Асосий материалларга ўтиш

Қурилишда иштирок этувчи ихтиёрий хизматчилар хавфсиз бўлган жойларда уйларни таъмирлашмоқда

2022 йил 29 ДЕКАБРЬ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 15 | Украинада давом этаётган инқироз шароитида биродарлик севгиси намоён бўлмоқда

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 15 | Украинада давом этаётган инқироз шароитида биродарлик севгиси намоён бўлмоқда

2022 йил февраль ойида Украинада бошланган уруш дастидан Яҳова Шоҳидларининг 3000 га яқин уй–жойи зарар кўрган ёки вайрон бўлган. Август ойида Табиий офатларда ёрдам бериш бўлими (ТОЁБ) ҳамда Маҳаллий лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимининг бошчилиги остида Украинадаги биродарлар хавфсиз бўлган жойларда зарар кўрган уйларни таъмирлай бошлади. Бу бузилган томларни ва ойналарни алмаштириш ҳамда бошқа кичик таъмирлаш ишларини ўз ичига олди. Уй бутунлай бузилган бўлса, гараж ёки омборхона ихчам уйга айлантирилди. Бугунги кунга келиб 37 та қурилиш лойиҳаси битказилди, яна 48 таси устида иш олиб борилмоқда.

Бундай нотинч даврда қурилиш ишларини олиб бориш осон эмас. Аммо биродарлар ёрдам беришдан тўхташгани йўқ. Киев вилоятининг Великая Димерка деган шаҳарчасидан бўлган 70 яшар опамиз Свитлана шундай деб айтди: «Уйимнинг томи ва фасадини таъмирлаш учун пулим йўқ эди. Бу Яҳованинг менга қилган катта совғаси бўлди. Биродарларим келиб уч кун ичидаёқ ҳаммасини битириб беришди».

Киев вилоятидан бўлган опамиз Надя Хоренканинг айтишича, кўрсатилган ёрдам унга хизмат қилиш имконини берди. У шундай деб бўлишди: «Таъмирлаш иши туфайли ҳаммага кенг шоҳидлик бердик. Мен танимаган инсонлар Яҳованинг Шоҳидлари ўртасида самимий севги борлиги ҳақида гапиришяпти. Имондошларим менга ёрдам берганига уларнинг ишонгиси келмаяпти».

Ҳатто ўз уйини йўқотганлар ҳам ёрдамга келишди. Евген ва Татъяна билан шундай бўлди. Ушбу жуфтликнинг уйига ракета тушгани учун уларнинг уйи бузилиб кетди. Йўқотган уйлари ҳақида ўйлаб ўтиришнинг ўрнига, улар имондошларига ёрдам бериш учун жон куйдириб меҳнат қилишмоқда. Евген шундай деди: «Ниятимиз доим бошқаларга ёрдам беришдир. Бошқаларга ёрдам бериш бизга ўз муаммоларимизни енгишга кўмаклашади».

Киев вилоятининг Великая Димерка деган шаҳарчасидаги зарар кўрган уйнинг олдинги ва ҳозирги кўриниши

Киев вилоятининг Гостомель деган шаҳарчасида яшовчи Лидия исмли опамизнинг уйини биродарлар тузатиб беришгани уни зарар кўрганларга ихтиёрий равишда ёрдам беришга ундади. У шундай деди: «Икки ҳафта давомида 16 тача биродару опа-сингилларим уйимни тузатиш ишида қатнашди. Ўзимни янги дунёдагидек ҳис қилдим. Энди мен ҳам бошқаларга ёрдам бермоқчиман».

Яқинда Украина филиал қўмитаси аъзоси ёрдам кўрсатилаётган ҳудудларга ташриф буюриб уйини йўқотганларга далда берди. У шундай деди: «Украинадаги имондошлар бир-бирига севги кўрсатиши билан доим ажралиб турган. Бироқ бу уруш бизни бир-биримизга янада яқин қилди. Қадрли имондошларимизга кўрсатилаётган ёрдам уларни хизматда янада кўпроқ иштирок этишга ундаётганини кўриб кўнглимиз кўтариляпти ва 2 Коринфликларга 9:12 да ёзилганидай «Аллоҳга кўпдан-кўп миннатдорчиликлар» айтиляпти.

2022 йил 20 декабрда Украинадан қуйидаги маълумотларни олдик. Ушбу сонлар маҳаллий биродарлар берган маълумотга асосланган. Лекин мамлакатнинг барча ҳудудлари билан алоқага чиқиш қийин бўлгани учун, ҳақиқий рақамлар бундан анча фарқ қилиши мумкин.

Биродару опа–сингилларимизга таъсири

  • 47 нафар ваъзгўй ҳалок бўлган

  • 97 нафар ваъзгўй жароҳатланган

  • 11477 нафар ваъзгўй айни пайтда кўчирилган

  • 590 та уй вайрон бўлган

  • 645 та уйга катта зарар етган

  • 1722 та уйга кичик зарар етган

  • 7 та Йиғилиш зали бузилган

  • 19 та Йиғилиш залига катта зарар етган

  • 68 та Йиғилиш залига кичик зарар етган

Ёрдам

  • Украинада 26 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси (ТОЁҚ) фаолият юритмоқда

  • 54212 кишига хавфсизроқ яшаш жойларини топиш учун ТОЁҚ томонидан бевосита ёрдам кўрсатилди

  • 26892 нафар ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочиб кетди ва у ердаги имондошлар томонидан ёрдам берилди