Асосий материалларга ўтиш

2020 ЙИЛ 29 МАЙ
МАЛАВИ

Малавида миллионлаб одамлар жамоат йиғилишларида қатнашяпти

Малавида миллионлаб одамлар жамоат йиғилишларида қатнашяпти

Малавидаги Филиал қўмитаси жамоат йиғилишларининг дастурлари маҳаллий телевидение ва радио орқали тақдим этилишини ташкиллаштирди. Малавида 100 000 дан зиёд Яҳованинг Шоҳиди бор. Бироқ дастурларни телевидениедан кўрадиган ва радиодан тинглайдиган Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кўпдан-кўп инсонлар ҳам бор. У ердаги теле-радио компанияларда ишлайдиганларнинг айтишича, дам олиш кунлари бу дастурларни икки миллион киши телевидение орқали кўради, саккиз миллион киши эса радио орқали тинглайди.

Бошқа кўп мамлакатларда бўлгани каби Малавидаги биродарларимиз ҳам COVID-19 пандемияси дастидан Йиғилиш залларида учрашувлар ўтказишмаяпти. Жамоатлардаги деярли ҳамма ваъзгўйлар телевизор ёки радиога эга. Шу йўсин, ҳатто Интернетга эга бўлмаган ва видео орқали улана олмайдиган имондошларимиз ҳам жамоат йиғилишлари дастурларидан фойда олишмоқда.

Дастурлар мамлакатдаги асосий тилда, чичева тилида эшиттирилади. Телевидение орқали тақдим этиладиган дастур эса малави имо-ишора тилида кўрсатилади. Шунингдек, оммавий йиғилишдан ташқари видеоларимиз ёки Муқаддас Китобнинг бадиий қироати ҳам қўйиб берилади. Дастурнинг охирида томошабин ва тингловчилар jw.org сайтига кириб, бошқа тилларда қўшимча маълумот олишга чорланади.

Бу дастурлар туфайли Яҳованинг Шоҳидлари ҳақидаги ҳар хил нотўғри маълумотлар бартараф этилмоқда. Битта киши шундай деб ёзди: «Охирги бир неча ҳафта радио орқали маърузаларингизни эшитиб келяпман. Улар орқали сизлар ҳақингизда одамлар тарқатган ёлғонлар фош бўляпти. Маърузаларингиз бошқа динларникидан жуда фарқ қилади. Улар қалбга таъсир қиляпти!» Бу киши ва оила аъзолари Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади.

Малавидаги филиалда оммага маълумот тақдим этиш бўлимида хизмат қиладиган Аугустине Семо шундай деди: «Теле-радио дастурлари биродарларимиз мунтазам равишда маънан озиқланиб туриши учун зўр ёрдам бўляпти. Қолаверса, Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган кўпгина одамларга ҳам Муқаддас Китоб асосидаги таълимотларни билиб олишга ҳисса қўшяпти. Малавида вазият ўзгарганда, Йиғилиш залларимизга кўпгина янги инсонлар келишига умид қиламиз».

Шундай мушкул пайтда Малавидаги имондошларимиз ва бошқалар маънан озиқланишга имкони борлигидан жуда хурсандмиз. Бу ишончли хизматкорга бўлган миннатдорчилигимизни кучайтирмоқда, чунки у барчага маънавий ризқ-рўз берилишига ишонтирмоқда. (Матто 24:45)