Асосий материалларга ўтиш

(Чапда) Бир оила жамоатидаги имондошларга далда берадиган сўзлар ва оятлар ёзилган қоғозларни кўрсатяпти. (Тепада ўнгда) Бир кашшоф видеоконференция орқали Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпти. (Пастда ўнгда) Бир оила видеоконференция учун иловадан фойдаланиб жамоат учрашувида қатнашяпти

2020 ЙИЛ 9 АПРЕЛЬ
ИТАЛИЯ

Италиядаги имондошларимиз пандемияга қарамай маънан мустаҳкам қолмоқда

Италиядаги имондошларимиз пандемияга қарамай маънан мустаҳкам қолмоқда

Италия COVID-19 пандемиясидан энг кўп азият чекаётган мамлакатлардан бири. Етакчи кенгашнинг бошчилиги остида Италиядаги филиал биродару опа-сингилларимизга амалий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда.

Учта табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси Италиянинг шимоли, маркази ҳамда жанубидаги имондошларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилмоқда. Маҳаллий оқсоқоллар туман нозирларига жамоатлардаги ваъзгўйларнинг эҳтиёжлари ҳақида мунтазам равишда хабар бермоқда. Туман нозирлари эса маълумотларни табиий офатларда ёрдам бериш қўмитасидаги биродарларга етказмоқда.

Амалий ёрдам кўрсатишдан ташқари, маҳаллий оқсоқоллар имондошларимизга ваъзгўйлик иши ва жамоат учрашувларида қатнашишга кўмаклашяпти. Милан касаллик тарқалган илк шаҳарлардан бири. Виллиам Боселли исмли биродаримиз Милан яқинидаги ҳудудда туман нозири бўлиб хизмат қилади. У шундай деб бўлишди: «Биродару опа-сингилларимиз уйларидан чиқа олмаётган бўлишса-да, ўзаро мулоқотни канда қилишмаяпти. Улар йиғилишларни видеоконференция орқали ўтказаётганига қарамай, шарҳлар беришяпти ва бир-бирини мустаҳкамлашяпти. Ҳатто қария имондошларимиз ҳам видеоконференция орқали ўтаётган йиғилишлардан фойда оляпти. Назаримда, ҳозир жамоатлар аввалгидан ҳам якдилроқ!»

Қолаверса, имондошларимизнинг Яҳова Шоҳиди бўлмаган кўпгина қариндошлари улар билан бирга йиғилишларимизни томоша қиляпти. Битта имондошимиз шундай деди: «Эрим йиғилишларга боришни ҳеч хоҳламасди, энди йиғилишларнинг ўзи унинг ёнига келди. Буни қарангки, йиғилишлар унга ёқяпти!»

Биродару опа-сингилларимиз ҳар қандай вазиятдан фойдаланиб шоҳидлик беришяпти. Масалан, бир имондошимиз машинасида қария опамизга ногиронлар аравачасини олиб бориб бериш учун кетаётганди. Йўлда уни назорат пунктидаги учта полициячи тўхтатди. Имондошимиз қария аёлга ёрдам бериш учун кетаётганини тушунтирди ва машинада ҳаракатланиш учун рухсатномасини кўрсатди. Имондошимиз уларнинг ҳар бирига «Келажак борасида қандай фикрдасиз?» ва «Азобларнинг охири борми?» номли букламаларни таклиф қилди. Полициячилар букламаларни олишди. Имондошимиз аравачани ташлаб қайтаётганида, полициячилар уни яна тўхтатишди. Бу сафар улар миннатдорчилик билдириб, Муқаддас Китобда ёзилган умид ҳақида кўпроқ маълумот олишни исташди. Улар ҳатто яна иккита полициячини суҳбатга қўшилиши учун чақиришди. Имондошимиз жон деб уларга jw.org сайтини кўрсатди. Полициячилардан бири имондошимизга: «Раҳмат, хоним, бизни бугун жуда хурсанд қилдингиз!» — деди.

Боселли биродаримиз шундай деди: «Масъулиятларимдан бири бошқаларга далда бериш бўлса-да, имондошларим маънан мустаҳкам қолаётгани ва олға интилиш қарори қатъий эканини кўриб ўзим далда оляпман. Улар Яҳовани қанчалик қаттиқ севишини кузатганимда, кўз ёшларимни тийиб тура олмайман. Биродару опа-сингилларимиз Яҳованинг ажойиб совғаси ва биз уларга муҳтожмиз!»

Шуниси аниқки, оғир шароитларга қарамай, имондошларимиз маънан мустаҳкам қоляпти ва уларнинг имони «ушбу қайғулар дастидан» тебранмаяпти. (1 Салоникаликларга 3:2, 3)