Бутун дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг сони қанча?
Нечта Яҳованинг Шоҳиди борлигини қандай ҳисоблайсиз?
Биз Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ҳар ой фаол тарзда ваъз қиладиганларни Яҳованинг Шоҳиди деб ҳисоблаймиз. (Матто 24:14) Бу сонга Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмганлар ва сувга чўммаган, аммо ваъз қилиш учун талабларга мос келадиганлар киради.
Яҳованинг Шоҳиди бўлиш учун хайр-эҳсон қилиш керакми?
Йўқ. Яҳованинг Шоҳиди ёки муайян вазифаларга эга бўлиш учун ҳеч қандай хайр-эҳсон талаб этилмайди. (Ҳаворийлар 8:18–20) Дарҳақиқат, аксарият хайр-эҳсонлар аноним тарзда қилинади. Ҳар бир Яҳованинг Шоҳиди ўз хоҳиши ҳамда шароитига қараб, вақти, кучи ва маблағини умумжаҳон фаолиятимизга бағишлайди. (2 Коринфликларга 9:7)
Фаол бўлган Яҳова Шоҳидларининг сонини қандай аниқлайсиз?
Ҳар ой Яҳованинг Шоҳидлари ваъз қилгани борасида маҳаллий жамоатига ҳисобот топширишади. Бу ҳисобот ихтиёрий.
Жамоат аъзоларининг ҳисоботлари умумийлаштирилиб, маҳаллий филиалга жўнатилади. Сўнг, ҳар бир мамлакат ёки ҳудуднинг ҳисоботи бош идорага юборилади.
Ҳар бир хизмат йилининг a охирида, ўша йили муайян мамлакат ёки ҳудуддаги Яҳова Шоҳидларининг энг юқори сони белгиланади. Рақамлар жамланиб, бутун дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг сони аниқланади. Ҳар бир мамлакат бўйича шунга ўхшаш ҳисоботлар сайтимиздаги «Дунё бўйлаб» саҳифасида келтирилади. Илк масиҳийлар билан бўлганидек, бундай маълумот бизга ҳам далда бахш этади. (Ҳаворийлар 2:41; 4:4; 15:3)
Сизлар билан мулоқот қиладиган, бироқ ваъз қилмайдиганларни ҳисобга киритасизми?
Гарчи бундай инсонларни Яҳова Шоҳидларининг сонига қўшмасак-да, уларни йиғилишимизда кўришдан хурсанд бўламиз. Уларнинг кўпчилиги Қутлуғ Кечлик маросимига келади. Шу боис, бу маросимга келганларнинг умумий сонидан Яҳова Шоҳидларининг сонини айириб, уларнинг сонини тахминан аниқлаш мумкин. 2019 йили Қутлуғ Кечликка 20 919 041 киши келган эди.
Жамоат учрашувларимизга келадиган кўпгина одамлар билан бепул тарзда Муқаддас Китоб тадқиқи ўтказилади. 2019 йили ҳар ой ўртача ҳисобда 9 618 182 та тадқиқ ўтказилган. Айрим тадқиқлар бир вақтнинг ўзида бир нечта одам билан ўтказилган.
Нега ҳукуматнинг ҳисоботида, сиз тақдим этган ҳисоботга қараганда Яҳова Шоҳидларининг сони кўпроқ?
Рўйхатга олиш идоралари томонидан кўпинча, инсон қайси дин вакили эканлиги борасида сўровнома ўтказилади ва шунга қараб муайян сон аниқланади. Мисол учун, Америка статистика бюроси ўтказган сўровномаларга биноан, «сўровда қатнашганлар ўзини қайси дин аъзоси деб билишини аниқлаши керак эди». Шу билан бирга, бюронинг таъкидлашича, сўров натижаси «фактларга эмас, шахсий жавобларга асосланган». Биз эса, ваъзгўйлик фаолиятида қатнашганларнигина ҳисоблаймиз, шунчаки ўзини Яҳованинг Шоҳиди деб атаганларни ҳисобга қўшмаймиз.
a Хизмат йили календарь йилининг 1 сентябрдан 31 августгача давом этади. Масалан, 2015 хизмат йили 2014 йили 1 сентябрда бошланиб, 2015 йили 31 августгача давом этади.