2018 ЙИЛ 29 НОЯБРЬ
РОССИЯ
Деннис Кристенсенни халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари қўллаб-қувватламоқда
Деннис Кристенсен эътиқоди туфайли 525 кундан кўпроқ вақт давомида қамоқда ўтирибди. Бу вақт мобайнида у тахминан 50 маротаба суд олдида турган. Орёл шаҳридаги Железнодорожный туман судида бу иш декабрнинг ўртасигача кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда. Биродаримиз қамоқда бир ярим йил давомида умуман таслим бўлмаяпти. Бу, у учун бутун дунё бўйлаб ибодат қилаётган миллионлаб имондошларимизнинг дуоларини Яҳова эшитаётганидан далолат.
Деннис акамиз Россия ва бошқа мамлакатлардан севги ва далда бахш этувчи юзлаб откритка ва расмлар олмоқда. 30 октябрда бўлиб ўтган судда биродаримиз уни қўллаб-қувватлаш учун келганларга ойна орқали бир нечта хат ва расмларни кўрсатди.
Денниснинг ишига умумжаҳон биродарлигимиз ва ҳуқуқ ҳимоячилари жуда кўп эътибор қаратмоқда. 2017 йили 21 июлда Москвадаги «Мемориал» номли ҳуқуқ ҳимоячиларининг маркази томонидан Деннис «сиёсий маҳбус» деб тан олинди. 2018 йили 20 июнда фуқаролар жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Россия президенти ихтиёридаги кенгаш Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Яҳованинг Шоҳидларини таъқиб қилиш қанчалик қонунга мувофиқ эканини текширишни айтган. 2018 йили 26 сентябрда халқаро диний эркинлик бўйича Қўшма Штатлардаги комиссия томонидан Деннис Кристенсен «дин туфайли виждон тутқуни» деб тан олинди.
Очиқ судда Яҳова Шоҳидларининг юридик шахслари фаолияти ман этилиши кўриб чиқилаётганда, Россия ҳукумати бу алоҳида шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди деган кафиллик берган. Аммо ҳукумат ва полиция ходимлари ҳаракатларидан бу кафилликка риоя этилмаётганини кўряпмиз. Экстремизмга оид қонунларга ишора қилинган ҳолда ходимлар томонидан Деннис Кристенсен ва бошқа кўпгина имондошларимиз ҳибсга олинди. Бу йили бутун Россия бўйлаб тезкор тадбирлар ўтказиш ва ҳибсга олиш ҳаракатлари авж олди. Ҳозирда 25 та биродару опа-сингилларимиз қамоқда, 18 таси уй қамоғида ва 40 дан ошиқ имондошимизнинг эркинлиги турлича чекланган. Кристенсен биродаримизнинг иши қандай якун топиши, Россиянинг деярли 30 та туманидаги 90 дан зиёд Яҳованинг Шоҳидларига қарши қўзғатилган жиноий ишларига ҳам таъсир қилади.
Умумжаҳон биродарлигимиз Тангри Яҳовага ибодат қилиб, эътиқоди туфайли устидан жиноий ишлар қўзғатилган биродару опа-сингилларимиз маҳкам ва жасур бўлишини сўрашда давом этмоқда. Ҳа, Худо «танланганлари учун адолатни ўрнатадиган» вақтни интиқиб кутяпмиз. (Луқо 18:7)