Яҳованинг Шоҳидлари илм-фанга нисбатан қандай нуқтаи назарда?
Илм-фан соҳасидаги ютуқларни қадрлаймиз ва далиллар билан исботланган янги кашфиётларга ишонамиз.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатига биноан, илм-фан «табиат ва жамиятнинг тараққиёт қонуниятларини очиб берувчи ҳамда ўзи эришган натижалар билан атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи билимлар тизими»дир. Муқаддас Китоб табиатшунослик китоби ҳисобланмаса-да, унга кўра одамлар атроф муҳитни ўрганиб, кашфиётлардан фойда олишлари мумкин. Айрим мисолларни кўриб чиқайлик:
Астрономия. «Кўзларингизни осмонга тикиб, қаранглар. Буларнинг барини ким яратган? Ким юлдузларни қўшин сингари сони бўйича чиқариб, ҳар бирининг номини айтиб чақиради?» (Ишаё 40:26)
Биология. Шоҳ Сулаймон «ўсимликлар — деворга ёпишиб ўсадиган иссоп ҳамда Ливандаги кедр дарахтлари, шунингдек, ҳайвонлар, қушлар, ўрмалаб юрувчилар ва балиқлар ҳақида гапирган». (3 Шоҳлар 4:33)
Тиббиёт. «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (Луқо 5:31)
Метеорология. «Қор сақланадиган омборларга кирганмисан? Дўл сақланадиган омборларни кўрганмисан?.. Шарқ шамоли ер юзида қайси тарафдан эсади?» (Аюб 38:22–24)
Адабиётларимизда табиат ва турли кашфиётлар ҳақидаги мақолалар чоп этилиб, илм-фанни қадрлашга чорланамиз. Яҳованинг Шоҳидлари фарзандларини табиат ҳақида билим орттиришга ундашади. Анчагина Яҳованинг Шоҳидлари илм-фан соҳаларида, жумладан, биокимё, математика ва физика йўналишларида ишлайди.
Илм-фан барча саволларимизга жавоб берадими?
Инсониятнинг барча саволларига илм-фан ёрдамида жавоб топиш имконсиз a. Масалан, геологлар ер шарининг таркибини, биология соҳасидаги мутахассислар эса танамиз фаолиятини тадқиқ қилишади. Бироқ нега ер шари яшашга аъло тарзда мос келади? Нега тана аъзоларимиз шу қадар уйғунликда ҳаракат қилади?
Ушбу саволларга қониқарли жавобларни фақат Муқаддас Китобдан топиш мумкин, деган фикрдамиз. (Забур 139:13–16; Ишаё 45:18) Шу боис, ҳам илм-фан соҳасида, ҳам Муқаддас Китобдан билим орттириш яхшидир.
Гоҳида илм-фан қайсидир жиҳатдан Муқаддас Китобга зиддек туюлиши мумкин. Аммо бу, Муқаддас Китобдаги таълимотларни тўғри тушунмаслик натижаси, холос. Мисол учун, Муқаддас Китобда ер 24 соатдан иборат бўлган олти кун ичида яратилган, деб айтилмаган. (Ибтидо 1:1; 2:4)
Илмий деб ҳисобланадиган айрим кенг тарқалган назариялар фактлар билан тасдиқланмаган ва бир қатор таниқли олимлар томонидан рад этилган. Бизни ўраб турган олам ижод маҳсули экани яққол кўриниб турибди. Биз тирик организмлар бетартиб мутация (тўсатдан табиий ёки ирсий ўзгариш) ва табиий танланиш натижасида пайдо бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келган кўплаб биолог, кимёгар ва бошқа мутахассисларнинг фикрига қўшиламиз.
a Австриялик физик, Нобель мукофоти лауреати Эрвин Шредингер илм-фан «қалбимизга чиндан ҳам яқин, биз учун чинакам маънога эга бўлган нарсаларга келганда эса, сукут сақлайди», деган фикрни билдирди. Альберт Эйнштейн эса шундай деб ёзган: «Рационал (ақлга асосланган) фикрлаш тарзи билангина ҳаётдаги муаммоларни енгиш имконсиз эканига аччиқ тажрибамизда амин бўлдик».