Асосий материалларга ўтиш

Чап томонда: Штутгартда (Германия) имондошларимиз Украинадан бўлган опамизни кутиб олишяпти. Ўнг томонда тепада: Польшадаги биродарлар Украинага зарурий нарсаларни юборяпти. Ўнг томонда пастда: портлаш дастидан вайрон бўлган бинолар

2022 ЙИЛ 16 МАРТ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 3 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 3 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

Минг афсуски, Мариуполь шаҳрида бомбалар портлаган пайтда иккита опамиз ҳалок бўлди. Уруш авжига чиққани учун 2 000 дан зиёд биродару опа-синглимиз бу шаҳардан кета олмаяпти. Сўнгги бир неча кун давомида тахминан 150 та имондошимиз шаҳарни тарк эта олди. Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси Мариупольга зарурий нарсаларни етказмоқчи эди. Аммо улар ва бошқалар гуманитар ёрдамни олиб келишаётганда, ҳужумга учрагани учун ортга қайтишди. Йиғилиш ва Анжуман залининг ҳовлисига бомба тушди. Ўша пайтда тахминан 200 та имондошимиз залнинг ертўласида ўтирганди. Улар жароҳат кўрмади, лекин уларнинг машиналарига зарар етказилди. Бу туфайли уларнинг шаҳардан чиқиб кетиши янада қийинлашди.

Мариупольдан оиласи билан қочиб кета олган оқсоқол (пастда расмда) шундай деди: «Биз уйимизни, ишимизни ва дўстларимиз билан алоқани йўқотдик. Аслида бир кун кетадиган йўлга олти кун кетди. Шаҳардан чиқиб кетаётганимизда, йўл бўйлаб портламаган бомбалардан тутун чиқиб ётганини кўрардик. Йўл-йўлакай имондошларимиз бизга озиқ-овқат бериб, тунаш учун жой топишимизга кўмаклашарди. Отажонимиз Яҳованинг ғамхўрлигини ҳис қилардик. [...] Бу бизни Яҳовага тўлақонли таянишга ундади».

Чап томонда: Мариупольдан кета олган жуфтлик. Ўнг томонда: улар саккиз кун давомида яшаган ертўладаги кичик хона

Украинадан қочган Яҳованинг Шоҳидлари Европанинг бир нечта мамлакатида қўним топди. Масалан, битта жамоат хизматкори хотини ва учта ўғли билан (7, 11 ва 16 ёш) Португалиядаги Яҳованинг Шоҳидлари бўлган қариндошлариникига кетишди. Улар чегарада 11 соат кутиб туришди. Манзилга етиб бориш учун эса тўрт кун ичида 4 000 дан зиёд километр йўл босиб ўтишди. Улар у ерга айни жамоат йиғилиши бошланишидан олдин етиб келишди. Гарчи улар португал тилини билмаса-да, Яҳовага топиниб, учрашувда ўтиришди. Ўша жамоатдагилар бу оила қийин вазиятига қарамай, бахтиёр эканини кўриб роса таъсирланди.

Украинадан Португалияга эсон-омон етиб келган оила йиғилишдан кейин расмга тушган. Улар тўрт кун ичида 4 000 дан зиёд километр йўл босиб келишган

Германияга оиласи билан қочиб кетган бир опамиз шундай бўлишди: «Муқаддас Китобни ўқиш, ижобий нарсалар ва ажойиб умидимиз ҳақида ўйлаш бизга куч ва далда беряпти. [...] Яҳова бизни йўналтираётганини ва биродарларимиз орқали ёрдам бераётганини ҳис қиляпмиз. Улар бизни Украинада, Венгрияда ва ҳозир Германияда илиқ кутиб олиб, кўмаклашяпти».

Ҳа, Яҳова Украинадаги барча қадрдон биродару опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаётганини яққол кўриб турибмиз. (Забур 145:14)

Қуйида 2022 йил 16 март кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар келтирилган. Ушбу маълумотда келтирилган сонларни маҳаллий биродарлар тақдим этди. Аммо бу сонлар аслида кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги биродарлар билан алоқага чиқиш қийин бўляпти.

Имондошларимиз ҳақида маълумот

  • 4 та ваъзгўй вафот этди.

  • 19 та ваъзгўй жароҳатланди.

  • 29 789 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.

  • 45 та уй вайрон бўлди.

  • 84 та уйга жиддий зарар етказилди.

  • 366 та уйга оз-моз зарар етказилди.

  • 16 та Йиғилиш залига зарар етказилди.

Ёрдам ишлари

  • Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.

  • 20 981 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.

  • 11 973 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.