Асосий материалларга ўтиш

Чап томонда: опа-сингилларимиз Украинада ертўлада ўтиришибди. Ўнг томонда: биродарларимиз Украинага ёрдам жўнатиш учун зарурий нарсаларни тайёрлашяпти

2022 ЙИЛ 23 МАРТ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 4 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 4 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

Мариупольнинг кўчаларида уруш ва отишмалар давом этаётган пайтда имондошларимиз бир-бирига тинмай севги намоён этишяпти. Минг афсуски, портлаш дастидан олтита имондошимиз вафот этди. Украинада жами бўлиб ўнта имондошимиз қурбон бўлди. Бундан ташқари, кўп янгиликларда айтилганидай, 1 000 дан зиёд киши пана жой топган театр ўтган ҳафта портлатилди. Имондошларимиздан биронтаси ҳалок бўлмади, лекин баъзиларига жароҳат етказилди.

Деярли 750 та имондошимиз Мариупольдан кета олди, бироқ тахминан 1 600 таси у ерда қолди. Ҳозир уларнинг кўпи Россиянинг назорати остида бўлган шаҳарнинг шарқ томонида яшаяпти.

Олдинги хабарларга биноан, тахминан 200 та биродару опа-синглимиз Йиғилиш ва Анжуман залининг ертўласида пана жой топган эди. Алоқа қисқа вақтга тикланганда, у ердаги биродарлар қуйидагича маълумот беришди:

«Бомбалар портлаганда, баъзи биродару опа-сингилларимиз жуда қўрқиб кетди. Айримлари йиғлай бошлади. Портлаш товушини эшитганимизда ёки бомба портлашидан, ёки ёнғиндан ўламиз деб ўйлардик. Ўшанда битта оқсоқолимиз ҳамду сано қўшиқларини куйлашни таклиф қилди. Биз кетма-кет 10–15 та қўшиқ куйладик. Портлаш товуши кучайгани сайин, бино ҳам қаттиқ силкинарди, биз эса ундан ҳам баландроқ куйлардик. Кейин Забур 27 ни ўқиб, оятларни муҳокама қилдик. Сўнг барча ўзи ёқтирган оятларни айтиб, бу уларга кучли бўлишга қандай ёрдам бераётгани билан бўлишди. [...] Ўшанда Яҳова “раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ” ҳамда энг оғир пайтда бизни юпатишга қодир Шахс эканини ҳис қилдик». (2 Коринфликларга 1:3, 4)

Жонкуяр оқсоқоллар ва маҳаллий Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси ҳатто ҳаёти хавф остида бўлишига қарамай биродару опа-сингилларни излаб, керак бўлганда уларга озиқ-овқат ва дориларни етказиб беришяпти. Бу биродарлар шаҳарда имондошларни қидираётган пайтда отишмадан ўзини ҳимоя қилиш учун гоҳида эмаклаб юришяпти. Имондошлари учун «ўзларини хавф остига» қўяётган бундай биродарларимиз борлигидан фахрланяпмиз. (Римликларга 16:4)

Газ ва электр қуввати бўлмаса ҳам ғайратли опа-сингилларимиз ташқарида овқат тайёрлаяпти. Кейин бу овқат кекса ва имкониятлари чегараланган имондошларга олиб борилади. Кўп дўстларимиз уй, машина ва мол-мулкисиз қолган, аммо имондошлар кўрсатаётган севги ва ғамхўрлик учун жуда миннатдор.

Опаларимиз пана жой топган ертўланинг ташқарисида овқат тайёрлашяпти

Пана жойда бўлганлар Муқаддас Китобни бирга тадқиқ қилиш ва имкон бўлганда хушхабарни бошқалар билан бўлишиш орқали Яҳовага мунтазам равишда топинишга ҳаракат қилишяпти.

Қуйида 2022 йил 22 март кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар келтирилган. Ушбу маълумотда келтирилган сонларни маҳаллий биродарлар тақдим этди. Аммо бу сонлар аслида кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги биродарлар билан алоқага чиқиш қийин бўляпти.

Имондошларимиз ҳақида маълумот

  • 10 та ваъзгўй вафот этди.

  • 27 та ваъзгўй жароҳатланди.

  • 33 180 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.

  • 78 та уй вайрон бўлди.

  • 102 та уйга жиддий зарар етказилди.

  • 484 та уйга оз-моз зарар етказилди.

  • 1 та Йиғилиш зали вайрон бўлди.

  • 4 та Йиғилиш залига жиддий зарар етказилди.

  • 18 та Йиғилиш залига оз-моз зарар етказилди.

Ёрдам ишлари

  • Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.

  • 25 069 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.

  • 14 308 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.