Асосий материалларга ўтиш

Мексика ва Марказий Америкада таржима қилиш иши

Мексика ва Марказий Америкада таржима қилиш иши

Мексика ва Марказий Америкадаги бешта мамлакатда яшайдиган деярли 290 таржимон Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни 60 дан зиёд тилларга ўгиришади. Нега улар бу борада ҳаракат қилишяпти? Сабаби, одамлар Муқаддас Китоб асосидаги адабиётларни ўз тилида олишганда, уларни осонликча тушунишади. Бу эса, уларнинг қалбига кўпроқ таъсир қилади (1 Коринфликларга 14:9).

Таржима сифатини ошириш ниятида, Яҳова Шоҳидларининг Мехикодаги филиалида хизмат қилган айрим таржимонлар уларнинг она тилида гапирадиган ҳудудлардаги офисларга кўчирилишган. Бу қандай фойда келтирган? Таржимонлар она тили соҳиблари билан кўпроқ мулоқот қилишгани учун, маъносини дарров илғаб олиш мумкин бўлган адабиётларни чиқаришга анча осонроқ бўлган.

Қизиқ, таржимонларнинг ўзлари нимани ҳис қилишяпти? Геррер науатль тилига таржима қиладиган Федерико шундай деб айтди: «Мехикода ўн йилча яшаган бўлсам, она тилимда гапирадиган фақатгина битта оилани топдим. Аммо ҳозир, таржимонлар офисининг ёнидаги шаҳарларда, деярли ҳар бир киши бу тилда гапиради!»

Мексикадаги Чиуауа штатидаги офисда қуйи немис тилига таржима қиладиган Карин қуйидагича бўлишди: «Меннонитлар орасида яшаш, улар сўзлашадиган замонавий тилига мослашишимга кўмаклашади. Биз кичик шаҳарда яшаб, меҳнат қиламиз ва деразадан қараганда, бу ерда бажараётган ишимиз фойда келтираётган одамларни кўраман».

Нэифи Мексикадаги Мерида шаҳридаги таржимонлар офисида истиқомат қилади. У шундай деди: «Майя тилида Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётганимизда, бу тил эгалари қайси ибораларни тушунишга қийналаётганини кўра оламиз. Шунинг учун, таржима пайтида ушбу ибораларни анча табиий қилиб етказишга интиламиз».

Ўгирилган маълумотни олган одамлар қандай фойда кўришяпти? Мана бир мисол. Тахминан 40 йил давомида она тили тлапанек бўлган Елена Яҳова Шоҳидларининг жамоатларига доим келади. Аммо авваллари учрашувларда у ҳеч нарсани тушунмасди, сабаби улар испан тилида ўтказиларди. У шундай деб айтди: «Учрашувларда бўлишни хоҳлардим, холос». Бироқ Елена Муқаддас Китобни тлапанек тилидаги рисолалар ёрдамида тадқиқ қила бошлаганидан сўнг, Худога бўлган севгиси ошди ва ўзини Унга бағишлаб, бунинг рамзи сифатида 2013 йили сувга чўмди. Елена: «Муқаддас Китобни тушунганим учун Яҳовага мингдан-минг раҳматлар!» — деди.