Асосий материалларга ўтиш

2023 ЙИЛ 21 МАРТ
ДУНЁ БЎЙЛАБ ЯНГИЛИКЛАР

JW.ORG веб-сайти билан ўтган ўн йил. 3-қисм

Ваъзгўйлик хизмати учун ёрдам

JW.ORG веб-сайти билан ўтган ўн йил. 3-қисм

Ушбу туркумдаги олдинги мақолаларда адабиётларимизнинг электрон шаклини ва видеоларни чиқаришда ҳамда умумжаҳон биродарлигимиз борасида аниқ маълумотни етказишда jw.org веб-сайтидан қай йўсин фойдаланиб келаётганимиз тўғрисида ёритилган эди. Мазкур туркумга оид охирги мақолада jw.org веб-сайтидан халқаро ваъзгўйлик фаолиятида қандай фойдаланаётганимиз ҳақида билиб оламиз.

Тиллар. 2012 йили веб-сайтимизнинг янгиланган шакли чиққанида, унинг бош саҳифаси 139 та тилда мавжуд эди. 2014 йил августга, яъни веб-сайтимизни эълон қилиш бўйича кампания ўтказилган йилга келиб бу сон 500 дан ошди. Шуниси эътиборга лойиқки, бу сон қаторига 22 та имо-ишора тили ҳам кирган. Бугунги кунда эса веб-сайтимиздаги маълумот 1070 дан зиёд тилда, жумладан, 100 дан ошиқ имо-ишора тилида мавжуд.

Ўз вақтида чиқадиган мақолалар. 2019 йили октябрда jw.org веб-сайтининг бош саҳифасига ўзгариш киритилди. Энди бош саҳифада эътиборни жалб қиладиган расм ва асосий мақола ҳамда унинг тагида учта бошқа мақола келтириладиган бўлди. Бундай янгиланиш сайтимиздаги хизмат билан боғлиқ маълумотни яхшироқ ёритади. Кейинчалик Муҳарририят бўлими ва Бадиий безак бўлими веб-сайтимизнинг бош саҳифасида доим дунёдаги сўнгги воқеалар ёритилган мақолалар бўлиши учун асосий мақола ва расмларни тезроқ яратишнинг йўлини топди. Масалан, бош саҳифада дунё бўйлаб тарқалган COVID-19, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги уруш ва бунинг оқибатида юзага келган қочоқлар инқирози тўғрисида мақолалар чиққан.

Одамларга биз ҳақимизда маълумот топишга ёрдам берадиган веб-сайт. Веб-сайтимизда одамлар ташкилотимиз ва фаолиятимиз ҳақида аниқ маълумотга эга бўла олади. Қолаверса, улар кўпроқ билишни исташса, сайтимизда Яҳованинг Шоҳидлари билан қандай боғланишлари мумкинлиги кўрсатилган. Мисол учун, қулоғи эшитмайдиган бир аёл ўрта синфларда ўқиганида, Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган. Аммо кўчиб кетганида, улар билан алоқани йўқотиб қўйган. У яна тадқиқ ўтишни истаган, аммо Яҳованинг Шоҳидлари уникига ҳали келмаганди. У jw.org веб-сайтимизни эслаган ва уникига ташриф буюришларини сўраб онлайн илтимос қолдирган. Атиги бир неча кун ичида иккита махсус кашшоф уникига келган. У нафақат тадқиқни қайта бошлади, балки йиғилишларга ҳам қатнайдиган бўлди. Ҳозир у сувга чўмган ва учта фарзандига Яҳова тўғрисида ўргатяпти. У шундай деди: «Веб-сайтимиз учун Яҳовадан миннатдорман. Агар меникига ташриф буюришларини онлайн тарзда сўрамаганимда, Яҳованинг Шоҳидларини тасодифан учратадиган вақтгача кутишимга тўғри келарди».

Ваъзгўйлик фаолияти борган сайин кенг қулоч ёзар экан, хизматдаги ўсишни қўллаб-қувватлаш учун Яҳованинг ташкилоти самарали асбобларни тақдим этишда давом этади. (Ишаё 60:22)