Асосий материалларга ўтиш

Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари муайян байрам ва маросимларни нишонламайди?

Нима учун Яҳованинг Шоҳидлари муайян байрам ва маросимларни нишонламайди?

 Байрам Худога маъқул келиш-келмаслигини Яҳованинг Шоҳидлари қандай аниқлайди?

 Муайян байрамни нишонлаш-нишонламаслик борасида Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни асос деб билади. Баъзи байрамлар Муқаддас Китобдаги принципларга умуман тўғри келмайди. Бундай вазиятларда Яҳованинг Шоҳидлари ўша байрамларда иштирок этмайди. Бошқа байрамларга келсак, Яҳованинг ҳар бир Шоҳиди «Аллоҳга ва бандаларига қарши гуноҳ қилмай», виждонини тоза сақлашга интилиб, шахсий қарор чиқаради. (Ҳаворийлар 24:16)

 Қуйида Яҳованинг Шоҳидлари қайсидир байрамда иштирок этишдан аввал ўзларига берадиган баъзи саволлар келтирилган a.

  •   Байрам Муқаддас Китобга зид таълимотга асосланганми?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар,— демоқда Яҳова,— ва бундан буён нопокка қўл теккизманглар». (2 Коринфликларга 6:15–17)

     Муқаддас Китобга зид бўлган сохта таълимотлардан бутунлайин айрилиб кетиш учун Яҳованинг Шоҳидлари қуйидаги хусусиятларни ўз ичига олган байрамларда иштирок этмайди.

     Масалан, худоларга сажда қилиш ёки бошқа эътиқод билан боғлиқ байрам ва маросимлар. Исо пайғамбар: «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт»,— деб таъкидлаган. (Матто 4:10) Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари Рождество, Пасха ёки 1 май куни каби байрамларни нишонламайди. Сабаби, мазкур байрамларнинг илдизи Тангри Яҳовага эмас, бошқа худоларга сажда қилишга бориб тақалади. Қолаверса, улар қуйида келтирилган байрамларни ҳам нишонламайди.

    •  Кванзаа. Бу сўз суахили тилидаги «matunda ya kwanzaa» иборасидан келиб чиққан бўлиб, «илк ҳосил» деган маънони англатади. Бу дегани, байрамнинг илдизи Африка тарихидаги илк ҳосил байрамига бориб тақалади. («Encyclopedia of Black Studies») Гарчи баъзилар Кванзаани диний байрам деб ҳисобламаса-да, бир энциклопедияда мазкур байрамда илк ҳосилни «илоҳий зотларга ва аждодларга миннатдорчилик билдириш мақсадида» қурбонлик сифатида келтирилгани айтилган. Афро-америкаликларнинг Кванзаа байрами ўша байрам асосида вужудга келган. («Encyclopedia of African Religion»)

      Кванзаа

    •  Ўрта куз байрами. Бу байрам куни одамлар ой маъбудасига сажда қилган. («Holidays, Festivals, and Celebrations of the World Dictionary») Бу пайтда аёл кишилар маъбуда олдида мук тушиб таъзим қилган. («Religions of the World — A Comprehensive Encyclopedia of Beliefs and Practices») Мазкур байрам Хитой ва Вьетнам ҳудудларида кенг нишонланади.

    •  Наврўз. «Бу байрамнинг тарихи зардуштийлик динига тақалиб, зардуштийлар календарининг муқаддас кунларидан бири». («United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization») Бир энциклопедияга биноан, «бу байрам одатда 21 март куни бошланиб, кўпгина давлатларда янги йилнинг биринчи куни ҳисобланади». («Encyclopedia Britannica») «Ўзбекистон миллий энциклопедиясига» кўра, бу «баҳорги тенг кунликка (21 ёки 22 март), яъни Қуёшнинг Ҳамал буржига киришига тўғри келади». Бир манбада шундай дейилган: «Зардуштийлик дини тарих қаърида қолди. Бироқ бу динга хос кўпгина одатлар, байрамлар, расм-русумлар ҳозирги пайтгача сақланиб қолган. Албатта, улар ичида энг каттаси Наврўз байрамидир». («Одатнома. Биринчи китоб»)

    •  Янги йил байрами. Бу байрамнинг келиб чиқиши тўғрисида бир энциклопедияда шундай дейилган: «Рим ҳокими Юлий Цезарь милоддан аввалги 46 йилда 1 январни янги йилнинг бошланиши деб белгилаган. [...] Январь ойи Янус аталмиш худонинг исмидан келиб чиққан. Унинг бири олдинга, бири орқага қарайдиган иккита юзи бўлган». («The World Book Encyclopedia») «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»га биноан, «Янус — Рим мифологиясида эшик, кириш-чиқиш, кейинчалик — ҳар қандай ишнинг боши (шу жумладан, инсон ҳаётининг ҳам бошланиши) ҳамда битимлар ва иттифоқлар худоси» ҳисобланади.

    •  Чоймомо маросими. «Қадимда одамлар кучли ел, қуюн ёки довул сифатида намоён бўладиган ҳамда экин-тикинларни пайҳон қилиб, дарахтларнинг мевасини тўкиб, катта зиён етказадиган шамолни ёвуз куч аломати деб билишган. Бевақт эсган шамолни тўхтатиш ва ҳосил нобудгарчилигининг олдини олиш мақсадида бу табиий ҳодисага турли сеҳр-жоду амаллар билан таъсир кўрсатишга ҳаракат қилишган». («Ўзбекистон миллий энциклопедияси»)

     Ирим ёки омадга ишониш билан боғлиқ байрамлар. Муқаддас Китобда «Омад худоси учун дастурхон ёзганлар» «Яҳовани тарк этганлар» орасида экани айтилган. (Ишаё 65:11) Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари қуйидаги байрам ва маросимларда қатнашмайди.

    •  Мушкулкушод. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га кўра, «кишининг мушкулини осон қилиш, ишини юргизиш мақсадида қилинадиган дуо ва ирим-сиримлар ва уни ўтказиш йиғини» ҳисобланади.

    •  Ой тақвими бўйича Янги йил (Хитой ёки Корея Янги йили). «Йилнинг бу пайтида оила аъзолар, дўстлару қариндошлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳаракат қилиб, бир-бирини уларга омад кулиб боқишига ишонтиради, худоларга ва руҳларга сажда қилади ҳамда янги йилда баракалар тилайди». («Mooncakes and Hungry Ghosts —Festivals of China») Худди шунга ўхшаб Кореяда нишонланадиган Янги йилда «аждодларга сажда қилиш, ёвуз руҳларни ҳайдаш мақсадида расм-русумларни бажариш ва бир-бирига омад тилашни ўз ичига олади. Шунингдек, янги йилда уларни нималар кутаётганини билиш мақсадида, фол очишади». («Encyclopedia of New Year’s Holidays Worldwide»)

      Хитой Янги йили

     Ўлмас жон ҳақидаги уйдирмаларга асосланган байрам ва маросимлар. Муқаддас Китобда жон ўлиши аниқ қилиб айтилган. (Ҳизқиё 18:4) Мана шу сабабли, Яҳованинг Шоҳидлари жон ўлмаслиги ҳақидаги уйдирмани олға суриш билан боғлиқ қуйидаги байрам ва маросимларда қатнашмайди.

    •  Худойи. «Марҳумлар руҳига бағишлаб ёки бирор иллатдан эсон-омон қутулганлиги учун худо йўлига қилинадиган садақа, қурбонлик, зиёфат». («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»)

       Хатми қуръон. «Марҳумлар арвоҳига атаб қуръон тушириш ва шу муносабат билан ўтказиладиган диний маросим, кичик зиёфат». («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»)

    •  Чхусок. Бир манбага кўра, кореяликларнинг бу байрами «ўлганларнинг руҳига атаб таом ва шароб келтириш одатини» ўз ичига олади. Бу удум «одам вафот этганидан кейин унинг руҳи танасидан чиқиб, яшашда давом этишига бўлган ишонч» билан боғлиқ. («The Korean Tradition of Religion, Society, and Ethics»)

     Сирли ва ғайритабиий кучлар билан боғлиқ байрам ва маросимлар. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Фолбин, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи, белгиларга қараб фол очувчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган, фолбин ёки ўликларга мурожаат қилувчи... Яҳова учун жирканчдир». (Қонунлар 18:10–12) Сирли ва ғайритабиий кучларнинг ҳар қандай туридан, жумладан, фолбинликнинг тури бўлмиш мунажжимликдан йироқда бўлиш мақсадида, Яҳованинг Шоҳидлари Хеллоуин ёки қуйидаги байраму маросимларда иштирок этмайди.

    •  Биби сешанба. «Ип йигирувчи хотинларнинг муқаддас саналган афсонавий ҳомийси (пири) бўлиб, тақводор хотинлар унинг шарафига сешанба кунлари махсус маросим ўтказади». («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»)

    •  Сонгкран. Осиёликларнинг бу байрамининг номи «санскрит тилидаги... сўздан келиб чиққан бўлиб, “ўтиш” ёки “ўзгариш” деган маънони англатади ва [бу байрамда] қуёш Ҳамал буржи томон ўтиши нишонланади». («Food, Feasts, and Faith — An Encyclopedia of Food Culture in World Religions»)

     Исонинг қурбонлигидан сўнг ўз кучини йўқотган Мусонинг Таврот китобидаги байрамлар. Муқаддас Китобда: «Таврот Масиҳда тугаяпти»,— деб айтилган. (Римликларга 10:4) Масиҳийлар қадимги Исроил халқига берилган Таврот китобидаги принципларни қўллаб, фойда олишади. Аммо масиҳийлар у ерда келтирилган байрамларда, айниқса, Масиҳ билан боғлиқ байрамларда қатнашмайди. Чунки улар Масиҳ аллақачон келганига ишонади. Муқаддас Китобда: «Буларнинг барчаси келажакнинг сояси, асли эса Масиҳдадир»,— деган сўзлар ёзилган. (Колосаликларга 2:17) Мазкур байрамлар ўз вазифасини бажариб бўлгани ва ҳозирда улардаги айрим удумлар Муқаддас Китобда ёзилганларга зид бўлгани боис, Яҳованинг Шоҳидлари қуйидаги байрамларни нишонламайди.

    •  Ҳанукка. Бу байрам Қуддусдаги маъбад қайта бағишланганини эслатиб туради. Аммо Муқаддас Китобда Исо «одам қўллари билан қурилмаган, ерга оид бўлмаган, янада буюк ва мукаммал чодирда [ёки маъбадда]» Олий руҳоний бўлгани айтилган. (Ибронийларга 9:11) Масиҳийлар учун бу рамзий маъбад Қуддусдаги маъбаднинг ўрнини эгаллади.

    •  Рош-Ашона. Бу ибронийлар календарининг биринчи куни. Қадимда бу куни Худога ўзгача қурбонликлар келтириларди. (Саҳрода 29:1–6) Аммо Исо Масиҳ «қурбонликлар ва назрлар келтирилиши тўхтатилишига» сабаб бўлди. Энди Худонинг назарида улар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. (Дониёр 9:26, 27)

  •   Бу байрам дин билан боғлиқ ишларда қатнашишга ундамайдими?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳазратимизга ишонган киши билан унга ишонмайдиган одам орасида қандай шериклик бўлиши мумкин? Шунингдек, Аллоҳнинг маъбади билан бутлар ўртасида қандай келишув бўла олади?» (2 Коринфликларга 6:15–17)

     Гарчи Яҳованинг Шоҳидлари бошқалар билан тинчликни сақлашга интилиб, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилса-да, бошқа динлар билан боғлиқ ишларда қатнашишга ундайдиган байрамлару маросимларда иштирок этмайди.

     Улар турли диндаги одамлар биргалашиб ўз эътиқодини олға сурадиган диний байрамларда ёки бирон руҳонийни эъзозлайдиган маросимларда иштирок этмайди. Қадимда Худо халқини ўзга худоларга сажда қиладиган одамлар яшайдиган ерга олиб киришидан аввал уларга шундай деган: «Улар билан ҳам, уларнинг худолари билан ҳам аҳд қилманглар. [...] Борди-ю, уларнинг худоларига хизмат қиладиган бўлсангиз, тузоққа тушган бўласизлар». (Чиқиш 23:32, 33) Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари қуйида келтирилган байрамларда қатнашмайди.

    •  Лойкратхонг. Тай халқининг ушбу байрамида «одамлар барглардан идишлар ясайди, ичига шам ёки хушбўй шох-шабба солади. Сўнг идишларни сувга оқизиб юборади. Одамлар идишлар ўзи билан ёмонликни оқизиб кетишига ишонади. Байрамда Будданинг муқаддас ҳисобланадиган оёқ изи хотирланади». («Encyclopedia of Buddhism»)

    •  Миллий тавба қилиш куни. Папуа-Янги Гвинеянинг бир газетасида келтирилган ҳокимиятнинг расмий иқтибосига кўра, бу байрамда иштирок этадиганлар «христиан динининг асослари билан рози» эканини кўрсатишади. У ерда айтилишича, бу байрамни нишонлаш мамлакатда христианларнинг принципларини олға суришга ёрдам беради. («The National»)

    •  Весак. Буддавийларнинг муқаддас байрамлари орасида энг муқаддас кун. Бу кун Будданинг туғилган куни, мутлақ ҳақиқатга етишгани, унинг ўлими ёки нирванага етишгани, яъни интилишнинг энг олий ҳолати, мақсадига эришганига бағишланган кун. («Holidays, Festivals, and Celebrations of the World Dictionary»)

      Весак

     Муқаддас Китобда келтирилмаган диний урф-одатлар билан боғлиқ маросимлар. Исо дин уламоларига шундай деган: «Ўз урф-одатингизни деб Аллоҳнинг каломини бекор қиляпсизлар». Шунингдек, Исо уларнинг топиниши беҳуда эканини ва улар «инсоний амрларни» ўргатиб юришганини таъкидлаган. (Матто 15:6, 9) Мазкур сўзларга амал қилган ҳолда, Яҳованинг Шоҳидлари кўпгина диний маросимларда қатнашмайди.

    •  Қирқ. «Одатнома. Биринчи китоб»га кўра, «марҳум хотирасига бағишлаб ўтказиладиган қадимий маросим. Маросимнинг номи “қирқ” бўлса-да, аслида марҳум вафотининг 37, 39- кунлари (албатта тоқ бўлиши керак) ўтказилади. Шарқ халқларида 40 сони магик хусусиятларга эга ҳисобланади. Шунингдек, марҳумнинг руҳи қирқ кунгача яқинлари атрофида бўлиши ва ундан кейин белгиланган жойга кетиши ҳақида қарашлар ҳам мавжуд». Мазкур манбада, Етти, Қаъда, Йигирма ва Йил тўғрисида ҳам маълумот топишингиз мумкин.

    •  Биби Марямнинг меърожи. (Успение Пресвятой Богородицы) Бу байрам Исонинг онаси жисмоний танада осмонга кўтарилган деган таълимотга асосланган ҳолда нишонланади. Бир энциклопедияда айтилишича, «илк масиҳийлар учун бу нотаниш бўлган ва Муқаддас Китобда ҳам бунга ишора қиладиган ҳеч қандай маълумот келтирилмаган». («Religion and Society —Encyclopedia of Fundamentalism»)

    •  Биби Марям бегуноҳ туғилган. «Муқаддас Ёзувларда [Марям] бегуноҳ бўлиб туғилгани ҳақида айтилмаган... [Бу] ҳақида черков ўргатади». («New Catholic Encyclopedia»)

    •  Ақиқа. Баъзи маданиятларда «янги туғилган болага исм қўйиш “қорин сочи” (боланинг туғилгандаги сочи)га қайчи уриш билан боғлиқ одат. Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган қурбонликлар ўрнига» айрим маданиятларда «фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир қўй сўйиб (имкониятга қараб) Ақиқа маросимини ўтказиш жорий этилган». («Ўзбекистон миллий энциклопедияси»)

    •  Қурбон ва Рўза ҳайити. Баъзи маданиятларнинг «диний байрами». «Қурбон ҳайити ҳаж маросими ва қурбонлик қилиш билан, рўза ҳайити эса рамазон ойи ниҳоясида оғиз очиш билан боғлиқ». («Ўзбекистон миллий энциклопедияси») Шунингдек, «вафотига йил тўлмаган кишини ҳайит кунлари йўқлаб аза тутиш, эслаш маросими; маърака» ўтказилади. («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»)

  •   Байрамда одам, ташкилот ёки миллий рамзлардан бири улуғланадими?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Яҳова шундай демоқда: “Одамга умид боғлаган, инсон кучига таянган, юраги Яҳовадан узоқлашган одам лаънатидир”». (Еремиё 17:5)

     Гарчи Яҳованинг Шоҳидлари одамларга миннатдорчилик билдириб, ҳатто улар учун ибодат қилса-да, қуйидаги байрам ва маросимларда иштирок этмайди.

     Бошқарувчини ёки машҳур бирон кишини улуғлайдиган байрамлар. Муқаддас Китобда қуйидаги сўзлар келтирилган: «Ўз фойдангиз учун одамга таянманг, ахир у димоғдаги нафас кабидир. Ундан қандай наф бор?» (Ишаё 2:22) Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари, масалан, ҳукумат раҳбарларининг туғилган кунини нишонламайди.

     Байроқни шарафлаш билан боғлиқ маросимлар. Муқаддас Китобда: «Ўзингизни бутлардан сақланглар»,— деб айтилади. (1 Юҳанно 5:21) Шунинг учун Яҳованинг Шоҳидлари байроқни шарафлаш билан боғлиқ маросимларда қатнашмайди. Кўпинча давлат мадҳияси куйланганда, одамлар байроқни шарафлаб, унга тиз чўкиш ёки қўлини кўксига қўйиши билан нажотни Худодан эмас, балки сиёсий раҳбарлардан ва ҳукуматдан кутишаётганини кўрсатишади. Гарчанд бугунги кунда айрим одамлар байроқни сажда қилинадиган нарса деб билмаса-да, тарихчи Ж. Х. Карлтоннинг ёзишича, байроқ сажда қилишнинг асосий объекти бўлиб, миллатчилик руҳининг белгисидир.

     Муқаддас кишиларни улуғлайдиган байрамлар ёки маросимлар. Худодан қўрққан киши ҳаворий Бутрусга таъзим қилганида нима юз берган эди? Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Бутрус: “Туринг, ахир мен ҳам сизга ўхшаган одамман-ку”,— деб уни турғизиб қўйди». (Ҳаворийлар 10:25, 26) На Бутрус, на бошқа ҳаворийлар ўзгача улуғворлик ёки ҳурматни қабул қилган экан, Яҳованинг Шоҳидлари муқаддас деб саналган кишиларни улуғлайдиган байрамларда иштирок этмайди. Шунингдек, улар қуйида келтирилган маросимларда қатнашмайди.

    •  Мавлуд. «Муҳаммад пайғамбарнинг туғилган куни ва унинг шарафига бериладиган зиёфат». («Ўзбек тилининг изоҳли луғати») Баъзи мамлакатларда «Мавлуд куни дуолар, пайғамбар шаънига мадҳиялардан иборат шеърлар ўқилади». («Ўзбекистон миллий энциклопедияси»)

    •  Мучал тўйи. «Инсоннинг ҳар 12 йилда бир ўз йили келиши муносабати билан ис чиқариб, белги берилади». («Ўзбек удумлари»)

      Муқаддас Гваделупанинг куни

    •  Муқаддас Гваделупанинг куни. Бу Мексикани қўриқлайдиган муқаддас аёл хотирасига бағишланиб, у Исони дунёга келтирган Марям деб ҳисобланади. У 1531 йили мўъжизавий тарзда қишлоқда яшовчиларга кўринганига ишонади. («The Greenwood Encyclopedia of Latino Literature»)

    •  Исм тўйи. Бир китобда айтилишича, «бола чўқинтирилганда унга авлиёнинг исми берилган ёки киши черковдаги маросимда ўз имонини тан олган кун» номига бағишланган байрам. Шунингдек, мазкур китобда ёзилишича, «бу куни диний урф-одатларга қатъий амал қилинади». («Celebrating Life Customs Around the World —From Baby Showers to Funerals»)

     Сиёсий ёки ижтимоий ўзгаришлар билан боғлиқ маросимлар. Муқаддас Китобда: «Инсонларга умид боғлагандан кўра, Яҳовадан паноҳ топган афзалроқ»,— деб айтилган. (Забур 118:8, 9) Яҳованинг Шоҳидлари дунёдаги муаммоларни Худо эмас, одамлар еча олади деган фикрга қўшилмаслигини кўрсатиш мақсадида, сиёсий ёки ижтимоий ҳаракатларни қўллаб-қувватлайдиган Болалар куни ёки Хотин-қизлар байрамида иштирок этмайди. Бундан ташқари, улар Озодлик куни ёки шунга ўхшаш байрамларда қатнашмайди. Аксинча, улар ирқчилик ва тенгсизлик каби муаммоларни Худонинг Шоҳлиги ечишига ишонади. (Римликларга 2:11; 8:21)

  •   Бу байрам бирон халқни бошқасидан устун қўядими?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, тўғри йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан». (Ҳаворийлар 10:34, 35)

     Гарчи Яҳованинг Шоҳидлари туғилиб-ўсган ерини яхши кўрса-да, бирон халқни бошқасидан устун қўядиган қуйидаги байраму маросимларда қатнашмайди.

     Қуролли кучларни улуғлайдиган маросимлар. Исо урушнинг тарафдори бўлмаган, аксинча, у издошларига: «Душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар учун ибодат қилинглар»,— деб айтган. (Матто 5:44) Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари ҳарбийларни улуғлайдиган, жумладан, қуйидаги байрамларда қатнашмайди.

    •  Анзак миллий байрами. «Анзак сўзи “Австралия ва Янги Зеландия қуролли кучлари”ни англатади». «Вақт ўтиб Анзак миллий байрами урушда ҳалок бўлганларни хотирлаш кунига айланди». («Historical Dictionary of Australia»)

    •  Ҳарбий ветеранлар куни. (Хотира ва қадрлаш куни, Поминальное воскресенье) Бу байрамлар «қуролли кучлар ва урушларда қатнашганларни» улуғлашга бағишланади. («Encyclopædia Britannica»)

     Бирон халқ тарихи ёки мустақиллиги билан боғлиқ байрамлар. Бу борада Исо издошларига: «Мен дунёга тегишли бўлмаганим сингари, улар ҳам дунёга тегишли эмас»,— деб айтган эди. (Юҳанно 17:16) Яҳованинг Шоҳидлари муайян халқ тарихи ҳақидаги маълумотларни ёқтирса-да, қуйидаги байрамларда иштирок этишмайди.

    •  Австралия куни. Бир энциклопедияга биноан, мазкур байрам «1788 йили инглиз аскарлари байроғини кўтариб, Австралияни янги мустамлака деб эълон қилган кун»ни хотирлашга бағишланади. («Worldmark Encyclopedia of Cultures and Daily Life»)

    •  Гай Фокс куни. «1605 йили Гай Фокс ва Католик черковининг бошқа аъзолари қирол Жеймс I ва [Англия] Парламентини тўнтариш фитнасини амалга ошира олмагани куни миллий байрам» сифатида нишонланади. («A Dictionary of English Folklore»)

    •  Мустақиллик куни. Кўпгина давлатлар «миллий мустақилликка эришган кунини омма олдида йилдан-йилга нишонлайдиган байрам». («Merriam-Webster’s Unabridged Dictionary»)

  •   Бу байрамда тийиқсиз ёки ахлоқсиз ҳаракатлар олға суриладими?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ўтмишда сизлар бошқа халқлар хоҳлаганидай ахлоқсиз хулққа, шаҳвоний ҳирсга, шаробхўрлик, айш-ишрат, ичкиликбозлик ва жирканчли бутпарастликка берилиб яшаганингиз етар». (1 Бутрус 4:3)

     Мазкур принципга амал қилган ҳолда, Яҳованинг Шоҳидлари ичкиликбозлик ва зўравонлик олға суриладиган байрамларда қатнашмайди. Улар дўстлари билан вақт ўтказишни яхши кўради ва спиртли ичимликларни муайян миқдорда қабул қилиши мумкин. Муқаддас Китобда келтирилган қуйидаги принципга амал қилиш учун улар қўлидан келганича ҳаракат қилади: «Ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар». (1 Коринфликларга 10:31)

      Шу боис, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобда қораланган ахлоқсиз хулқни олға сурадиган карнавалларда ёки шунга ўхшаш байрамларда иштирок этишмайди. Яҳудийларнинг Пурим байрами шулар жумласидандир. Аввалига бу байрам яҳудийлар мил. авв. бешинчи асрда омон қолишганини хотирлаш билан боғлиқ бўлган. Аммо бир манбага кўра, бу байрамни Марди Грас ёки Карнавалнинг яҳудийча нусхаси деб айтиш мумкин. «Бу байрамда қатнашадиганларнинг кўпи турли кийимларни (кўпинча аёлларнинг кийимини) кийиб, ўзини исёнкорона руҳда тутади, спиртли ичимликларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилади ва қаттиқ шовқин-сурон кўтаради». («Essential Judaism»)

Яҳованинг Шоҳидлари муайян байрамлар ва маросимларни нишонламаса-да, оила аъзоларини яхши кўрадими?

  Ҳа. Муқаддас Китобга кўра, одамлар оила аъзоларининг эътиқоди қандай бўлишидан қатъи назар, уларни севиши ва ҳурмат қилиши лозим. (1 Бутрус 3:1, 2, 7) Тўғри, Яҳованинг Шоҳиди муайян байрамда қатнашмай қўйса, оила аъзоларининг баъзилари аччиқланиши, хафа бўлиши ёки уларга нисбатан хиёнат қилингандай ҳис этиши мумкин. Шу сабабли, Яҳованинг кўпгина Шоҳидлари қариндошларини ўз севгисида ишонтириш, қарорининг сабабларини мулойимлик ила тушунтириш ва бошқа пайтлари уларни йўқлаб бориш учун ташаббус кўрсатади.

Яҳованинг Шоҳидлари бошқаларни қайсидир байрамни нишонламасликка ундайдими?

 Йўқ. Яҳованинг Шоҳидлари ҳар бир инсон шахсан қарор чиқариши керак деб ҳисоблайди. (Ёшуа 24:15) Улар одамларнинг эътиқоди қандай бўлишидан қатъи назар, «ҳар турли инсонларни ҳурмат қилади». (1 Бутрус 2:17)

a Ушбу мақолада Яҳованинг Шоҳидлари қатнашмайдиган барча байраму маросимлар ва улар амал қиладиган ҳамма илоҳий принциплар келтирилмаган.