2020 ЙИЛ 22 АПРЕЛЬ
ҚЎШМА ШТАТЛАР
Илк «Йиғилиш зали» 85 йил ўтгач қайта бағишланди
Гавайининг Гонолулу шаҳридаги Пенсакола кўчаси, 1228 да Йиғилиш залининг қурилиши бошланганда, Қўриқчи Минораси Жамияти президенти Жозеф Рутерфорд ўша ерга борган эди. Бу 1935 йили бўлган. Ушбу кичик бинонинг қурилиши ўзгача эди, чунки у дунё бўйлаб илк бор «Йиғилиш зали» деб аталган. Шунингдек, 80 йилдан зиёдроқ вақт олдин кўпгина инсонлар Тангри Яҳовага топиниш учун у ерга борган. Ҳозир, 85 йил ўтгач, ўша залда тўртта жамоат йиғилиб, учрашувларини бешта тилда, жумладан, гавайи пиджин тилида ҳам ўтказади a.
СОVID-19 пандемиясидан олдин биродарларимиз ушбу тарихий эски бинони таъмирлаб бўлгач, 2020 йили 11–15 февраль кунлари у ерга маҳаллий аҳолини, ҳукумат аъзоларини ва ўқитувчию олимларни ташриф буюришни таклиф қилишган. Меҳмонларга экскурсия ўтказилган ва улар бинонинг тарихи ҳақидаги кўргазмаларни томоша қилишган. Қолаверса, улар Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тўғрисидаги биродарларимизнинг нутқларини тинглашган. 16 февраль куни Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши аъзоси Дейвид Сплэйн зални бағишлаш нутқини сўзлаган.
Бу дастурнинг тайёрланишида кўмаклашган бир синглимиз шундай деди: «Меҳмонларни ваъз қилиш мақсадида таклиф қилмаган бўлсак ҳам, ҳақиқат тўғрисида ҳеч қачон эшитмаган кўплар Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ажойиб шоҳидликка эга бўлди».
Бу воқеа биродару опа-сингилларимизга Гавайи оролларидаги Яҳова Шоҳидларининг ажойиб тарихини янада яхшироқ билишга кўмаклашди ва улар «денгиз оролларида Исроил Тангриси Яҳованинг исмини олқишлайди»,— деган сўзлар амалга ошганини шахсан ўзлари кўришди. (Ишаё 24:15)
a COVID-19 пандемияси пайтида Қўшма Штатлар бўйлаб барча жамоат учрашувлари вақтинча Йиғилиш залларида эмас, видеоконференция орқали ўтказилмоқда.