Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 138- синфи
2015 йил, 14 мартда Паттерсондаги (Нью-Йорк) таълим бериш марказида Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг 138- синфига аталган битирув маросими бўлиб ўтди. Дастурни 14 000 дан зиёд киши, шу жумладан, бошқа жойда бўлганлар ҳам видео орқали томоша қилишди. Дастур Яҳовани тараннум этувчи 4 та янги қўшиқ янграши билан бошланиб, айнан улар кейинчалик дастур мобайнида куйланди a.
Ушбу учрашувда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаш аъзоси Жеффри Жексон дастур раиси бўлиб хизмат қилди. Кириш қисмида у талабаларга мурожаат қилиб, олган билимларини ўзларида сақламай, бошқаларнинг фойдаси учун қўллашга ундади (2 Тимўтийга 2:2).
Биродар Жексон Мусони ўрнак қилиб келтирди. Муқаддас чодир қуриб битказилмагунча, Мусонинг чодири муайян пайт давомида Исроил халқи учун чиндан ҳам топиниш маркази бўлиб келган. Муқаддас чодирнинг Энг муқаддас хонасига кириш Мусога рухсат берилмаганга ўхшайди, чунки бундай қилишга фақат олий руҳоний ҳақли эди. Шунга қарамай, Мусо ушбу ўзгаришга қарши чиққани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аксинча, у олий руҳоний вазифасини олган Ҳорунни садоқат ила қўллаб-қувватлади (Чиқиш 33:7–11; 40:34, 35). Бундан қандай хулоса? «Сизга топширилган шарафли вазифаларни қадрланг, лекин уларни қизғанманг»,— деди Жексон биродаримиз.
«Ҳилпираётган баргнинг овозидан даҳшатга тушасизми?» Бу мавзуни Етакчи кенгашнинг Маориф қўмитасининг ёрдамчиси Кеннет Флодин ўз нутқида ёритиб берди. У талабаларга қувғинлар ёки қийин топшириқлар дастидан қўрқувга тушишлари мумкинлигини айтди. Биродар Флодин Левилар 26:36 га асосланиб, ечими йўқдек туюлаётган бундай вазиятларга қуриб қолган баргга қарагандек қарашга ундади. Флодин биродаримиз ҳаворий Павлуснинг мисолини келтирди. Чунки Павлус Яҳовага ишонгани учун барча қийинчиликларни енга олган (2 Коринфликларга 1:8, 10).
«Сиз нимани излайсиз?» Етакчи кенгашнинг аъзоси бўлмиш Марк Сандерсон дастурнинг кейинги нутқини ёритиб берди. У Ҳикматлар 13:12 да ёзилган: «Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади»,— деган принципни муҳокама қилди. Афсуски, кўплар бойлик ёки шуҳрат қозониш каби мақсадлар қўйиб, уларга эриша олмаганлари учун бутун ҳаётлари давомида тушкун ҳолатда юришади.
Исо яшаган даврда баъзилар Яҳё пайғамбар ҳақида нотўғри тахминлар қилишган (Луқо 7:24–28). Масалан, улар Яҳё пайғамбарни мавҳум таълимотлар тарқатадиган бир файласуф, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Агар шундай бўлса, унда уларнинг ўй-хаёллари пучга чиққан, сабаби, Яҳё ҳақиқат тўғрисида ўргатган. Бошқалар чиройли кийинган кишини излашган бўлишлари мумкин. Лекин Яҳё камбағаллар каби кийинган. Пайғамбарни излаганларнинг умиди эса пучга чиқмаган, чунки Яҳё нафақат пайғамбар бўлган, балки Масиҳга йўл ҳам ҳозирлаган! (Юҳанно 1:29).
Ушбу мисолни қўллаб, Сандерсон биродаримиз талабаларни тўғри нуқтаи назарга эга бўлишга ундади. Олган топшириқни бажараётганлари учун одамлар уларга ўзгача муносабатда бўлишларини кутишнинг ёки ўзларига ном орттиришнинг ўрнига, улар эътиборларини бошқаларга таълим беришга қаратишлари керак. Улар Гилад мактабида ўрганган нарсалари билан бўлишиш, имондошларининг имонини мустаҳкамлаш ва севгисини намоён этиш орқали бунинг уддасидан чиқишади. «Имондошларингизнинг камтарин хизматчиси бўлишга ҳаракат қилиб, Яҳованинг иродасини бажариш учун қўлингиздан келганини қилинг, шунда умидингиз пучга чиқмайди»,— деди Сандерсон биродаримиз.
«Очларни тўйдиринг». Мактаблар устидан назорат қилувчи бўлим муаллими Жеймс Коттон ушбу мавзуда нутқ айтди. Коттон биродаримиз ҳар бир инсон севги ва ҳурмат-эҳтиромга муҳтож эканига урғу берди. Ҳатто Исо ҳам бунга муҳтож бўлган ва сувга чўмганида, Яҳова илиқ сўзлар айтиб, унинг кўнглини кўтарган (Матто 3:16, 17).
Яҳова бошқаларга сўзларимиз билан далда бериб, мустаҳкамлаш учун бизга куч берган ва У ушбу кучимиздан фойдаланишимизни кутади (Ҳикматлар 3:27). «Бошқаларда яхши фазилатларни излашга ҳаракат қилинг ва уларни мақташдан ўзингизни тийманг»,— дея маслаҳат берди Коттон биродаримиз. Самимий мақтов имондошларга уларнинг ҳаракатлари зое кетмаётганини ҳис қилишга ёрдам беради.
«Ўзингизни бошқалар учун аяманг». Маориф қўмитасининг ёрдамчиси Марк Нумар ушбу мавзудаги нутқ билан дастурни давом эттирди. Биродар Нумар ҳаворий Павлуснинг мисолини келтириб, талабаларни фақат улардан кутилган нарсаларни қилиш билан кифояланиб қолмасликка ундади. Агар улар бошқалар учун ўзларини аяшмаса, Павлусга ўхшаб, ҳақиқий қувонч топишади (Филиппиликларга 2:17, 18).
Павлус ҳатто қийинчиликларга дуч келганида ҳам таслим бўлмаган. У ўзини бошқалар учун аямай, ҳатто ўлимигача қўлидан келганини қилган. Павлус: «Масофани югуриб ўтдим»,— деб бемалол айта олган (2 Тимўтийга 4:6, 7). Нумар биродаримиз талабаларни Шоҳлик билан боғлиқ ишларни садоқат ила қўллаб-қувватлашда Павлусга тақлид қилишга ундади.
Мисоллар. Мактабдаги бошқа бир муаллим Майкл Бернетт дастурнинг кейинги қисмини давом эттирди. Бу қисмда талабалар Паттерсондаги ўқишлари давомида хизматда бўлган воқеаларни намойиш тариқасида кўрсатишди.
Талабалар одамларнинг она тилида ҳақиқатни гапиришгани учун яхши натижаларга эришишди. Масалан, бир талабага у хизмат қилмоқчи бўлган ҳудудда испан тилида гапирадиган инсонлар кўп эканини айтишди. Шунинг учун, бир куни хизматга чиқишдан олдин бу талаба JW Language иловасидан испан тилида бир неча сўзларни ёдлади. Айнан ўша куни у кўчада хизмат қилаётганида, испан тилида гапирадиган инсонни учратди. Талаба испан тилини озгина билса-да, ўша инсон билан суҳбат қурди. Натижада, бу киши ва унинг 4 та оила аъзоси Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашди.
Интервьюлар. Кейин Етакчи кенгашнинг Хизмат қўмитаси ёрдамчиси Вильям Тёрнер 4 та талабадан интервью олди. Улар Гилад мактабига келишдан олдин хизматда бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар ҳамда мактабда олган билимлари билан бўлишишди.
Талабалар таҳсил жараёнида ўзлари учун фойдали деб топган фикрларни айтиб беришди. Масалан, бир талаба Луқо 10- бобдаги баёнотдан ўзига қандай сабоқ олганини гапириб берди. Исонинг 70 та шогирди хизматда яхши натижаларга эришганида, жуда хурсанд бўлишган ва Исо ҳам улар билан бирга қувонган. Бироқ у шогирдларига фақатгина эришган ютуқлари учун эмас, балки Яҳова уларнинг ҳаракатларини кўриб, мамнун бўлаётганидан хурсанд бўлишга ундаган. Демак, ҳақиқий қувонч шароитларимизга эмас, балки Яҳованинг марҳаматига сазовор бўлиш билан боғлиқдир.
Тёрнер биродаримиз Филиппиликларга 1:6 ни келтириб, Яҳова талабалар орасида «яхши ишни» бошлагани ва ҳамиша улар билан бирга бўлишини айтиб, далда берди.
«Нигоҳингизни Яҳовага қаратинг». Етакчи кенгаш аъзоси Сэмюэл Хёрд дастурнинг асосий нутқи билан чиқиб, Яҳовани том маънода кўра олмаслигимизни тушунтирди. Хўш, унда қандай қилиб нигоҳимизни Яҳовага қаратишимиз мумкин?
Йўлларидан бири, У яратган ижодларни кузатишдир. Сабаби, улар бизга Яҳова ҳақида кўп нарсани очиб беради. Шунингдек, Яҳова «қалбларимизнинг кўзларини ёритди» (Эфесликларга 1:18). Муқаддас Китобни қанча кўп ўқисак, Яҳова ҳақида шунча кўп билимга эга бўламиз. Яҳова тўғрисида билимларимиз кўпайгани сайин, Унга янада яқинлашамиз.
Айниқса Инжилга алоҳида эътибор қаратиш фойдалидир. Чунки ундан Исо қилган ишлари ва айтган сўзларидан Яҳова қанақа Худо эканини яққол кўришимиз мумкин. Исо Яҳованинг шахсиятини ўзида акс эттиргани учун: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айта олган (Юҳанно 14:9).
Биродар Хёрд тингловчиларни, Яҳовани нафақат Исонинг мисоли орқали кўришга, балки ўзлари кўрган нарсаларга тақлид қилишга ундади. Масалан, Исо бошқаларни тўйдиришга ўзини аямаганидек, биз ҳам олган билимларимизни бошқалар билан бўлишиш учун бор кучимизни сарфлаймиз.
Нигоҳимизни Яҳовага қаратсак, натижаси қандай бўлади? Биз ҳам сано бастакори каби: «Биламан, Эгам доим мен билан, У ўнг томонимда бўлгани учун Мени ҳеч нарса қўзғата олмас»,— деб аминлик билан айта оламиз (Забур 15:8).
Хотима. Талабалар дипломларни олганларидан кейин, улардан бири бутун синф номидан миннатдорчилик хатини ўқиб берди. Бундан сўнг биродаримиз Жексон хотима ясаб, талабалар кейинчалик ўргатадиган фикрлар бошқалар учун янги ёки чуқур бўлиши шарт эмаслигини таъкидлади. Чунки улар асосан, имондошлари билган фикрларни уларга эслатишади. Шунингдек, биродар Жексон камтарин бўлиш кераклигига алоҳида урғу берди. Талабалар Гиладда олган билимларга ёки ўзларига эмас, аксинча, Муқаддас Китобга ва унга асосланган адабиётларга эътибор қаратишса яхши бўларди. Хуллас, талабалар Гилад мактабида ўқиш имкониятига эга бўлмаган имондошларига далда манбаи бўлиш учун уларда бор маънавий озуқадан фойдаланишга ёрдам беришлари керак. Барча иштирокчилар дастурдан завқ олиб, биродару опа-сингилларига хизмат қилиш қарорларини мустаҳкамлашди.