Асосий материалларга ўтиш

Шамиль Ҳакимов биродаримиз қамоқхонадан чиқаётганида биродару опа-сингилларимиз томонидан кутиб олинди

2023 ЙИЛ 16 МАЙ
ТОЖИКИСТОН

Етмиш икки ёшли биродаримиз Шамиль Ҳакимов Тожикистонда қамоқдан озод этилди

Етмиш икки ёшли биродаримиз Шамиль Ҳакимов Тожикистонда қамоқдан озод этилди

2023 йил 16 май куни биродаримиз Шамиль Ҳакимов Тожикистонда қамоқдан озод этилди. У тўрт йилдан ошиқроқ вақт давомида эътиқоди учун қамоқда ўтиргач уйига қайтди.

2019 йил қамоққа олинишидан олдин Шамиль биродаримизда юқори қон босими, юрак касаллиги ва бошқа хасталиклари бор эди. Соғлиғи билан муаммолар бўлишига қарамай, Шамиль биродаримиз қамоқда керакли тиббий муолажаларни ололмади. Оқибатда у ерда унинг аҳволи ёмонлашиб, ҳатто оёғи ва товонида гангрена пайдо бўлди.

Қамоқхондаги қийинчиликлар ва жисмоний оғриқларга қарамай, Шамиль биродаримиз диққатини Худо Каломидаги муайян оятларга қаратиб, ижобий кайфиятни сақлаб қолди.

Шамильни қамоқхона ташқарисида «Шамиль, биз сизни яхши кўрамиз!» деган ёзув билан дўстлари кутиб олишди

У ўз ибодатларида кўпинча Забур 141:8 даги сўзларни тилга олар эди: «Сенга кўз тикаман, эй, Олий Ҳукмдор Яҳова. Сенда паноҳ топганман». Бундан ташқари, биродаримиз Ишаё 49:13, 16 даги азоб чекаётган хизматчиларининг исми Яҳованинг кафтига ўйиб ёзилгани ҳақидаги сўзларни ўқиб кўп тасалли топган. Бу сўзлар Шамиль биродаримизни қамоқда бўлса ҳам Яҳова уни унутмаслигига ишонтирди.

Яҳованинг Каломидан топган тасаллисидан миннатдор бўлиб, Шамиль биродаримиз қувончини сақлаб қолмоқда ва ҳатто бошқаларга далда бермоқда. Биродаримиз қамоқда бўлганида у билан мунтазам мулоқот қилиб турганлар шундай деб айтишди: «Биринчи марта унга қўнғироқ қилганимда, мен тушкун аҳволда бўлган кишининг овозини эшитаман деб ўйлаганман. Лекин унинг имони жуда кучли экан. У ҳар қандай вазиятда ҳам ижобий кайфиятда бўлиб, кўпинча бизга далда берарди».

Еремиёнинг марсияси 3:25 да шундай дейилган: «Яҳова Унга умид боғлаганга, Уни излайдиган инсонга яхшилик қилади». Яҳова Шамиль биродаримизга ва Тожикистондаги қувонч билан бардош қилаётган барча имондошларимизга «яхшилик» қилишда давом этишига тўлиқ ишониб ибодат қиламиз.