Илгари Яҳованинг Шоҳиди бўлганлардан ўзларингизни четга оласизми?
Қачондир Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмган ва энди ваъз қилмаётган, балки имондошлари билан ҳам мулоқот қилмаётган, лекин жамоатдан четлатилмаган инсонлар бор. Бундай кишилар билан кўришишга ва маънавий нарсаларга бўлган қизиқишини уйғотишга уринамиз.
Жиддий гуноҳга қўл урган киши асоссиз, ўз-ўзидан жамоатдан четлатилмайди. Аммо сувга чўмган Яҳованинг Шоҳиди Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрларга амал қилмай, бузуқликларга қўл ураётган ва тавба қилмаётган бўлса жамоатдан четлатилади. Муқаддас Китобда: «Ярамас одамни орангиздан чиқариб ташланглар»,— деб аниқ ёзилган. (1 Коринфликларга 5:13)
Оила боши жамоатдан четлатилса-ю, хотини ва фарзандлари эса Яҳованинг Шоҳиди бўлса-чи? У ҳолда улар диний мавзуларда мулоқот қилишмайди, оиладаги муносабатлари шундайлигича қолаверади. Никоҳ, оилавий муносабатлар ва кундалик ҳаёт давом этади.
Жамоатдан четлатилган киши йиғилишларга келиши мумкин. Агар истаса, жамоат оқсоқоллари унга маънавий ёрдам беришади. Уларнинг мақсади, жамоатдан четлатилган киши қайтадан Яҳованинг Шоҳиди бўлиши учун лаёқатлироқ бўлишга кўмаклашишдир. Номаъқул ҳаёт тарзидан воз кечиб, Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшашни чин дилдан истаган киши ҳамиша қайтадан Яҳованинг Шоҳиди бўла олади.