Юзлаб тиллардаги видео лавҳалар
Яҳова Шоҳидлари ўзларининг таржима ишлари билан таниқлидирлар. Биз 2014 йил ноябрь ойигача Муқаддас Китобни 125 та тилга, унга асосланган адабиётларни эса 742 та тилга таржима қилдик. Шунингдек, таржима ишимизга видеолар ҳам киради. 2015 йил январь ойига келиб «Йиғилиш Залида нималар бўлади?» номли видео лавҳа 398 та тилга, «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?» номли видео лавҳа эса 569 та тилга таржима қилинди. Бу иш нега ва қандай амалга ошириляпти?
2014 йили март ойида Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши барча филиалларга биринчи навбатда, Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга ёрдам берадиган видео лавҳалар учун имкон қадар кўпроқ тилларда аудио ёзувлар тайёрлашлари кераклигини айтди.
Видео маҳсулотларни таржима қилишнинг бир нечта босқичлари бор. Авваламбор, маҳаллий таржимонлар гуруҳи матнни таржима қилишади. Кейин, видеодаги овозларга мос дублёрлар танланади. Аудио-видео гуруҳи, таржима қилинган тилнинг аудиосини ёзиб олади, ёзиб олинган овозни қайта ишлайди ҳамда экранда кўрсатилган матнни тайёрлайди. Охирида, аудио, матн ва видео битта файл қилиб бирлаштирилиб, тайёр маҳсулот сайтга қўйилади.
Баъзи филиалларда ўзининг овоз ёзиш студияси ва бу ишни бажариш учун ўргатилган кишилари ҳам бор. Лекин олис ҳудудларда гапириладиган ва таржима қилинадиган тиллар ҳақида нима деса бўлади?
Дунё бўйлаб овоз ёзиш бўйича мутахассислар портатив аудио мосламалардан кенг кўламда фойдаланишмоқда. Мутахассисларимиз овоз ёзиш дастури ўрнатилган ноутбукдан ва микрофондан фойдаланиб, студияни офисда, Йиғилиш Залида ёки уйда ўрнатиши мумкин. Таржима қилинган тил она тили бўлганлардан дублёр, режиссёр ҳамда корректор танланади. Овоз ёзиш жараёни якунланганидан кейин, ёзилган овоз маъқулланса, аудио мутахассис мосламаларни йиғиштириб, бошқа ҳудудга кетиши мумкин.
Бу туфайли олдингига қараганда уч баравар кўпроқ тилларда видеоларни тайёрлаш имкони очилди.
Бу видеолар ақл бовар қилмас даражада самара бермоқда. Кўп одамлар учун видеоларимиз — уларнинг она тилисидаги илк видеодир.
Видео таржима қилинаётган тиллардан бири — пижантжатжара тилидир. Мазкур тилда Австралиянинг 2 500 дан зиёд аҳолиси гапиради. Бу тил Шимолий ҳудуднинг Алис-Спрингс номли жойида ёзиб олинди. Овоз ёзиб олинишида ёрдам берган Каллан Томас шундай деб бўлишди: «Бу видеолар катта муваффақиятларга эришди. Маҳаллий кишилар планшетдан кўз узмасдан видеони томоша қилишади ва бундай видеоларни қаердан топиш мумкинлигини сўрашади. Мазкур тилда жуда кам адабиёт мавжуд. Шу сабабли, улар она тилида бирор нарса эшитишса ва айниқса кўришса ҳайратланишади».
Камерунлик иккита ваъзгўй дарёда каноэда (қайиқ) сайр қилаётганида пигмейлар қишлоғида тўхтаб, маҳаллий мактабда дарс берувчи қишлоқ оқсоқоли билан суҳбатлашибди. Оқсоқол басса тилида гапиришини билгач, биродарларимиз унинг она тилисида «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?» номли видео лавҳани кўрсатишибди. Бу унга катта таассурот қолдирибди ва у баъзи бир адабиётларимиздан беришларини сўрабди.
Индонезиянинг бир қишлоғидаги дин раҳбари Яҳова Шоҳидларига қарши чиқиб, ўша ҳудудда тарқатилган барча адабиётларни йиғиб ёндириб юборибди. Бошқалар эса, дўқ-пўписа қилиб Йиғилиш Залини ёқиб юборишни айтишди. Кейинчалик тўртта полициячи имондошимизнинг уйига бориб, уни ва оиласини сўроқ қилишибди. Улар Йиғилиш Залида нималар бўлиши ҳақида қизиқишибди. Шунда имондошимиз уларга индонез тилида «Йиғилиш Залида нималар бўлади?» номли видео лавҳани кўрсатибди.
Видео лавҳани кўриб бўлгандан кейин полициячилардан бири шундай дебди: «Одамлар сизлар ҳақда нотўғри фикрда эканлигини ва сиз ҳақингизда умуман билмаслигини энди тушундим». Бошқаси эса, шундай деб сўрабди: «Бу видеони бошқаларга кўрсатиш учун ўзимга олсам майлими? Бу видео сизлар ҳақингизда тўғри маълумотни етказиб беради». Ҳозир полициячилар Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ижобий нуқтаи назарда ва уларни ҳимоялаб келяпти.
Агар сиз бу видеоларни кўрмаган бўлсангиз, уларни ўзингизнинг она тилингизда кўришга нима халақит беряпти?