2018 ЙИЛ, 17 ДЕКАБРЬ
ОЗАРБАЙЖОН
Озарбайжонда ҳарбий хизматдан бош тортиш масаласи бўйича Олий судга мурожаат қилиш
2018 йили 31 октябрда Озарбайжоннинг Ганжа апелляцион суди 19 ёшли биродар Ваҳид Абилов ҳарбий хизматдан бош тортгани учун унга нисбатан чиқарилган қуйи суднинг қарорини қўллаб-қувватлади. Ваҳид қамоқ жазосига тортилмаган бўлса-да, унга нисбатан бир йиллик шартли жазо тайинланиб, муайян чекловлар ўрнатилди. Масалан, у шартли жазога тортилганларни назорат қиладиган ходим рўйхатидан ҳар ҳафта ўтиши кутилади ва Озарбайжонни тарк эта олмайди. Ҳозирда Ваҳид Озарбайжон суд тизимида адолат излаб, охирги имкониятидан фойдаланган ҳолда Олий судга мурожаат қилмоқчи.
Биродаримиз учун бетарафлик масаласидаги қийинчилик 2017 йил май ойида бошланган. У 18 га кирганидан кўп ўтмай, Ағдам туманидаги ҳарбий хизмат ва сафарбарлик бўлинмасига бориши талаб қилинган. У ерга Ваҳид ҳарбий хизматни ўтай олмаслиги тушунтирилган ёзма таъкидлов билан борди. У қуйидагича ёзган: «Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним туфайли ҳарбий хизматга бора олмайман. Мен фуқаролик мажбуриятларимни бажаришдан қочмоқчи эмасман, бу тўғрисида ҳатто ўйламадим ҳам. Ҳурмат ила шуни сўрамоқчи эдимки, ҳарбий хизмат ўрнига муқобил хизматни тайинласангиз». Ҳукумат аъзолари унинг илтимосига қаршилик кўрсатиб, 2018 йил 9 июлда уни ҳарбий хизматдан қочишда айблашди.
Мазкур масала Ганжа апелляцион судида кўриб чиқилаётганда, биродар Ваҳид ҳарбий хизматда қатнашмаслигининг сабабларини батафсил ёритиб берди. У суд аъзоларига Ишаё 2:4 ни ўқиб берди ва Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилиб, «ҳатто жанг қилишга ўрганмаслигим» керак деган хулосага келганини тушунтирди. Бунга қарамай, суд уни айбдор деб топди. Умид қиламизки, Олий суд унинг илтимосини ҳурмат қилади.
Озарбайжон 2001 йили Европа Кенгаши аъзоси бўлганида, муқобил хизматга йўл очадиган қонунлар яратишга розилик билдирган эди. Аммо ҳукумат буни ҳали ҳам амалга оширмади. Натижада, биродарларимиз ҳарбий хизматдан бош тортгани ва бу қарорини ҳимоя қилгани учун мунтазам тарзда қийинчиликларга дуч келади. Шунингдек, 2018 йили Озарбайжон туман суди биродаримиз Эмиль Меҳдиевни ҳам ҳарбий хизматдан бош тортганликда айбдор деб топди ва унга нисбатан бир йиллик шартли жазо тайинлади. У ҳам Олий судга мурожаат қилиб, унинг масаласини кўриб чиқишни сўради. Қолаверса, Озарбайжонда ҳарбий хизматдан бош тортган тўртта биродаримизнинг иши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилишини кутяпмиз. Бундай қийинчиликларга қарамай, биродарларимиз бетараф қолиш учун Яҳовага таянишда давом этмоқда. (Юҳанно 15:19)