Қўриқчи Минораси Жамиятининг фермалари — 50 йиллик йиғим-терим
Нью-Йорк шаҳридан 145 километр шимолда, Уолкилл (Нью-Йорк штати) шаҳридаги қишлоқ яқинида бир нечта ферма бор. Улар Яҳова Шоҳидларининг Муқаддас Китобга асосланган умумжаҳон таълим бериш ишида муҳим ўринни эгаллаб келган. Бугунги кунда иншоотлар мажмуи сифатида фойдаланиб келинаётган Қўриқчи Минораси Жамиятининг биринчи фермалари бундан 50 йил олдин, яъни 1963 йил 2 январда сотиб олинган эди.
Яҳованинг Шоҳиди Дэйвид Уокер, Уолкиллдаги биринчи фермада ишлаган. Ферма нима мақсадда сотиб олинганини тушунтириб, у қуйидагини айтиб берди: «Яҳова Шоҳидларининг Бруклиндаги (Нью-Йорк штати) халқаро идора марказида хизмат қилаётганларнинг сони кўпайиб борарди. Бундай катта оилани боқиш учун эса, тежамкорлик муҳим эди. Яҳованинг Шоҳидларига тегишли бошқа қишлоқ хўжалик ерлари Нью-Йорк штатининг чекка ҳудудларида жойлашгани сабабли, Бруклингача озиқ-овқатни етказишга 6 ёки 7 соат вақт кетарди. Уолкиллгача эса атиги 2 соат вақт сарфланарди. Бу эса эҳтиёжларимизни қондириш учун қулай жой эди». Мазкур фермада Яҳованинг Шоҳидлари асосан мева ва сабзавот етиштиришарди, шунингдек, сут ва турли гўшт — товуқ, чўчқа ва мол — маҳсулотларини ишлаб чиқарди. Кейинчалик фермалар кўпайди.
Ўн йил ичида дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг сони кўпайгани, Уолкиллда ажойиб воқеалар юз беришига туртки бўлди. Боз устига, том маънодаги етилган экин йиғиб олингани сингари, чоп этила бошлаган адабиётлар, Исонинг ўрим-йиғим ҳақидаги масали амалга ошишида муҳим ўринни эгалларди (Матто 9:37; Луқо 10:2; Юҳанно 4:35, 36). Келинг, Уолкиллда бажарилган баъзи ишларни кўриб чиқайлик.
Чоп этиш. XX асрнинг ўрталарида, босмахона Бруклинда (Нью-Йорк штати) жойлашган бўлиб, у ерда Муқаддас Китобга асосланган аксарият адабиётлар чоп этиларди. Аммо адабиётга эҳтиёж кун сайин ўсиб борарди ва мазкур босмахона талабларга жавоб бера олмаётганди. Шунинг учун, 1973 йил Яҳованинг Шоҳидлари Уолкиллда, яна битта босмахона қуриб қўйишди. Ўшандан буён босмахона бинолари бир неча маротаба кенгайтириб келинган, энг охиргиси эса 2004 йилда кенгайтирилди.
Компьютер технологияси. 1979 йилда Уолкиллдаги бир гуруҳ Яҳованинг Шоҳидлари компьютер амалга оширадиган дастур устидан ишлашни бошлашди. Бугунги кунда унинг номи — кўп тилларда нашр этиш электрон системаси (MEPS). Бу дастур ёрдамида 600 дан ошиқ тилларда Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни чоп этиш мумкин эди.
Таълим. 1988 йилда Гилад номли Муқаддас Китоб мактаби Бруклиндан Уолкиллга кўчирилди ва 17 октябрь куни янги синф ўқишни бошлади. Ушбу мактаб 1995 йил апрель ойида Қўриқчи Минораси Жамиятининг Паттерсондаги ўқув-таълим марказига кўчирилгунига қадар, шу ерда фаолият юритиб келди.
Эллик йил ўтгач Қўриқчи Минораси Жамиятининг бошқа фермалари ишлаш усули ва вазифасини ўзгартирди. Лекин Нью-Йоркдаги (АҚШ) Байтилда хизмат қилаётган Яҳова Шоҳидларини сифатли озиқ-овқат билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда.
Айни пайтда Яҳованинг Шоҳидлари Уолкиллда янги офис, яшаш жойлари ва бошқа иншоотлар қуришмоқда. Улар шунингдек, мавжуд бўлган биноларни қайта қуришмоқда. Бундай ишлар туфайли, Қўриқчи Минораси Жамияти фермалари бутун дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг сафига ҳар куни қўшилаётган инсонларнинг маънавий эҳтиёжларини қондирмоқда.
Юқорида эслатиб ўтилган Дэйвид Уокер, шундай дейди: «Мана 50 йилдан ошиқ вақт ўтди. Уолкиллдаги камтарона уринишлар инсонларга Муқаддас Китобдан таълим беришдек умумжаҳон фаолиятимиз униб-ўсишига катта ҳисса қўшганини кўриш менга хурсандчилик келтирмоқда!»