгидан кўпроқ одам Муқаддас Китоб тадқиқини сўради.

Пандемия бошланганидан бери сайтимизга кираётганларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Февраль ойида сайтимизга ҳар куни тахминан икки миллион одам кирган ва бу одатий кўрсаткич. Март ойида сайтимизга кунда кирганларнинг сони уч миллиондан ошди. Коронавирус билан боғлиқ махсус янгиликлар чиққан кунлари эса бу сон тўрт ярим миллиондан зиёд бўлди. 2020 йил 7 апрель куни сайтимизга етти миллиондан ошиқ одам кирди ва уларнинг аксарияти махсус эрталабки топиниш дастурини ҳамда Қутлуғ Кечлик нутқини томоша қилди.

Пандемия пайтида сайтимизга кирганлар сони ниҳоятда ўсди; Қутлуғ Кечлик маросими куни энг юқори кўрсаткич етти миллиондан ошди

Яҳова Шоҳидларининг Уорвикда (Нью-Йорк) жойлашган бош идорасидаги MEPS дастурлаш бўлимининг нозири Мартин Клайв қуйидагича деди: «Йилнинг бу пайтида кўп одам Қутлуғ Кечлик маросими қаерда ва қачон ўтказилишини билиш учун сайтимизга киради. Бу йили кўп қизиқувчилар маҳаллий жамоатлар билан бирга йиғила олмас эди, шунинг учун 2020 йилги махсус нутқни ва Қутлуғ Кечлик нутқини 500 дан ошиқ тилда сайтимизга жойлаштирдик. Мазкур нутқларни миллионлаб одам ё томоша қилди, ё юклаб олди. Ушбу пандемия пайтида сайтимизга шунча кўп одам кираётгани jw.org сайти нафақат Яҳованинг Шоҳидлари, балки бошқалар ҳам Муқаддас Китоб асосида йўл-йўриқ ва тасалли олишида муҳим ўрин эгаллашини кўрсатмоқда».

Сайтимиздан махсус нутқни (тўқ сариқ) ва Қутлуғ Кечлик нутқини (ҳаво ранг) юклаб олганлар сони

Сайтимизга кираётганларнинг кўпи соғлик, касалликдан сақланиш, жумладан, стресс ва ташвишланиш борасида маълумот излаётгани ажабланарли эмас. Шунингдек, анчагина одам охирзамон аломати ҳамда Ваҳий китобининг 6-бобидаги тўртта чавандоз борасида Муқаддас Китоб асосида кўпроқ маълумот излаяпти.

Эътиборлиси шуки, онлайн Муқаддас Китоб тадқиқларини сўраганларнинг сони ҳам ўсди. Одатда бу сон кунига тахминан 250 та бўларди. Март ойи давомида бу сон 40 фоизга ошиб, кунига тахминан 350 тани, ойига эса деярли 11 000 та сўровни ташкил қилди. Қутлуғ Кечлик ва унинг эртаси куни 1000 дан ошиқ одам jw.org сайтига кириб, Муқаддас Китоб тадқиқини сўради.

Исо: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— деб айтган эди. (Матто 5:3) Ушбу оғир пайтларда шунча кўп одам тасалли ва маънавий ёрдам излаб Яҳова ҳамда Унинг ташкилотига мурожаат қилаётганини кўришдан хурсандмиз. (2 Коринфликларга 1:3, 4)