Асосий материалларга ўтиш

Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 137- синфига аталган битирув маросими

Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 137- синфига аталган битирув маросими

2014 йил, 13 сентябрда Яҳова Шоҳидларининг Паттерсондаги (Нью-Йорк) таълим бериш марказида Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 137- синфига аталган битирув маросими бўлиб ўтди. Ушбу мактабда тўла вақтли махсус хизматда кўп йиллик тажрибага эга бўлган Яҳованинг Шоҳидлари таҳсил олиб, ўзлари тайинланган жамоат ҳамда филиал фаолиятини қўллаб-қувватлашда янада самарали бўлишни ўрганишади. Дастурни жами бўлиб 12 333 киши тинглади. Уларнинг бир қисми Паттерсоннинг ўзида, бошқалари эса Канада, Ямайка, Пуэрто-Рико ва Қўшма Штатларда Интернет орқали узатилган жонли эфирда дастурни томоша қилишди.

Яҳова Шоҳидлари Етакчи кенгашининг аъзоси Сэмюэл Хёрд, дастур раиси сифатида хизмат қилди. У нутқининг бошида Яҳованинг фикрлари бизникидан қанчалик юқори эканини таъкидлаб ўтди (Ишаё 55:8, 9). Хёрд биродаримиз, Гилад мактабининг талабалари беш ой давомида Аллоҳ ҳақида кўп билиб олганига қарамай, «булар Худо қилган ишларнинг кичик бир парчаси» эканига урғу бериб ўтди (Аюб 26:14). Шунингдек, у Худонинг фикрларини қанча муҳокама қилмайлик доим фойдали эканини ва шу сафарги битирув маросимининг дастури ҳам бундан мустасно эмаслигини айтди.

Муқаддас руҳнинг самараси — сабр-тоқат (Галатияликларга 5:22, Туркия 1998). Қўшма Штатлардаги филиал қўмитасининг аъзоси Жон Ларсон, муқаддас руҳ самараси бўлган сабр-тоқат фазилатини қайси иккита муҳим соҳада намоён этишимиз мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Биринчиси, Яҳова Таоло бизга таълим-тарбия бераётганда ҳамда имонни мустаҳкамлашга кўмаклашаётганда сабр-тоқатли бўлишимиз зарур (1 Бутрус 5:10). Бунда Иброҳим пайғамбар бизга яхши ўрнак кўрсатди. Тангри Яҳова унга таълим-тарбия бераётганда ҳамда ваъдасини амалга оширганида, Иброҳим сабр-тоқатни намоён этди (Ибронийларга 6:15).

Иккинчиси, ўзимизга нисбатан сабр-тоқатли бўлишимиз муҳим. Гилад мактабини тугатгач, талабалар ўзидан жуда кўп нарсани кутиши мумкин. Мабодо улар олган топшириқларни ўзлари истагандек бажара олишмаса: «Нега ишим юришмаяпти?» — дея хавотирга тушишлари мумкин. Ларсон биродаримиз шахсий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, агар талабалар ўзига нисбатан сабр-тоқатли бўлиб хизматда ғайратини сўндирмаса, бу вазифанинг уддасидан чиқа олишига ишонтирди. Шунда Яҳова ҳам бошлаган таълимини охиригача етказади (Ибронийларга 6:11, 12).

«Камтарин бўлиб, абадий яшанг!» Етакчи кенгаш аъзоси Энтони Моррис сўзлаган нутқининг номи Забур 22:26 га асослаган эди. Мазкур оятнинг охирги қисми том маънода «илоҳим, юрагингиз абадий яшасин» дея таржима қилинади. Бу баракага эга бўлиш учун эса биздан камтарин бўлиш талаб этилади. Моррис биродаримиз, мабодо камтаринликни ривожлантирмай қўйсак, Яҳова Таоло назарида яроқсиз бўлиб қолишимизга урғу берди. Ҳар биримиз, ҳатто кўп йиллик Худонинг хизматчилари Исо алайҳиссалом сингари бўлиш муҳимлигини унутиб қўйиши ҳеч гап эмас (2 Бутрус 1:9).

Муқаддас Китобда камтарин ва мағрур кишиларнинг мисоллари бор. Масалан, кеккайган Ҳирод Агриппага халқнинг хушомад сўзлари жуда ёқиб кетди. У аслида Худога тегишли бўлган шарафни безбетларча ўзига муносиб деб билди. Натижада Аллоҳнинг фариштаси уни урди ва у «қуртларга ем бўлиб, ўлди» (Ҳаворийлар 12:21–23). Аммо Бутрус аксинча йўл тутди. Исо унга: «Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»,— деб танбеҳ берганида, Бутрус хафа бўлмади ёки жаҳли чиқмади (Матто 16:21–23). У маслаҳатни қабул қилиб, камтаринликни намоён этишда яхши ўрнак кўрсатди (1 Бутрус 5:5).

Талабалардан айримлари Яҳова Шоҳидларининг филиалларидан бирида хизмат қилишга тайинланишган. Шу сабабли Моррис биродаримиз, илоҳий хизматда камтарин бўлмасак, хурсандчиликни йўқотиб қўйишимиз ҳақида огоҳлантирди. Аммо ўзимизда бу фазилатнинг бор ёки йўқлигини аниқлаш жуда мушкул масала. Моррис бундан бир неча йил олдин содир бўлган воқеани айтиб берди. Бир оқсоқолга камтаринликни намоён этмагани учун маслаҳат берилганида, у филиалга мактуб ёзиб: «Энг камтарин инсон эканлигимни биламан»,— деб айтган экан. Моррис биродаримиз, талабаларни бу каби фикрлаш тарзидан қочишга ундади. Агар улар ўзлари ҳақида юқори ўйламасдан, аксинча асл ҳокимият Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг қўлида эканини англашсагина, камтарин инсон бўлиб қолаверишади.

«У руҳини мўл-кўл беради» (Юҳанно 3:34). Гилад мактабининг муаллими Майкл Бернетт, талабалар вазифасини бажараётиб, қандай қийинчилик ҳамда иккиланишларга дуч келмасин, муқаддас руҳ буларнинг барчасини енгишга ёрдам беришини эслатиб ўтди. Муқаддас руҳ Базалилга муқаддас чодир қурилишида дуч келган қийинчиликларни енгишга ёрдам берган (Чиқиш 35:30–35). Худонинг руҳи Базалилга нафақат ҳунармандчиликни, балки бошқаларга таълим бериш қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашган. Гилад мактабининг битирувчилари дарсда муҳокама қилинган Муқаддас Китоб таълимотларига қаттиқ амал қилишса, Худонинг руҳи уларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Базалил даврида, Исроил аёллари муқаддас чодир қурилишида муҳим ўринни эгаллашган (Чиқиш 35:25, 26). Шу каби, Гилад мактабини битирган опа-сингиллар эрларига ёрдамчи бўлиб «моҳир аёллар» эканини тасдиқлашди. Бернетт биродаримиз талабаларга қуйидагича маслаҳат бериб, нутқига хотима ясади: «Туғма қобилиятингиздан камтаринлик ҳамда итоаткорлик руҳини намоён этган ҳолда фойдаланинг. Агар шундай йўл тутсангиз, Яҳова сизга сахийлик ила муқаддас руҳини беради».

«Мен билан бирга рақсга тушасизми?» Маориф қўмитасининг ёрдамчиси Марк Нумар, аҳд сандиғи Қуддусга олиб келинаётган пайтдаги шоҳ Довуднинг мисолини қўллаб ўзининг мавзусини очиб берди (2 Шоҳлар 6:12–14). Ўша пайтда, Довуд камтаринлик ила «аъёнларингнинг чўрилари» билан бирга хурсандчиликдан рақсга тушган (2 Шоҳлар 6:20–22). Ўша чўрилар шоҳ Довуд билан биргаликда рақсга тушишганини ҳеч қачон унутишмагандир. Нумар биродаримиз талабаларни рамзий маънода «чўрилар билан бирга рақс тушишга» ундади. Биродаримиз улардан шундай деб сўради: «Сизни, масъулияти кам ёки умуман масъулияти бўлмаганларга ёрдам беришга тайёр инсон деб билишадими? [...] Бошқаларни шарафли масъулиятлари учун ҳурмат қиласизми?»

Агар битирувчилар садоқатли севгини намоён этаверишса, Яҳовага тақлид қилган бўлишади (Забур 112:6, 7). Гарчи баъзи имондошларга камтаринлик етишмаса-да, лекин талабалар бундай камчиликлар уларга таъсир қилишига йўл қўймаслиги керак. Нумар биродаримиз фикрини давом эттириб: «Ўзингизга нисбатан юқори баҳо берманг. Яҳованинг сурувига Аллоҳ сингари муносабатда бўлинг»,— деди.

«Фурсатни қўлдан бой бермай ваъз қилинг». Муқаддас Китоб мактабларини назорат қилувчи бўлимнинг нозири Уильям Самюэлсон, ҳаворий Павлуснинг мисолини келтирди. Павлус фурсат туғилиши билан ваъз қилган (Ҳаворийлар 17:17). Кейин эса Самюэлсон талабалардан ўқиш давомидаги ваъзгўйликда содир бўлган қизиқарли воқеаларни саҳналаштириб беришни илтимос қилди. Масалан, битта эр-хотин озиқ-овқат дўконида бир сотувчи аёлга дуч келишди. Улар бу аёл қачон савдодан қўли бўшашини кутиб туришди. Сўнг улар сотувчи аёлга «Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш керак?» номли видео лавҳани кўрсатишди. Шунингдек, улар бу аёлнинг эътиборини jw.org сайтига қаратиб, қандай қилиб у она тилида, яъни лаос тилида маълумот топиши мумкинлигини тушунтиришди. Аёлнинг қизиқиши сўнмаслиги учун бу жуфтлик унга такрорий ташриф қилди.

«Бундан буён ҳам ўзингизни Шоҳлик учун бағишланг». Қўшма Штатдаги филиалнинг Хизмат бўлимидан бўлган Уильям Нонкес, тўртта битирувчидан интервью олди. Гарчи улар Ишаё 6:8 даги тайёрлик руҳини намоён этиб, Шоҳлик манфаатлари учун хизмат қилаётган бўлишса-да, бу мактаб уларни янада кўпроқ ишни бажаришга ҳозирлади. Снолия Масеко опамиз, Гилад мактаби унга қайси соҳада яхшиланишни, айниқса кун бўйи хизмат қилгандан кейин ҳам вақтдан унумли фойдаланишни ўргатгани ҳақида айтиб берди. У шундай деди: «Мактаб мен ўйлагандан ҳам кўпроқ қила олишимни кўрсатди». Дэннис Нильсен биродаримиз Зафаниё 3:17 даги сўзлар унга хизматдаги муваффақиятсизликдан тушкунликка тушмасликка ёрдам берганини айтди. «Эҳтимол хизмат қилиб кўп натижаларга эришмасман. Лекин Яҳова хизматимдан қувонишини унутмаслигим керак. Демак мен ҳам шундай йўл тутишим лозим»,— деб бўлишди Нильсен.

«Қушларни диққат билан кузатинглар» (Матто 6:26). Етакчи кенгаш аъзоси Стивен Летт, дастурнинг асосий нутқи билан чиқди. Летт биродаримиз, Исонинг таълимотига биноан, қушларни диққат билан кузатиб, улардан ўрганишимиз мумкин бўлган бир нечта сабоқларни таъкидлаб ўтди (Аюб 12:7).

Тангри Яҳова қушларнинг ризқини бераётган экан, демак бизга ҳам ғамхўрлик қилади. Биз Аллоҳ жамоатининг аъзолари, яъни «уйидагилари» бўлганимиз учун, У «ўз яқинларига» ғамхўрлик қилишига бизни ишонтиряпти (1 Тимўтийга 3:15; 5:8). Албатта бу биздан ҳам ҳаракат талаб қилади. Худо тайёрлаб қўйган ризқини қушлар излагани сингари, биз ҳам Аллоҳнинг баракаларига эга бўлишимиз учун, Унинг Шоҳлигини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишимиз лозим (Матто 6:33).

Летт биродаримиз, аксарият қушлар хавфни ҳис этганда, овоз чиқариб бир-бирини огоҳлантиришини айтди. Биз ҳам ўринли бўлганда, масалан, биродар «билмаган ҳолда бирон-бир хато қилиб қўйса» огоҳлантирамиз (Галатияликларга 6:1). Шунингдек, ваъзгўйлик фаолиятимиз орқали биз одамларни шиддат билан яқинлашиб келаётган «Эгамиз куни»дан огоҳлантирамиз (Зафаниё 1:14). Летт биродаримиз қушлар ўрнагидан яна бир сабоқ олиш мумкинлигини кўрсатди. Қушлар олис мамлакатларга йўл олганда баланд тоғлар устидан учиб ўта олгани сингари, Яҳованинг мадади билан биз ҳам ошиб ўтиш имконсиз бўлиб туюлган тўсиқларни енга оламиз (Матто 17:20).

Хотима. Барча битирувчиларга дипломлар топширилгач, талабалардан бири бутун синф номидан миннатдорчилик мактубини ўқиб берди. Хёрд нутқига хотима ясаб, Яҳованинг фикрлари юрагимизда ўрнашиб бориш жараёнини, темир рельсини шпалга махсус мих (штир) билан маҳкамлашга ўхшатди. Мих маҳкам туриши учун, болға билан бир неча марта уришга тўғри келади. Шу сингари Гилад талабалари мактабда ўрганиб олганлари устида мулоҳаза юритишни давом эттиришлари муҳим. «Бу билимлар юрагингиз тубида ўрнашиб олиши учун вақт ажратинг»,— деб айтди Хёрд биродаримиз. Сўнг у: «Худонинг сўзларига амал қилинг ва Унинг қут-баракаларига эга бўлинг»,— дея қўшиб қўйди.