2018 ЙИЛ 23 НОЯБРЬ
РОССИЯ
Россияда имондошларимиз ҳибсга олиниб, қамоққа ташланмоқда
2018 йил октябрь ойи мобайнида Россиянинг ғарбидаги полиция ходимлари 30 дан ошиқ хонадонда рейд ўтказди. Олтита биродаримиз ва иккита опамиз давлат ходимларининг назарида экстремистик фаолият билан шуғулланишда айбланиб қамоққа ташланди. Натижада 25 та биродару опа-синглимиз ноҳақ қамоқда ўтирибди ва 18 та имондошимиз уй қамоғида.
7 октябрь, Сычёвка, Смоленск ҳудуди. Маҳаллий полиция ва ниқоб кийган махсус кучлар тўртта уйда тинтув ўтказиб, 43 ёшли Наталия Сорокина ва 41 ёшли Мария Трошина исмли иккита имондошимизни ҳибсга олди. Икки кун ўтгач эса, Ленинский номли туман суди уларга 2018 йил 19 ноябрь ойигача қамоқ жазосини тайинлади. Сўнг 2018 йил 16 ноябрда Ленинский номли туман суди бу имондошларимизга қўшимча уч ой, яъни 2019 йил 19 февралгача давом этадиган қамоқ жазосини тайинлади.
9 октябрь, Киров, Киров тумани. Камида 19 та уйда рейд ўтказилди. Бешта оқсоқол ҳибсга олинди ва уларга қамоқ жазоси белгиланди. Биродарлардан тўрттаси (Максим Халтурин, Владимир Коробейников, Андрей Суворков, Евгений Суворков) рус миллатига мансуб ва биттаси, Андрей Онищук Польша фуқароси. Биродар Онищук Россияда эътиқоди учун ноҳақ ҳибсга олинган даниялик Деннис Кристенсендан кейинги иккинчи хориж фуқароси.
18 октябрь, Дюртюли, Башкортостан Республикаси. Полиция ходимлари камида 11 та уйда рейд ўтказиб, пул, банк карточкалари, шахсий хатлар, компьютер, сим-карта ва уяли телефонларни тортиб олди. Антон Лемешев исмли оқсоқол ҳибсга олинди ва икки ойга қамоққа ташланди. 2018 йили 31 октябрда эса у озод қилинди ва унга уй қамоғи тайинланди. Антон Лемешев ҳозиргача уй қамоғида.
Имондошларимизнинг уйларида охири йўқ рейдлар ўтказилишига ва ноқонуний тарзда нарсалари олиб қўйилишига қарамай, маҳаллий биродару опа-сингилларимиз қамоқда бўлганлар учун ибодат қилишдан ва имкон бўлганида уларга ҳамда уларнинг оилаларига амалий ёрдам кўрсатишдан тўхтамаяпти. Дунё бўйлаб имондошларимиз бу вазият ечим топмагунча, Россиядаги садоқатли биродару опа-сингилларимиз учун, ҳатто баъзиларининг исмини тилга олиб, Яҳовага илтижолар қилишда давом этади. (Эфесликларга 6:18)