Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Жиноят ва пулпарастлик менга кўп азоб келтирди»

«Жиноят ва пулпарастлик менга кўп азоб келтирди»
  • Туғилган йили: 1974

  • Мамлакати: Албания

  • Ўтмишда: ўғрилик қилган, гиёҳванд моддаларини сотган, қамоқда ўтириб чиққан

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Албаниянинг пойтахти Тирана шаҳрида камбағал оилада туғилганман. Отам ҳалол ишчи эди ва бизни боқиш учун кўп меҳнат қиларди. Лекин зўрға кун кечирардик. Болалигимда камбағаллигимиз дастидан роса хафа бўлардим. Ҳатто оёқ кийимим йўқ эди ва тўйиб овқат ея олмасдим.

 Болалигимда ўғрилик қилишни бошладим. Оиламга ғамхўрлик қиляпман, деб ўзимни-ўзим алдардим. Кейинчалик мен полициянинг қўлига тушдим. Шунинг учун, 1988 йили 14 ёшлигимда отам мени ўсмирларни тузатадиган мактабга юборди. У ерда икки йил ўқидим ва пайвандчиликка ўргандим. Уйга қайтганимда эса ҳалол яшамоқчи эдим, бироқ иш топа олмадим. Албаниядаги кўп одамлар сиёсий нотинчликлар дастидан иш топа олмасди. Шунда руҳим тушди ва дўстларим билан вақт ўтказадиган бўлдим. Ўшанда яна ўғрилик қила бошладим. Охири мен ва дўстларим уч йилга қамалдик.

 Қамоқдан чиққанимдан кейин яна жиноят қилишда давом этдим. Албаниянинг сиёсати жар ёқасида эди ва мамлакатда тартибсизлик ҳукм сураётган эди. Шундай қийин пайтларда ноқонуний йўллар орқали кўп пул орттирдим. Қуролли талончиликдан кейин иккита шеригим ҳибсга олинди. Мен узоқ муддатга қамалмаслик учун мамлакатдан қочдим. Ўшанда Юлиндага уйлангандим ва ўғилчамиз бор эди.

 Биз Англияга келдик. Хотиним ва ўғлим билан ҳаётимни янгидан бошлаш учун кўп ҳаракат қилдим. Лекин эски иллатларим менда чуқур илдиз отиб кетганди. Кўп ўтмай яна жиноятга аралашдим. Бу сафар гиёҳванд моддаларнинг савдоси билан шуғулланадиган бўлдим ва қўлимдан катта пул ўтарди.

 Юлинда ишларимга қандай муносабатда бўлган? Бу саволга унинг ўзи жавоб берсин: «Мен Албанияда улғайганман. Шунинг учун, камбағалликдан қутулишни орзу қилардим. Яхши яшаш учун ҳар нарсага тайёр эдим. Мен учун пул энг муҳими бўлган. Шу боис, у алдагани, ўғрилик қилгани, гиёҳванд моддаларни сотганига кўз юмардим».

«У алдагани, ўғрилик қилгани, гиёҳванд моддаларни сотганига кўз юмардим». (Юлинда)

 2002 йили ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Барча орзу-ҳавасларимиз пучга чиқди. Мен катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан қўлга тушдим ва яна қамоққа ташландим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Ҳали ўзим англаб етмасимданоқ Муқаддас Китоб ҳаётимга таъсир қила бошлаганди. 2000 йили Юлинда Яҳованинг Шоҳидлари билан танишиб улар билан тадқиқ бошлаганди. Бу мени қизиқтирмасди. Чунки Муқаддас Китоб зерикарли, деб ўйлардим. Юлинда эса шундай деди: «Мен художўй оилада катта бўлганман. Шунга Муқаддас Китобни яхши кўрардим ва у мен учун қадрли эди. Мен доим у ерда нима ёзилганини билишни истардим. Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтиш менга жуда ёқарди. Муқаддас Китобда ёзилган кўп нарсалар тўппа-тўғри эканини тушунардим. Бу туфайли ҳаётимга баъзи ўзгаришлар кирита олдим. Лекин Артан ҳибсга олинмагунча пулга бўлган нуқтаи назарим ўзгармаган эди. Ўшанда бошим деворга урилгандай бўлди. Шунда Муқаддас Китобда пул борасида ёзилганлар ҳақиқат эканини тушундим. Биз пулни деб ўзимизни ўтга, чўққа урдик, лекин бахтсиз эдик. Худонинг меъёрларига тўлиқ амал қилишим кераклигини англаб етдим».

 2004 йили озодликка чиқдим ва кўп ўтмай гиёҳванд моддаларни сотмоқчи бўлдим. Аммо бу сафар Юлинда бунга бошқача муносабатда бўлди. Унинг сўзлари мени ўйлантириб қўйди. У шундай деди: «Пулингиз менга бошқа керак эмас. Менга эрим ва болаларимга ота керак». Бундан лол қолдим, лекин у ҳақ эди. Чунки бир неча йил оиламдан узоқда бўлганман. Ҳаром йўл билан пул топишга ҳаракат қилиб кўп азоблар орттирганимни тушундим. Шунда ўзгариш вақти келганини англадим ва эски оғайниларим билан алоқани уздим.

 Хотиним ва иккита ўғлим билан Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залига борганимда, ҳаётимда катта бурилиш юз берди. У ерда самимий ва мулойим инсонларни учратдим ва бу менга қаттиқ таъсир қилди. Охири Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим.

Пулимиз кўп бўлса, бахтли бўламиз деб ўйлардим

 Муқаддас Китобдан «ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир. Баъзилар унга берилиб,.. кўпгина азобларга дуч келиб, ўзларини яралашди», деган сўзларни билиб олдим. (1 Тимўтийга 6:9, 10) Бу сўзлар ҳақиқат эканини яхши билардим. Ўтмишимнинг оқибатлари ва бу оиламга ҳамда ўзимга қанчалик азоб келтирганидан қаттиқ афсусда эдим. (Галатияликларга 6:7) Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исо Масиҳ бизни севишини билганимда, шахсиятим устида ишлай бошладим. Мен ўзим ҳақимда камроқ, бошқалар ҳақида эса кўпроқ ўйлайдиган бўлдим. Шунингдек, оилам билан кўпроқ вақт ўтказишни бошладим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Муқаддас Китобдаги мана шу маслаҳатга амал қилиш менга фойда келтирди: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар». (Ибронийларга 13:5) Ҳозир ич-ичимдан хотиржамман, виждоним пок. Бу менга кўп қувонч келтирди. Бунақаси олдин бўлмаган. Никоҳимиз мустаҳкамланди ва оила аъзоларимиз билан жуда яқинмиз.

 Пулимиз кўп бўлса, бахтли бўламиз деб ўйлардим. Лекин жиноят ва пулпарастлик менга кўп азоб келтирди. Буни ҳозир тушуняпман. Биз моддий тарафдан бой эмасмиз, лекин энг қимматбаҳо нарсага — Яҳова билан дўстликка эгамиз. Унга оиламиз билан ҳамжиҳатлик билан топиниш бизни чинакамига бахтли қиляпти.

Оиламиз билан Яҳова Шоҳидларининг анжуманида