Яҳованинг Шоҳидлари протестантми?
Йўқ. Яҳованинг Шоҳидлари — масиҳийлар, лекин протестант эмас. Нима учун?
Протестантизм, христиан оламида реформация пайтида норозилик оқибатида католицизмдан ажралиб чиққан диний оқим. Гарчи, Яҳованинг Шоҳидлари католик черковининг аксарият таълимотларига қўшилмаса-да, ўзларини протестант деб ҳисоблашмайди. Бунинг қуйидаги сабаблари мавжуд:
Протестантларнинг бир қатор таълимотлари Муқаддас Китобда ёзилганларга зид. Масалан, Муқаддас Китобда учлик эмас, «Худо ягона» деб айтилган. (1 Тимўтийга 2:5; Юҳанно 14:28) Шунингдек, Муқаддас Китобда Худо ёвуз одамларни оташли дўзахда қийнаб жазолаши эмас, абадий ҳалокат жазосига маҳкум этиши ҳақида ёзилган. (Забур 37:9; 2 Салоникаликларга 1:9)
Яҳованинг Шоҳидлари католик черкови ёки бошқа диний оқимларга қарши норозилик билдиришмайди ва уларни ўзгартиришга интилмайди. Аксинча, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни одамларга етказиб, унга ишонишга кўмаклашамиз. (Матто 24:14; 28:19, 20) Мақсадимиз, бошқа динларга қарши чиқиб, таълимотларини ўзгартириш эмас, самимий инсонларга Худо ва Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ҳақида билим орттиришга ёрдам беришдан иборат. (Колосаликларга 1:9, 10; 2 Тимўтийга 2:24, 25)