Яҳованинг Шоҳидлари Холокост даврида нималарга дуч келган?
Холокост даврида Германияда ва нацистлар босиб олган ҳудудларда яшовчи қарийб 35 000 га яқин Яҳованинг Шоҳидидан тахминан 1 500 таси ҳалок бўлган. Улар қандай сабабга кўра ўлиб кетгани ҳамма вазиятларда ҳам аниқланмаган. Бу мавзу устида ҳали-ҳануз иш олиб борилаётгани учун рақамлар ҳамда бошқа тафсилотлар вақт ўтиб янгиланиши мумкин.
Улар қандай ҳалок бўлган?
Қатллар. Германияда ва нацистлар босиб олган ҳудудларда 400 га яқин Яҳованинг Шоҳиди қатл қилинган. Уларнинг аксарияти, суд қарорига кўра, ўлимга маҳкум этилиб, бошидан жудо қилинган. Бошқалари эса, ишлари судда кўриб чиқилмай туриб, ё отиб ташланган ё дорга осилган.
Қамоқхонадаги оғир шароитлар. Нацистлар концлагерларлари ҳамда қамоқларида 1 000 дан зиёд Шоҳидлар ҳалок бўлган. Улар ўлгунга қадар ишлаган ва қийноқлар, очлик, совуқ, касаллик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилмагани дастидан ўлиб кетган. Бундай ваҳшиёна муносабат оқибатида қолган Шоҳидлар Иккинчи жаҳон урушининг охирига яқин, озодликка чиққанидан кўп ўтмай, вафот этган.
Бошқа сабаблар. Баъзи Яҳованинг Шоҳидлари газ камераларида қатл қилинган, ўлдирувчи тиббий тажрибалар ва инъекциялар қурбони бўлган.
Улар нега таъқиб қилинган?
Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китоб таълимотларига қатъий амал қилгани учун таъқиб қилинган. Нацистлар ҳукумати Яҳованинг Шоҳидларидан Муқаддас Китобга хилоф тарзда иш тутишни талаб қилган, бироқ улар ўз эътиқодида қатъий турган. Улар «одамларга эмас, Сарвари Оламга бўйсунишга» қарор қилган. (Ҳаворийлар 5:29) Шоҳидлар ён бермаганини кўрсатувчи иккита соҳага диққат қаратайлик.
Сиёсий бетарафлик. Бугунги кунда Яҳованинг Шоҳидлари, қаерда яшашидан қатъи назар, сиёсий масалаларда бетарафликни сақламоқда. Улар нацистлар тузумида ҳам худди шундай йўл тутишган. (Юҳанно 18:36)
Улар ҳарбий хизматни ўтамаган ёки уруш билан боғлиқ ишларни қўллаб-қувватламаган. (Ишаё 2:4; Матто 26:52)
Улар сайловларда овоз бермаган ва нацистлар ташкилотларига қўшилмаган. (Юҳанно 17:16)
Улар нацистлар байроғини шарафламаган ва «Хайль Гитлер!» дейишдан бош тортган. (Матто 23:10; 1 Коринфликларга 10:14)
Имонда қатъий туриш. Яҳованинг Шоҳидларига ўз эътиқодида туриш ман этилганига қарамай, улар имонидан қайтмаган.
Улар бирга ибодат қилишда ва Аллоҳга топинишда давом этган. (Ибронийларга 10:24, 25)
Улар Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилишдан ва Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни тарқатишдан тўхтамаган. (Матто 28:19, 20)
Улар барча инсонларни, жумладан, яҳудий миллатига мансуб кишиларни ҳам севишда давом этган. (Марк 12:31)
Имондан қайтиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекишдан бош тортиб, ўз эътиқодида қатъий турган. (Марк 12:30)
Профессор Роберт Гервартнинг таъкидлашича, «Учинчи рейхда диний қарашлари туфайли таъқиб қилинган инсонлар орасида фақатгина Яҳованинг Шоҳидлари бўлган» a. Концлагерлардаги бошқа маҳбуслар Яҳова Шоҳидларининг мустаҳкам позициясини кўриб, лол қолган. Масалан, австриялик бир маҳбус шундай деган: «Улар урушда қатнашмайди, аксинча, бошқасини ўлдиришдан кўра, ўзлари ўлиб кетишни афзал билишади».
Улар қаерда ҳалок бўлган?
Концентрацион лагерлар. Аксарият Яҳованинг Шоҳидлари Бухенвальд, Дахау, Заксенхаузен, Маутхаузен, Нидерхаген, Нойенгамме, Освенцим, Равенсбрюк ва Флоссенбюрг каби концларгерларда ҳалок бўлган. Ишончли манбаларга кўра, Заксенхаузеннинг ўзида 200 га яқин Яҳованинг Шоҳиди ҳалок бўлган.
Қамоқхоналар. Баъзи Яҳованинг Шоҳидлари қамоқхоналардаги қийноқлар дастидан, бошқалари эса сўроқлар пайтида дўппослангани учун ўлиб кетган.
Қатл жойлари. Яҳованинг Шоҳидлари асосан Берлин-Плётцензе, Бранденбург-Гёрден ва Галледаги қамоқхоналарда қатл қилинган. Қолаверса, Шоҳидларни тахминан 70 та бошқа жойда ҳам қатл қилишгани ҳужжатлар билан исботланган.
Холокост қурбонлари
Исми шарифи: Хелена Готтхольд
Қатл жойи: Берлин-Плётцензе
Турмуш ўртоғи ва иккита боласи бор Хелена бир неча маротаба ҳибсга олинган. 1937 йили сўроқ пайтида унга шу қадар қўпол муомала қилишганки, у ҳатто қорнидаги боласидан айрилиб қолган. 1944 йили 8 декабрда уни Берлин-Плётцензедаги қамоқхонада гильотинада қатл қилишган.
Исми шарифи: Герхард Либольд
Қатл жойи: Бранденбург-Гёрден
Йигирма яшарли Герхард 1943 йили 6 майда бошидан жудо қилинган. 1941 йили эса унинг отаси айнан ўша қамоқхонада гильотинада қатл қилинганди. Хайрлашув хатида у яқинлари ва қайлиғига шундай ёзган: «Худойимнинг мададисиз бу йўлни босиб ўтолмасдим».
Исми шарифи: Рудольф Аушнер
Қатл жойи: Галле
1944 йили 22 сентябрда Рудольфни бошидан жудо қилишганида у атиги 17 ёшда эди. Хайрлашув хатида у онасига: «Бу йўлни кўп биродарлар босиб ўтган ва менинг ҳам қўлимдан келади»,— деб ёзган.
a «Hitler’s Hangman: The Life of Heydrich», 105- саҳифа