Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузадими ёки мустаҳкамлайдими?

Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузадими ёки мустаҳкамлайдими?

 Биз, Яҳованинг Шоҳидлари, ўзимизнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам оилаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Чунки Худони оила Асосчиси сифатида ҳурмат қиламиз. (Ибтидо 2:21–24; Эфесликларга 3:14, 15) Дунё бўйлаб кўпгина одамлар Аллоҳ Муқаддас Китобда ёздириб қўйган принципларни қўллаб, оиласи бахтли ва мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилишяпти.

Қандай қилиб Яҳованинг Шоҳидлари оила мустаҳкам бўлишига ёрдам бермоқда?

 Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатларга амал қилиш учун жон куйдирамиз. Чунки бу бизга яхши эр, хотин ва ота-она бўлишга ёрдам беряпти. (Ҳикматлар 31:10–31; Эфесликларга 5:22–6:4; 1 Тимўтийга 5:8) Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатлар ҳатто диний эътиқоди турлича бўлган оилаларга муваффақиятли бўлишга кўмаклашяпти. (1 Бутрус 3:1, 2) Турмуш ўртоғи Яҳованинг Шоҳиди бўлган, ўзи эса Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган одамларнинг сўзларига эътибор берайлик:

  •   «Никоҳимизнинг илк олти йили кўп жанжаллашиб, бир-биримиздан жаҳлимиз чиқарди. Аммо хотиним Ивети Яҳованинг Шоҳиди бўлганидан кейин, мулойимроқ ва сабрлироқ бўлиб қолди. Унинг бундай ўзгаргани никоҳимизни асраб қолди». (Клауир, Бразилия)

  •   «Эрим Чанса Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганида, унга қаршилик кўрсатганман. Чунки улар оилаларни бузади, деб ўйлаганман. Вақт ўтиб, Муқаддас Китоб аслида оиламни сақлаб қолганини англаб етдим». (Агнес, Замбия)

 Ваъзгўйликда одамларга Аллоҳнинг Каломидаги илоҳий доно маслаҳатлар ҳаётнинг қуйидаги соҳаларида қандай ёрдам беришини кўрсатамиз:

Эр ва хотин турли диний эътиқодга эга бўлиши никоҳда келишмовчиликларни туғдирадими?

 Шуни тан олиш керакки, бўлиб туради. Масалан, «Софрес» компаниясининг 1998 йилги ҳисоботига кўра, турмуш ўртоқларнинг бири Яҳованинг Шоҳиди бўлгани учун 20 та оиладан 1 тасида жиддий муаммолар пайдо бўлган.

 Исо Масиҳ унинг издошлари баъзан умр йўлдоши тарафидан қийинчиликларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида башорат қилган эди. (Матто 10:32–36) Тарихчи Вил Дюрант, Рим империясида яшаган «масиҳийлар оилаларни бузишда айбланганини» a таъкидлаган. Бугун ҳам баъзи Яҳованинг Шоҳидларини шундай деб айблашади. Хўш, бу ростми?

Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Суди

 Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузади деб айблашган ва уларни судга беришганда, Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Суди чиқарган қарорида оиладаги можароларда Яҳованинг Шоҳиди эмас, «яқинининг диний эътиқодига, бу билан боғлиқ ишларни қилишга бўлган ҳуқуқини тан олмаслиги ва ҳурмат қилмаслиги» сабаб бўлади деб таъкидлади. Суд: «Бу каби вазият эътиқоди турлича бўлган оилаларда содир бўлиши оддий ҳол ва Яҳованинг Шоҳидлари бундан мустасно эмас»,— деб қўшиб қўйди b. Аммо Яҳованинг Шоҳидлари бошқалар уларнинг диний эътиқодини қабул қилмаса ҳам, Муқаддас Китобдаги қуйидаги маслаҳатга амал қилишга интилишади: «Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар... Иложи бўлса, қўлингиздан келганича барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар». (Римликларга 12:17, 18)

Нега Яҳованинг Шоҳидлари фақат имондоши билан турмуш қуришади?

 Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги «Ҳазратимизга тегишли бўлиши», яъни ўз имондоши билан турмуш қуриши керак деган йўл-йўриққа амал қилишади. (1 Коринфликларга 7:39) Бу ҳам Муқаддас Китобга асосланган, ҳам фойдали. Мисол учун, оила ва никоҳ мавзусида бир журналнинг 2010 йилги мақоласида «агар жуфтликнинг дини, урф-одати ва эътиқоди бир хил бўлса», муносабатлари яхшироқ бўлади дейилган c.

 Бироқ Яҳованинг Шоҳидлари имондошларини Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган турмуш ўртоқларини ташлаб кетишга ундамайди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Агар қайсидир биродарнинг хотини имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, хотинини ташлаб кетмасин. Хотин ҳам эри имондош бўлмаса-ю, у билан яшашга рози бўлса, эрини тарк этмасин». (1 Коринфликларга 7:12, 13) Яҳованинг Шоҳидлари бу маслаҳатга амал қилишади.

a Дюрант В. «Цезарь и Христос», М., 1995, 696- саҳ.

b «Москва ш. Яҳова Шоҳидларининг диний жамияти ва бошқалар Россия Федерациясига қарши» деган иш бўйича чиқарилган Европа Суди қарори, 26- саҳ., 111- хб.

c «Journal of Marriage and Family», 2010 йил, август, 72- жилд, №4, 963- саҳ.