Асосий материалларга ўтиш

2020 ЙИЛ 23 АПРЕЛЬ
ЭКВАДОР

Эквадордаги Яҳованинг Шоҳидлари уйларидан самарали ваъз қилишяпти

Эквадордаги Яҳованинг Шоҳидлари уйларидан самарали ваъз қилишяпти

COVID-19 пандемияси давом этаётган бўлса ҳам, бутун дунёдаги биродару опа-сингилларимиз ваъз қилиш йўлларини излаб топишмоқда. Эквадордаги ваъзгўйлар одамларга хушхабарни етказиш мақсадида ваъзгўйлик қилишнинг турли усулларидан самарали фойдаланишяпти.

Амбато шаҳрида 7 ёшли синглимиз онаси билан бирга мактабидаги устозларига хабарлар юборган. Бирида шундай ёзилган: «Хайрли тонг, устоз. Сизга тасалли берувчи хабар ёзяпман, чунки ҳозир жуда қийин пайтда яшаяпмиз. Муқаддас Китобда, Ваҳий 21:4 да бизни яхшироқ келажак кутаётгани тўғрисида ёзилган. Сизга кўпроқ маълумот бор бўлган ҳаволани юборяпман».

Битта устози унга қуйидагича жавоб ёзибди: «Раҳмат, болажоним. Ёш бўлишинга қарамай, жуда доно сўзларни ёзибсан». Бошқа устози эса миннатдорчилик билдириб, «Муқаддас Китоб ҳикоялари» китобининг электрон шаклини сўрабди. У китоб шаклида борлигини, фақат битта ўқувчисига бериб турганини айтибди. Синглимиз устозига китобни jw.org сайтидан юклаб олиш мумкинлигини тушунтириб берибди.

Кеведо шаҳридаги бир жуфтлик телефон рақамларини кўриб чиқиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган инсонларга қуйидагича хабар юборишибди: «Биз Яҳованинг Шоҳидимиз. Ҳозирги вазият бутун дунёга таъсир қилаётгани дастидан, уйма-уй ваъз қила олмаяпмиз. Лекин видео орқали уланиб, сиз билан суҳбатлашишни жуда ҳам истаймиз».

Кўпчилик бунга розилик билдирибди. Илгари хушхабарни тинглашдан бош тортган бир аёл бу жуфтликка раҳмат айтиб, одамларга тасалли беришга интилаётганлари учун мақтабди. Ҳозирги вазият туфайли у стресс ҳис қилаётганини тушунтирибди. Бу жуфтлик унга «Стрессдан озод бўлиш» номли 2020 йил «Уйғонинг!» журналининг No. 1 сонини PDF шаклида юборибди. Кейин, суҳбатларнинг бирида аёл бу журнал учун миннатдорчилик билдириб, уни қайта-қайта ўқиб чиққанини айтибди.

Санто-Доминго-де-лос-Тсачилас провинциясидаги Йохана исмли опамизнинг қулоғи эшитмайди. У расмлар чизиб хат «ёзибди» a. Сўнг уни расмга тушириб, қулоғи эшитмайдиган барча танишларига телефон орқали юборибди. Аммо уларнинг орасида қулоғи эшитадиган аёл ҳам бор эди. У дарров саволлар бериб Йоханага хабар юборибди. У саволларини тушунмагани учун, қулоғи эшитадиган Ронда исмли кашшоф опамиз уларга жавоб берибди.

Бу аёл Рондага Йохананинг хати уни ўйлантириб қўйганини айтибди. Шунингдек, Муқаддас Китобдаги яна бошқа оятларда ҳам ер юзида нималар юз бериши ҳақида ёзилганми, деб сўрабди. Ронда унга Луқо 21:10, 11 ни ўқиб, «Нега Аллоҳ азоб-уқубатларга йўл қўймоқда?» ва «Аллоҳ нега ерни яратган?» номли видеоларнинг ҳаволаларини юборибди. Аёл бу борада суҳбатлашиб туриш истагини билдирибди.

Ҳаворий Павлус қамоқда бўлганда «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик беришда» давом этганидай, биродарларимиз ҳам, ҳатто уйларидан чиқа олмаётган бўлса ҳам ваъз қилиш учун қўлидан келган барчасини қилишга жон куйдиришмоқда. (Ҳаворийлар 28:23)

a Қулоғи эшитмайдиган инсонларнинг кўпчилиги учун ёзма матнни тушуниш қийин бўлгани туфайли, имо-ишора тилидаги ҳудудда анчагина ваъзгўйлар фикрларни етказиш учун сўзлар ёзишнинг ўрнига расмлар чизишади.