2022 ЙИЛ 13 АПРЕЛЬ
УКРАИНА
СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 6 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси
Минг афсуски, Украинада давом этаётган уруш сабабли кўп биродару опа-сингилларимиз ҳаётдан кўз юмди. Жами бўлиб 28 та имондошимиз вафот этди.
Урушнинг илк ҳафталарида Киев яқинидаги шаҳарларда анчагина отишмалар бўлгани ҳақида янгиликларда хабар берилди. Ўша ҳудудда 4 900 та ваъзгўй яшарди. Улардан 3 500 дан кўпроғи хавфсизроқ ҳудудга қочиб кетди.
Бу ҳудудларда яшайдиган имондошларимиз даҳшатли қийинчиликларга қарамай кучли имонни намоён этишяпти. Келинг, баъзи мисолларга эътибор қаратайлик.
Макаров шаҳридан бўлган Олександр исмли оқсоқол Украинанинг хавфсизроқ жойига қочиб кетган. У ваъзгўйлик гуруҳидаги тўртта имондоши билан боғлана олмаган ва улар учун хавотирланган. Улар яшайдиган ҳудудда уруш кетаётган бўлса ҳам, Олександр у ерга боришга қарор қилган. У шундай деди: «Яҳова учун Унинг хизматчилари жуда ҳам қадрли эканини билардим. [...] Битта ваъзгўй яшайдиган жойга борганимда унинг уйига бомба тушганини кўрдим. Ертўланинг эшиги ёпиқ эди ва чақирганимда ҳеч ким жавоб қайтармади. Шунда қўрқиб кетдим». Олександр ертўланинг эшигини бузиб, у ерга кирди ва унга қараб турган бир нечта кишини кўрди. У ерда Яҳованинг Шоҳидлари билан бирга имондоши бўлмаган қўшнилари ҳам бор эди.
Ярослав исмли биродаримиз ертўлада саккиз кун давомида ўтиришганини айтди. У қуйидагича бўлишди: «Ҳар куни бир нечта печенье еб, битта стакан сув ичардик. Шунга қарамай Муқаддас Китобни ва адабиётларимизни ўқирдик, ибодат қилардик ҳамда бир-биримизга далда берардик. Олександр мени чақирганида аскарлар мени олиб кетишмоқчи деган хаёл келганди. Ўшанда ўламан, деб ўйлагандим. [...] Лекин Олександр ҳаммамизни қутқарди. Яҳова бизни севадиган биродару опа-сингилларни берганидан миннатдормиз. Улар биз учун ибодат қилишяпти ва бизни қутқариш учун ҳатто ҳаётини хавф остига қўйишяпти».
Пилип ва яна битта биродаримиз Бородянка шаҳрида қолган имондошларимизга озиқ-овқат етказиб беришмоқчи эди. 17 март куни улар шаҳарга кириб келишаётганида аскарлар Пилипнинг машинасини ҳамда озиқ-овқатни олиб қўйишди. Кейин аскарлар уларни ҳибсга олиб, қўлларига кишан солишди ва кўзларини боғлаб қўйишди. Сўнг уларни ертўладаги кичик бир хонага олиб боришди. У ерда яна еттита киши бор эди. Икки кундан кейин уларни бошқа хонага кўчиришди ва туни билан дўппослашди. Пилип шундай деди: «Тирик қоламан, деб ўйламагандим. Садоқатли қолиш учун ибодат қилдим».
Бир сафар Пилипни дўппослашганида у озиқ-овқатсиз қолган кекса опалар ва оиласининг хавфсизлиги ҳақида овоз чиқариб ибодат қилди. Шунингдек, у Яҳовага йиллар давомида қувонч билан хизмат қилиш имкони бўлгани учун раҳмат айтди. Соқчи уни хонасига қайтарди. У ерда Пилип аскарлар уларнинг ҳеч қандай зарари йўқлигини тушунсин деб, ибодат қилишда давом этди. Иккала биродар ҳам соқчиларга шоҳидлик беришни бошлади ва икки кун ичида уларнинг барчасига ваъз қилди. Қолаверса, ҳибсга олинган бир киши ҳақиқатга қизиқиш билдирди. У биродарлардан миннатдор эди. 27 март куни биродарларимиз ва қизиқиш кўрсатган ўша киши озод этилишди.
Бучадан бўлган турмушга чиқмаган Свитлана исмли синглимиз икки ҳафта мобайнида уруш бўлаётган жойдан қоча олмаган. У қуйидагича деди: «Яҳова бераётган тинчлик жуда муҳим эканини тушундим. Бундай тинчликка эга бўлиш доим қандай йўл тутишни билиш дегани эмас. Бу муаммоларимизнинг ечимини топа олмаганимизда, Яҳовага тўлиқ таяниш дегани».
Свитлана Львовга кетаётганида бир аёлга ва унинг жиянига ваъз қилди. Яҳованинг Шоҳидлари уларни кутиб олди ва уйида тунаб қолишга таклиф қилди. Эртаси куни ўша аёл йиғилишларга бормоқчи эканини айтди ва Муқаддас Китоб ҳамда адабиётларимизни беришни сўради. Свитлана ҳалиям ўша аёл билан мулоқот қилиб турибди.
Қуйида 2022 йил 12 апрель кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар келтирилган. Ушбу маълумотда келтирилган сонларни маҳаллий биродарлар тақдим этди. Аммо бу сонлар аслида кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги биродарлар билан алоқага чиқиш қийин бўляпти.
Имондошларимиз ҳақида маълумот
28 та ваъзгўй вафот этди.
48 та ваъзгўй жароҳатланди.
40 778 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.
278 та уй вайрон бўлди.
268 та уйга жиддий зарар етказилди.
746 та уйга оз-моз зарар етказилди.
1 та Йиғилиш зали вайрон бўлди.
9 та Йиғилиш залига жиддий зарар етказилди.
26 та Йиғилиш залига оз-моз зарар етказилди.
Ёрдам ишлари
Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.
41 974 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.
18 097 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.