Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Гайана
«Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилиш қанчалар қувонч келтириши мумкинлигини сўз билан ифодалаш қийин!» Бу сўзларни Қўшма Штатлардан бўлган, лекин бир қанча вақт Гайанада хизмат қилган Жошуа айтди. Унинг айтганларига Жанубий Американинг бу ҳосилдор мамлакатида хизмат қилаётган кўпгина Яҳованинг Шоҳидлари тўлиқ қўшилади a. Хўш, бундай ваъзгўйларнинг мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Сиз ҳам ўзга юртда хизмат қилишни хоҳлаётган бўлсангиз, бундай сабоқлар сизга қандай қўл келиши мумкин?
Уларни нима ундаган?
Гайанага боришдан аввал Линел исмли биродар ўзи туғилиб ўсган Қўшма Штатларида камдан-кам ваъз қилинадиган ҳудудда хизмат қиларди. У шундай деди: «20 кишидан иборат бўлган гуруҳимиз Ғарбий Виргиниянинг шаҳардан ташқаридаги ҳудудларига тайинланган эди. Ўша икки ҳафта мобайнида маза қилиб ваъз қилганим ва мулоқот қилганим ҳаётимни ўзгартирди! Яҳовага имкон қадар кўпроқ тўла вақт хизмат қилишни қарор қилдим».
Герт ва Эрика исмли эр-хотин ўзга юртда хизмат қилиш ҳақида кўп ўйлаб юришган. Кейин эса Гайанани танлашган. Нима сабабли? Эрика: «Биз у ерга кўчиб борган битта жуфтликни таниймиз. Уларнинг шижоати ва хизматини яхши кўргани бизни ҳам у ерга кўчишга ундади»,— деди. Улар Гайанада уч йил хизмат қилишган ва ўша пайтни дилидаги энг ёқимли туйғу деб ҳисоблашади. Герт: «Чет элда хизмат қилишни тотиб кўрдик. Бу яхши экан!» — деб айтди. Улар кейинчалик Гилад мактабини битиришди. Ҳозир эса Боливияда хизмат қилишяпти.
Улар қандай тайёрланишган?
Муқаддас Китобдаги принциплар бизни содда ҳаёт кечиришга ундайди. (Ибронийларга 13:5) Шунингдек, ҳаётимизда муҳим қарорлар чиқараётганимизда, Муқаддас Китобга кўра, нима қилишимиз кераклиги ҳақида ҳам обдан ўйлашимиз зарур. (Луқо 14:26–33) Чет элга кўчиш ҳақидаги қарор ҳам муҳим деб ҳисобланади. Герт қуйидагиларни ёзди: «Гайанага боришдан олдин Эрика иккимиз ҳаётимизни соддалаштирдик. Яъни бизнес, уй ва ишлатмайдиган барча нарсаларимизни сотдик. Бунга бир неча йил кетди. У орада Гайанада хизмат қилиш мақсадимиз ёдимизда эди ва у ерга қисқа вақтга бир неча марта бориб келдик».
Инобатга олиш керак бўлган яна бир нарса харажатдир. Қонунлари йўл қўйган ўзга юртларда иш топиш мумкин. Баъзилар ўз мамлакатида қилган ишни компьютер орқали масофадан туриб ҳам давом эттиришади. Бошқалар эса ўз юртига бориб, вақтинча ишлаб келади. Масалан, Паул ва Синэд жуфтлиги йилда бир марта Ирландияда ишлаб келарди. Бу туфайли улар Гайанада унутилмас 18 йил, жумладан, қизи туғилганидан кейин етти йил хизмат қилишди.
Забур 37:5 да шундай ёзилган: «Йўлингни Яҳовага ишониб топшир, Унга таян ва У сенинг фойдангни кўзлаб иш тутади». Қўшма Штатлардан бўлган Кристофер ва Лорисса чет элда хизмат қилиш мақсади ҳақида доим ибодат қилишарди. Қолаверса, оилавий топиниш давомида улар муваффақият ила кўча олишини муҳокама қилиб, ҳам яхши, ҳам ёмон томонларни чамалаб кўришарди. Улар бошқа тилни ўрганиш керак бўлмаган бирон жойга кўчмоқчи бўлишгани учун, Гайанани танлашди. Инглиз тили у ерда расмий тил.
Яна улар Ҳикматлар 15:22 даги: «Маслаҳат бўлмаган жойда режалар барбод бўлади, маслаҳатчи кўп бўлса, улар амалга ошади»,— деган принципга амал қилишди. Улар Гайанадаги b фаолиятимизни назорат қиладиган филиалга имконияти борлигини ва ўзлари ҳақидаги маълумотни ёзиб юборишди. Шу билан бирга улар у ердаги тиббий хизматининг сифати, об-ҳаво ва урф-одатлари ҳақида суриштиришди. Филиал саволларига жавоб бериб, уларни кейинчалик кўчадиган ҳудуддаги оқсоқоллар кенгаши билан боғлашди.
Юқорида тилга олинган Линел ҳозир Гайанада кўчма нозир бўлиб хизмат қилади. У ерга кўчишдан олдин у ҳам Ҳикматлар 15:22 даги принципни қўллади. У шундай деб бўлишди: «Кўчиш учун пул йиғишдан ташқари, ўзга юртда хизмат қиладиган ваъзгўйлар билан суҳбатлашдим. Буни оилам, жамоатимдаги оқсоқоллар ва туман нозири билан муҳокама қилдик. Ҳамда ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш ҳақида топа олган барча адабиётларимизни ўқиб чиқдим».
Кўплар хизмат қилмоқчи бўлган мамлакатга бориб келишга қарор қилиб доно йўл тутган бўлишади. Жозеф билан Кристина: «Илк бор Гайанага уч ойга бориб келгандик. У ер қандай эканини билиб келиш учун бу етарли бўлди. Кейин эса уйга қайтдик ва керакли ишларимизни битириб, Гайанага биратўла кўчиб кетдик»,— деб айтишди.
Улар қандай қилиб мослашишган?
Чет элда самарали хизмат қилиш учун ваъзгўйлар фидойилик руҳига эга бўлиб, маҳаллий шароит ва одатларга мослашишга тайёр бўлишлари керак. Мисол учун, совуқ ҳудудлардан иссиқ ўлкаларга кўчганлар кўпинча уйларида турли-туман ҳашаротларни кўриб ҳайрон қолишади. Юқорида тилга олинган Жошуа қуйидагича деди: «Шу қадар кўп қурт-қумурсқани умримда кўрмаган эдим. Менимча, Гайанада энг баҳайбатлари яшайди! Лекин бора-бора кўникиб кетдим. Шунингдек, уйим тоза бўлса, ҳашаротлар ҳам камроқ бўлишини пайқадим. Вақтида идиш-товоқларни ювиб, ахлатни ташлаб, хоналарни доимо тозалаб туриш керак».
Бошқа мамлакатга мослашиш шунингдек, нотаниш озиқ-овқатга ва уларни тайёрлашга ўрганиш демакдир. Жошуа: «Қўшним иккимиз биродару опа-сингиллардан маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиб овқат тайёрлашни ўргатишларини сўрадик. Бирон янги таомни ўргангач, жамоатимиздагиларни меҳмонга таклиф қилиб, уни бирга ердик. Шу йўсин имондошларимиз билан ҳам яқиндан танишиб дўстлашардик»,— деди.
Паул ва Кэтлин маҳаллий урф-одатлар борасида қуйидагиларни айтиб беришди: «Адаб билан ўзини тутишга нима киришини, у ердаги иссиқ маҳалда тўғри келадиган кийим кийишни ўргандик. Бу биз учун янги тажриба эди. Камтарин бўлишимиз ва Муқаддас Китоб принципларига зид келмаган тарзда ўзгаришлар киритишимиз керак эди. Маҳаллий маданиятга мослашиш бизни жамоатдагиларга янада яқинлаштирди ва хизматимизда яхши мевалар келтиришга кўмаклашди».
Улар қандай фойда кўришган?
Жозеф билан Кристина кўпчилик қўшиладиган қуйидаги фикр билан бўлишишди: «Қийинчилик ва муаммоларга қараганда, қут-баракалари кўпроқдир. Янги ва биз учун қийин бўлган ишларни қилиш ҳаётимизда нима аҳамиятли деб билишимизга ҳисса қўшди. Илгари биз учун жуда муҳим бўлган нарсаларни энди ундай деб билмаймиз. Ҳар бир вазият Яҳова учун қўлимиздан келганини қилиш қароримизни янада кучайтирди. Чинакамига қаноат қилишни ва мамнун бўлишни ўргандик».
Юқорида тилга олинган Эрика шундай деди: «Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилиш эрим иккимизга Яҳовага таяниш нимани англатишини яхшироқ тушунишимизга ёрдам берди. Унинг қўллаб-қувватлашини бурун ҳис қилмаган тарзда сездик. Янги нарсаларни бирга бошдан кечириб янада иноқлашдик».