Асосий материалларга ўтиш

Имондошларимиз гуманитар ёрдам солинган қутиларни машинадан туширишяпти

2022 ЙИЛ 10 ИЮНЬ
УКРАИНА

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 9 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

СЎНГГИ ХАБАРЛАР — 9 | Украинадаги қийин пайтда кўрсатилаётган биродарлик севгиси

Украинадаги филиал 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси ёрдами билан мамлакатнинг бошқа жойларига қочиб кетган имондошларимизга ғамхўрлик қилишда давом этяпти. Уруш бошланганидан бери Польшадан 250 тоннадан зиёд гуманитар ёрдам, жумладан, озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигиена воситалари юборилди. Қолаверса, Украинанинг нисбатан хавфсизроқ ҳудудларидан 80 тоннадан ошиқ озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди.

Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитасининг ғамхўрлиги ҳақида Киевдан бўлган Валентина опамиз шундай деб ёзди: «Уруш бошланганида шаҳарда қолиш жудаям хавфли эди. Шунинг учун, Черкасси вилоятидаги кичикроқ шаҳарга кетдим. У ерда 2 ойдан ошиқроқ яшаяпман. Маҳаллий жамоатдаги имондошларимиз менга роса ғамхўрлик қилишяпти. Улар озиқ-овқат ва гигиена воситалари солинган бир нечта қути олиб келишди. Уларнинг ёрдами менга қаттиқ таъсир қилди. Битта қутининг ичида Бланка исмли тўрт ёшли қизчанинг чизган расми ва откритка бор эди... Мен уларни сақлаб қўйдим. Бошқаларга ёрдам бера олмаяпман. Аммо барча имондошларимиз, айниқса, Яҳовадан жуда миннатдорман».

Болалар чизган расмларини қутининг ичига солиб, ёрдам бериш ишларида ўз ҳиссасини қўшишяпти

Северодонецкдан бўлган 83 ёшли Валентина опамиз қуйидагича деди: «Уруш бошланганида ёлғиз ўзим яшардим. Биттагина ўғлим урушдан олдин вафот этганди. Кун бўйи бомбалар портлагани учун жуда қўрқардим. Сув, чироқ, газ йўқ эди. Интернет эса ёмон ишларди. Ҳаётини хавф остига қўйиб менга ёрдам берган биродарларга катта раҳмат дейман».

У шундай қўшиб қўйди: «Бироз вақтдан кейин биродарлар мени ва соғлиги заиф иккита опамизни хавфсизроқ бўлган Днепро шаҳрига кўчириб, бошпана топишга ёрдам беришди. Ҳозир мени қўллаб-қувватлаётган бир оила билан яшаяпман. Улар ҳам Яҳованинг Шоҳиди. Биз ўзаро жуда яқин бўлиб қолдик. Улар менга телефон сотиб олишга ёрдам беришди. Бу туфайли учрашувларда қатнаша оляпман. Имондошлар менга кўрсатган меҳрни асло унутмайман».

Меҳрибон Отажонимиз Яҳовадан миннатдормиз. У Украинадаги имондошларимизга ғамхўрлик қилишда давом этяпти. Бу туфайли қадрдон биродару опа-сингилларимиз «яхшиликдан қуруқ қолмаяпти». (Забур 34:10) Бундан қалбимиз қувончга тўляпти.

Қуйида 2022 йил 7 июнь кунига оид Украина ҳақидаги янгиликлар келтирилган. Ушбу маълумотда келтирилган сонларни маҳаллий биродарлар тақдим этди. Аммо бу сонлар аслида кўпроқ бўлиши мумкин. Чунки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги биродарлар билан алоқага чиқиш қийин бўляпти.

Имондошларимиз ҳақида маълумот

  • 42 та ваъзгўй вафот этди.

  • 82 та ваъзгўй жароҳатланди.

  • 46 145 та ваъзгўй уйини тарк этиб, мамлакатнинг хавфсиз жойларига қочди.

  • 469 та уй вайрон бўлди.

  • 540 та уйга жиддий зарар етказилди.

  • 1 405 та уйга оз-моз зарар етказилди.

  • 5 та Йиғилиш зали вайрон бўлди.

  • 8 та Йиғилиш залига жиддий зарар етказилди.

  • 33 та Йиғилиш залига оз-моз зарар етказилди.

Ёрдам ишлари

  • Украинада 27 та Табиий офатларда ёрдам бериш қўмитаси фаолият юритяпти.

  • 50 663 та ваъзгўй бу қўмита томонидан хавфсиз жойга жойлаштирилди.

  • 22 995 та ваъзгўй бошқа мамлакатларга қочди ва у ердаги имондошлардан ёрдам олди.