Асосий материалларга ўтиш

2019 ЙИЛ 30 МАЙ
ЎЗБЕКИСТОН

Исо алайҳиссаломнинг ўлимини хотирлаш маросими Ўзбекистон бўйлаб оммавий тарзда ўтказилди

Исо алайҳиссаломнинг ўлимини хотирлаш маросими Ўзбекистон бўйлаб оммавий тарзда ўтказилди

2019 йил 19 апрель куни имондошларимиз Исо алайҳиссаломнинг ўлимини хотирлаш маросимини сўнгги йиллар ичида илк бор бутун Ўзбекистон бўйлаб оммавий тарзда ўтказишга муваффақ бўлишди.

Ўзбекистонда Яҳованинг Шоҳидлари фақатгина Тошкент яқинида жойлашган шаҳар — Чирчиқда расмий рўйхатдан ўтказилган. Илгари Чирчиқ ташқарисидаги бошқа ҳудудларда яшовчи имондошларимиз ички ишлар органларининг аралашувидан қочиш учун бу маросимни очиқчасига ўтказишмаган. Жорий йили биродарларимиз ички ишлар органларини маросим ҳақида хабардор қилиб, уларни таклиф қилишди. Ички ишлар органлари бу таклифни хайрихоҳлик билан қабул қилишди ва ҳатто маросимга келганларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зарурий чора-тадбирлар кўришди. Баъзи вилоятларда ички ишлар органлари ходимлари маросимга ташриф буюришди.

Юқоридаги фотосуратда кўрсатилганидек, Етакчи кенгаш аъзоси биродар Марк Сандерсон Чирчиқдаги Йиғилиш залида бу маросимга бағишланган нутқни сўзлади. Дастур рус тилига таржима қилинди. Келганларнинг сони 781 нафар кишини ташкил этди. Шу кеча ўша бинонинг ўзидаёқ бу маросим бошқа меҳмонлар учун яна икки марта ўтказилди.

Ташриф давомида Бош идора вакиллари биродар Сандерсон ва Пол Гиллиес Ўрта Осиёдан бўлган иккита биродар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг юқори мансабдорлари билан учрашишди. Расмий учрашувлар чоғида биродарларимиз эътиқодимиз ва ташкилотимиз борасида аниқ маълумот бериш имконига эга бўлишди. Умид қиламизки, ҳукумат вакиллари фаолиятимиз ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиб, ташкилотимиз Чирчиқдан ташқари бошқа шаҳарларда ҳам расмий рўйхатдан ўтишига кўмаклашишади. Бу эса, ўз навбатида, имондошларимизга муносиб биноларда топиниш имкониятини беради.

Биродар Марк Сандерсон делегация вакиллари билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги биноси олдида

Оммавий тарзда ўтказилган ушбу маросим ва ҳукумат аъзолари билан ўзаро ҳурмат руҳида ўтган учрашувлар Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги энг сўнгги ижобий ўзгаришлардир. Охирги олти ой давомида Ўзбекистонда Яҳованинг Шоҳидларига нисбатан рейд уюштириш, жаримага тортиш ва ҳибсга олиниш ҳолатлари кузатилмаган. Қолаверса, тахминан бир йил аввал, 2018 йил 14 майда, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ўз чиқишида Яҳованинг Шоҳидларини рўйхатдан ўтказиш тартибини осонлаштириш учун парламент аъзолари қонунчиликка ўзгаришлар киритиш устида ишлар олиб боришини таъкидлади.

Ўзбекистондаги имондошларимиз «бундан буён ҳам ҳар соҳада художўйлик ва жиддийлик билан сокин ҳаёт кечиришлари учун», Аллоҳимиз Яҳова уларнинг саъй-ҳаракатларига файз-барака ёғдиришини сўраб қоламиз. (1 Тимўтийга 2:2)