Асосий материалларга ўтиш

Чап томонда: Киевда вайрон қилинган бино. Ўнг томонда тепада: имондошларимиз ертўлада «JW Library» иловасидаги маълумотларни ўқиб далда оляпти. Ўнг томонда пастда: Украинадан Словакияга қочган бир оила овқатланяпти

2022 ЙИЛ 11 МАРТ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 2 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 2 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

Уруш авж олган ҳудудларда, мисол учун, Мариупольда электр қуввати, иситиш тизими, Интернет ва уяли алоқа йўқ. Кўплаб уйларнинг деразалари синдирилган. Озиқ-овқат ва сув захираси тугаб боряпти. 2 500 дан зиёд имондошимиз Мариуполь шаҳридан чиқиб кета олмаяпти. Буча, Гостомель, Ирпень, Киев, Суми ва Чернигов каби шаҳарларда «йўлаклар» очилгани туфайли баъзи одамлар қоча олди. Бу кўп имондошларимизга хавфсиз жойларга кетиш имконини берди.

36 ёшли оқсоқол ва кашшоф биродаримиз хотини ҳамда ота-онаси билан Гостомельдан қочиб кетди. Шаҳарда уруш бошланганида нималарни бошдан ўтказганини у қуйидагича айтиб берди:

«Уйимизнинг тепасидан вертолётлар учиб ўтарди. Қаерга қараманг ҳарбий машиналар юрарди. Ертўлада ўтирганимизда ҳарбийлар уйимизга бостириб кирди. Улардан бири ертўлага қараб ўқ узди. Яхшиямки бизга шикаст етмади. Ўқ онамнинг сумкасига тегди. Ташқарида бомбалар портлаб, отишмалар бўлаётганида уч-тўрт соатлаб овоз чиқармай, бир жойда ўтирдик. [...] Эртаси куни эрталаб қочаётганимизда бизга яқин жойда отишма бошланди. Йўлларда танклар юрарди. [...] Бу жуда хавфли эди, лекин у ерда қолиш ундан-да хавфли эди.

Бу воқеалар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди. Биз Муқаддас Китобдаги кўпгина принципларга амал қилишни ўргандик. Мисол учун, эртанги кун ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмасликни, борига қаноат қилишни ва энг мушкул вазиятларда Яҳовага таянишни ўргана олдик».

Биламизки, Тангримиз Яҳова Украинадаги имондошларимиз нималарни бошдан ўтказаётганидан хабардор. Худо уларни ҳеч қачон ёрдамсиз ташлаб қўймайди. (2 Бутрус 2:9)

Бир оила ертўлада ўтирибди. Кейин улар янада хавфсизроқ жойга қочишди

2022 йил 10 март кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар:

Имондошларимиз ҳақида маълумот

  • 2 та ваъзгўй вафот этди.

  • 8 та ваъзгўй жароҳатланди.

  • 25 407 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.

  • 25 та уй вайрон бўлди.

  • 59 та уйга жиддий зарар етказилди.

  • 222 та уйга оз-моз зарар етказилди.

  • 7 та Йиғилиш залига зарар етказилди.

Ёрдам ишлари

  • Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.

  • 10 566 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.

  • 9 635 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.