Асосий материалларга ўтиш

2019 ЙИЛ 11 ОКТЯБРЬ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

JW Интернет-телевидениесига беш йил бўлди!

JW Интернет-телевидениесига беш йил бўлди!

Охирги беш йил давомида умумжаҳон биродарлигимиз JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатувдан баҳраманд бўлиб келмоқда. 2020 хизмат йили ва ундан кейинги йиллар учун мўлжалланган JW Интернет-телевидениесидаги кўрсатувларни интиқиб кутар эканмиз, 2014 йили октябрда илк бор шундай кўрсатув чиққанидан бошлаб эришилган ажойиб ютуқларнинг айримларини кўриб чиқайлик.

185 та тилга таржима қилинган. Дастлаб JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатув фақат инглиз тилида чиқарди. Кейинчалик 2015 йили май ойида Етакчи кенгаш ушбу кўрсатув қўшимча 40 дан зиёд тилларга таржима қилинишига рухсат берганди. Энди эса, атиги тўрт йил ўтгач, ушбу кўрсатув ўртача ҳисобда 185 та тилга таржима қилиняпти.

Бутун дунёдан жамланган. JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатув умумжаҳон биродарликка мўлжаллангани учун, бора-бора кўпроқ видеолар бутун дунё бўйлаб фаолият юритаётган видео гуруҳлари томонидан тайёрланмоқда. Одатда ойлик кўрсатув олис жойлардаги, жумладан, Эфиопия, Исландия, Монголия, Сайпан ороли, Тувалу ва Уганданинг чекка ҳудудларидаги жамоатлар ҳақида қисқача маълумот берувчи видеолавҳа билан тугайди. JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатув 230 та мамлакатда, жумладан, субантарктика минтақасида жойлашган доимий аҳолиси йўқ Херд ва Макдональд оролларида ҳам томоша қилинади. Янги кўрсатув чиққанидан кейин уни кўрганлар ёки юклаб олганларнинг ўртача ойлик кўрсаткичи тахминан 8,6 миллионни ташкил этади.

Видеолар хилма-хиллиги. Беш йил ичида чиққан ойлик кўрсатувлар умумий ҳисобда 60 соатдан зиёд вақтни қамраб олган. Ушбу кўрсатувлар нутқларни, интервьюларни, ҳаётий воқеаларни, янгиликларни ва саҳналаштирилган видеоларни ўз ичига олади. «The Best Life Ever» номли инглиз тилидаги илк таронанинг чиқиши билан мусиқали видеолар ойлик кўрсатувнинг ажралмас қисмига айланган. Ушбу тароналар 368 та тилга таржима қилинмоқда.

Олиб борувчилар. Даставвал ҳар бир кўрсатувни фақат Етакчи кенгаш аъзолари олиб боришарди. Кейинчалик кўрсатувни олиб боришда Етакчи кенгаш қўмиталарининг ёрдамчилари кўмаклашиб, баъзида кўрсатувга бошловчилик қилишди. Умумий ҳисобда ойлик кўрсатувларни олиб боришда ёки бунда ёрдам беришда 29 та ҳар хил биродар қатнашган.

Миннатдорчилик изҳорлари. Инсульт бўлиб, унинг ножўя оқибатлари билан курашиб келаётган Қўшма Штатлардаги бир биродаримиз тароналар учун миннатдорлигини билдириб, қуйидагича деди: «Маънавий мавзулардаги ажойиб мусиқалар ҳаётимга янгича қарашга ва ушбу синовга дош беришимга ёрдамлашди. Бу мусиқалар масиҳийларга хос фазилатларни ривожлантиришимга қанчалик кўп ёрдам берганидан лол қолдим. Шу совға учун каттадан-катта раҳмат!»

Саратон дастидан ёш ўғлини йўқотган Қўшма Штатлардаги бир оила 2016 йил ноябрда чиққан ойлик кўрсатувни томоша қилгандан кейин шундай сўзларни айтишди: «“Жаннат яқиндир” номли мусиқали видеони кўриб, йиғлаб юбордик. Биз ўзимизни видеодаги жаннатда тасвирланган ота-онадай ҳис қилдик. Ҳиссий оғриққа бошқа чидай олмайман, деб ўйлаганимда, Яҳова доимо бизни тушунаётганига ва бу азобни енгишга кўмаклашишига ишонтиради. Ушбу видео Яҳовага чин қалбдан қилган кўплаб ибодатларимизга жавоб бўлди».

Украинадаги бир жуфтлик ойлик кўрсатувлар учун миннатдорчилигини қуйидагича билдирди: «JW Интернет-телевидениеси туфайли Етакчи кенгаш аъзолари оиламизнинг аъзоларидек бўлиб қолишди!»

Яҳова шундай ойлик кўрсатувлар орқали бутун дунёдаги хизматчиларини бирлаштираётганидан ниҳоятда миннатдормиз! (1 Бутрус 2:17)