Асосий материалларга ўтиш

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Албания ва Косовода

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Албания ва Косовода

 Англиядан Гвен исмли опамиз эҳтиёж катта бўлган ҳудудда — Албанияда хизмат қиляпти. У ҳис-туйғуларини шундай ифода этди: «Яҳованинг хизматида шунча кўп қила олишим ҳатто хаёлимга ҳам келмаганди» a.

 Гвен Албанияда хизмат қилиш учун кўчиб ўтган Яҳованинг Шоҳидларидан бири. Улар «барча миллатлардан хазиналар»ни тўплашга ёрдам беряпти. (Хаггей 2:7) Ушбу хизматчиларни бундай қилишга нима ундаган? Улар қандай ўзгаришлар қилган? Қийинчиликларга қарамай қувончни сақлаб қолишга уларга нима ёрдам беряпти?

Вазиятлар ҳар хил, лекин мақсад бир

 Албанияга кўчиб ўтган барча ваъзгўйлар Яҳовани яхши кўришгани ва бошқаларга ёрдам беришни исташгани учун бундай қилишган.

 Улар хизматини кенгайтиришдан аввал яхшилаб тайёргарлик кўришган. Бу эса уларга хизматдаги қийинчиликларни енгишга ёрдам берган. Гвен қуйидагича бўлишди: «Биринчи навбатда она шаҳримдаги албан тилида гапирадиган гуруҳга қатнай бошладим. Кейин Албанияга анжуманга бордим. Бироз вақт ўтгач, тилни яхшироқ ўрганиш учун оз муддатга у ерга кўчиб ўтдим».

Гвен

 Италиядан бўлган Мануэла 23 ёшида мамлакатнинг бошқа шаҳрига кўчиб ўтган. У ерда Мануэла кичик жамоатга ёрдам берган. У қуйидагича деди: «Бу жамоатда тўрт йил мобайнида хизмат қилдим. Кейин Албанияда катта эҳтиёж борлигини эшитдим. Шунда у ерда бир неча ой мобайнида кашшоф бўлиб хизмат қилишга қарор қилдим».

Мануэла (ўртада)

 Федерика анжуманда Албания борасидаги ҳисоботни эшитганида етти ёшда эди. У шундай бўлишди: «Биродар Албаниядаги ваъзгўйлар кўп тадқиқлар бошлаётгани ва қизиқувчилар йиғилишларга келаётгани ҳақида айтиб берди. Мен ҳам у ерда хизмат қилишни жуда хоҳлардим ва ота-онамга бу ҳақда тинмай айтардим. Албаттаки, бу уларни ҳайрон қолдирди. Лекин дадам: «Ибодат қил. Агар бу Яҳованинг иродасига мувофиқ бўлса, У сени эшитади»,— деди. Бир неча ойдан кейин оиламизни Албанияга таклиф қилишди. Кўп йиллар ўтди ва ҳозир Федерика эри Оргес билан бирга Албанияда тўла вақтли хизматда иштирок этишяпти.

Оргес ва Федерика

 Жанперо нафақага чиққач, хотини Глория билан Албанияга кўчиб ўтди. У шундай деди: «Бешта ўғилни катта қилдик. Уларнинг учтаси эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилишяпти. “Қўриқчи минораси”даги “Македонияда хизмат қилишни хоҳлармидингиз?” номли мақолани ўқиб қаттиқ таъсирландик. Кейин ўтириб, Албанияда хизмат қила олишимиз учун нафақа пулимни қандай ишлатишни хотиним билан маслаҳатлашдик».

Жанперо ва Глория

Улар пухта тайёргарлик кўришган

 Эҳтиёж катта бўлган жойга кўчмоқчи бўлганлар олдиндан режа тузиб, яхшилаб тайёргарлик кўриши лозим. (Луқо 14:28) Масалан, улар ўзини қандай таъминлай олиши борасида ўйлаб кўриши керак. Юқорида тилга олинган Гвен ҳали Англияда бўлганида пулини тежаш учун опасиникига кўчиб ўтган. София ва Кристофер шундай деб айтишди: «Биз машинамизни ва баъзи жиҳозларимизни сотдик. Бу пул Албанияда камида бир йил қолишимизга етишига умид қилгандик». Буни қарангки, бу пул бундан ҳам кўпроқ вақтга етди.

Кристофер ва София

 Баъзи ваъзгўйлар Албанияда бир неча ой хизмат қилиб, кейин она юртига кетади. Улар у ерда ишлаб, сўнг Албанияга қайтади. Элизио ва Мириам ҳам шундай қилишган. Элизио шундай деди: «Мириам аслида Италиянинг сайёҳлар кўп келадиган ҳудудидан. Шунинг учун, ерда мавсумий иш топиш жуда осон. Ёзда у ерга бориб уч ой ишлардик ва кейин йиққан пулимизга Албанияда тўққиз ой яшардик. Беш йил мобайнида шундай қилдик».

Мириам ва Элизио

Қийинчиликларни енгиш

 Хизматини кенгайтирганлар янги шароитга мослашиши керак бўлади, лекин улар ёлғиз эмас. Маҳаллий Шоҳидлар қийинчиликларни енгишга ёрдам беришади. Олдинроқ тилга олинган София шундай деди: «Қишда Албаниядаги уйлар жуда совуқ бўлади. Мен яшаган жойда ундай эмасди. Маҳаллий опалардан бундай ҳавода қандай кийинишни ўргандим». Гжегош ва рафиқаси Сона Польшадан. Улар Косовонинг b Призрен номли гўзал шаҳарчасига ёрдам бериш учун келишди. Гжегош қуйидагича бўлишди: «У ердаги ваъзгўйлар жуда камтарин, меҳрибон ва сабрли. Улар бизга тилни ва кўпгина бошқа нарсаларни ўргатишди. Масалан, нарсаларни қаердан арзонроқ сотиб олишни ва қандай савдолашиш кераклигини билиб олдик».

Қувониш учун сабаблар

 Бошқа мамлакатга кўчиб ўтган имондошлар маҳаллий биродару опа-сингиллар билан дўстлашиб, уларни яхшироқ билиб олишади. Сона қуйидагича бўлишди: «Яҳованинг севгиси инсонларни қанчалик ўзгартира олиши мумкинлигини кўрдим. Улар Яҳовани таниб-билганида, эътиқодини ва ҳаётини бутунлай ўзгартиришди. Буни кўриш имонимни мустаҳкамлаяпти. Жамоатга керак эканимизни ва ёрдам бера олаётганимизни ҳис қиламиз. Дўстларимиз билан хизмат қилиш жуда мароқли». (Марк 10:29, 30) Глория шундай деди: «Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган қўшнилари томонидан шиддатли таъқибларга дуч келган опа-сингилларни биламан. Уларнинг Яҳовага бўлган кучли севгиси менга қаттиқ таъсир қилади».

Гжегош ва Сона

 Эҳтиёж катта бўлган ҳудудларга кўчиб ўтганлар кўп нарсани ўргана олади. Масалан, Яҳова учун қулай ҳаёт тарзидан воз кечиш қувонч келтиришини кўришади. Стефано исмли биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Она юртимда одатда домофон орқали хизмат қилардим ва қисқа муқаддималардан фойдаланардим. Лекин Албаниядаги инсонлар, айниқса, қаҳва устида мароқли суҳбат қуришни яхши кўришади. Тортинчоқ бўлганим учун бошида қийин эди ва нима дейишни билмасдим. Вақт ўтгач, одамларга қизиқиш кўрсатишни ва улар билан дилдан гаплашишни ўргандим. Бундай хизмат фақат завқ келтиради».

Алида ва Стефано

 Лия ва Уильям Албанияга Қўшма Штатлардан кўчиб ўтишган. Лия шундай бўлишди: «Бу ерда хизмат қилиш дунё қарашимизни ва ҳаётимизни ўзгартирди. Биз қай йўсин меҳмондўстлик ҳамда ҳурмат кўрсатишни ва дўстлашишни билиб олдик. Шунингдек, турли йўллар орқали хизмат қилишни, Муқаддас Китоб асосида самарали суҳбатлар қуришни ва фикримизни аниқ етказишни ўргандик». Уильям эса шундай деди: «Сайёҳларнинг кўпи Албанияга гўзал соҳилларни кўриш учун келади. Менга эса у ернинг Альп тоғларига чиқиш ёқади. Ҳаммасидан кўпроқ бу ердаги одамларни яхши кўраман. Ҳудудимизга тегишли кўплаб қишлоқлардаги одамларга хушхабар фақат махсус кампаниялар бўлганида оз-моз етиб борган. У ерга келганимизда, бутун кун мобайнида фақатгина бир нечта оила билан гаплашишга улгурамиз. Ҳа, ҳали қиладиган иш кўп».

Уильям ва Лия

 Одамлар ҳақиқатни қабул қилишини кўриш ваъзгўйларга хурсандчилик келтиради. (1 Салоникаликларга 2:19, 20) Лаура Албанияга кўчиб ўтганида ёш ва турмушга чиқмаган эди. У қуйидагича бўлишди: «Бошида Фиерида хизмат қилдим. Икки ярим йил ичида у ерда 120 та янги ваъзгўй пайдо бўлди. Улардан 16 таси билан тадқиқ ўтдим». Сандра исмли опамиз эса қуйидагича бўлишди: «Бозорда ишлайдиган бир аёлга ваъз қилгандим. Кейинчалик, у сувга чўмди ва қишлоғига қайтиб кетди. Охирги марта гаплашганимизда, у 15 та тадқиқ ўтказаётганини айтди».

Лаура

Сандра

Яҳова уларни бардошли бўлгани учун мукофотлаяпти

 Албанияга бир неча йил аввал кўчиб келган имондошларимизнинг баъзилари ҳали ҳам ўша ерда ва хизматидан кўп қувонч оляпти. Улар йиллар олдин ваъз қилган инсонлар ҳақиқатни қабул қилганини билишганида ҳайрон қолди. (Воиз 11:6) Юқорида тилга олинган Кристофер шундай деди: «Албанияга илк бор кўчиб келганимда, бир киши билан тадқиқ ўтганман. Муқаддас Китоб асосида қурган суҳбатларимиз ҳалиям ёдида экан. Бу менга қаттиқ таъсир қилди. Ҳозирда у ва хотини Яҳовага хизмат қилишяпти». Федерика эса қуйидагича деди: «Бир сафар йиғилишда битта опамиз ёнимга келиб, мени эслайсизми, деб сўради. Кейин билсам, тўққиз йил аввал унга ваъз қилган эканман. Бироз вақт ўтгач, бошқа шаҳарга кўчиб кетгандим. У эса Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаб сувга чўмибди. Албаниядаги хизматимизнинг илк йиллари ҳеч қандай самара келтирмаган, деб ўйлардим. Лекин адашган эканман».

 Албания ва Косовога кўчиб ўтган биродару опа-сингилларимиз Яҳова уларнинг ҳаракатларига барака бераётганини ва ҳаётини чинакам мазмунли қилаётганини кўришди. Албанияда кўп йиллар хизмат қилган Элизио ҳаёт тажрибаси билан бўлишиб шундай деди: «Одамлар дунёдаги нарсаларга таяниш барқарорликнинг калити деб ўйлашади. Лекин бу ундай эмас. Фақатгина Яҳованинг меъёрлари ҳақиқий барқарорликка эришишга ёрдам беради. Буни Албанияда хизмат қилиб тушундим. Бу ерда ўзимни керакли ҳис қиляпман. Чинакам дўстларим бор. Улар билан мақсадларимиз бир». Сандра қуйидагича бўлишди: «Эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтганимда Яҳова орзуимни, яъни тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиш истагимни амалга ошириш имконини берганини ҳис қилдим. Албанияга кўчиб ўтганимдан ҳечам афсусланмайман. Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам бахтиёрман».

a Албаниядаги ваъзгўйлик иши борасида кўпроқ билиб олишни истасангиз, 2010 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»га (рус) қаранг.

b Косово Албаниянинг шимоли-шарқида жойлашган. Бу ҳудудда кўплар албанча шевада гапиради. Албаниядан, Европанинг баъзи мамлакатларидан ва Қўшма Штатлардан бўлган Шоҳидлар албанча шевада гаплашадиган инсонлар хушхабарни эшитиши учун Косовога кўчиб келишган. 2020 йилга келиб у ерда 256 та ваъзгўй, 8 та жамоат, 3 та гуруҳ ва 2 та бошланғич гуруҳ бор эди.