МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
«Мен кўчаларда яшаб юрдим»
Туғилган йили: 1955
Мамлакати: Испания
Ўтмишда: гиёҳвандлик ва ичкиликка берилган, шафқатсиз бўлган
ОЛДИНЛАРИ
Айрим одамларга ўзининг аччиқ тажрибасидан сабоқ олиш учун кўп вақт керак бўлади. Менда ҳам шундай бўлган. Мен Испаниянинг катталиги бўйича иккинчи ўринда турадиган Барселона шаҳрида туғилиб ўсганман. Оиламиз билан Соморростро деб аталадиган ҳудудда яшардик. Бу ҳудуд соҳилнинг катта қисмини эгалларди. Соморростро жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдоси кенг тарқалгани билан танилган эди.
Оилада тўққизта фарзандмиз ва мен уларнинг энг каттасиман. Жуда камбағал бўлганимиз учун отам мени маҳаллий теннис клубига ишлашга юборди. Мен тўпларни йиғиб, ўйинчиларга узатардим. Ўшанда ўн ёшда эдим ва кунига ўн соатлаб ишлардим. Бу туфайли бошқа тенгдошларим сингари мактабга бора олмасдим. 14 ёшда бўлганимда металл цехида слесарь бўлиб ишлай бошладим.
1975 йили мени ҳарбий хизматга чақиришди, Испанияда бу мажбурий эди. Ҳаётимда арзигулик нимадир қилишни истардим, шунинг учун Мелильядаги Испаниянинг хорижий легионига ўз ихтиёрим билан қўшилдим. Мелилья Испаниянинг Шимолий Африкадаги ҳудуди. Ўша пайтда мен гиёҳванд моддалар ва ичкиликка ружу қўйдим.
Легионни тарк этганимда Барселонага қайтдим ва жиноий тўда ташкил қилдим. Биз қўлга илинган ҳамма нарсани ўғирлардик. Кейин ўғирланган нарсаларни сотиб, пулига гиёҳванд моддаларни сотиб олардик. Мен ЛСД ва амфетаминларни қабул қила бошладим ҳамда жинсий ахлоқсизлик, ичкилик ва қиморбозликка муккамдан кетдим. Бундай ёмон ҳаёт тарзи туфайли янада шафқатсиз бўлиб борардим. Ўзим билан доим пичоқ, болта ёки мачете қиличини олиб юрардим ва керак бўлса уларни ишга солишдан таб тортмасдим.
Бир сафар тўдамиз билан машина ўғирладик ва полиция кетимизга тушди. Бу худди кинодагидай эди. Ўғирланган машинада 30 километр юрганимизда полиция бизга қарата ўқ уза бошлади. Охири машина нимагадир урилиб тўхтаб қолди ва ҳаммамиз воқеа жойидан қочиб кетдик. Отам бундан хабар топганида мени уйдан ҳайдаб юборди.
Кейинги беш йил давомида мен кўчаларда яшаб юрдим. Мен подъезд, юк машинаси, паркдаги скамейкалар ва қабристонда ухлардим. Бир қанча вақт ғорда ҳам яшадим. Ҳаётим бутунлай мазмунсиз эди ва тирик ёки ўлик эканим билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Гиёҳванд моддалар таъсири остида бўлганимда билакларим ва қўлларимни кесардим. Ўшандан қолган чандиқлар ҳалигача бор.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ
28 ёшда бўлганимда ойим мени қидириб келди ва уйга қайтишимни сўради. Мен рози бўлдим ва ҳаётимни тартибга солишни ваъда қилдим. Аммо бу ваъдани бажариш учун менга вақт керак бўлди.
Бир куни тушдан сўнг иккита Яҳованинг Шоҳиди эшигимизни тақиллатиб келишди. Уларни тинглаётганимда отам уй ичкарисидан эшикни ёпишимни айтиб бақирди. Менга буйруқ беришларини ёқтирмасдим, шунинг учун унга эътибор бермадим. Шоҳидлар менга учта китобчани таклиф қилишди ва мен уларни бажонидил олдим. Улар қаерда йиғилиши ҳақида сўрадим ва бир неча кундан сўнг Йиғилиш залига бордим.
У ерда диққатимни тортган илк нарса ҳамманинг тоза ва чиройли кийингани эди. Улардан фарқли ўлароқ менинг соч-соқолим ўсиб кетганди ва жулдур кийимда эдим. Кўринишим у ерга киришга мос келмасди, шунга зал ташқарисида турдим. Аммо у ерда эски танишим ва тўдамизнинг собиқ аъзоси Хуанни кўриб ҳайрон қолдим. У костюм-шим кийиб олганди. Кейин билсам у бир йил аввал Яҳованинг Шоҳиди бўлибди. Уни ўша ерда кўрганим мени ичкарига киришга ва учрашувда ўтиришга ундади. Шундан сўнг ҳаётим ўзгара бошлади.
Мен Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш таклифини қабул қилдим ва тез орада шуни тушундимки, Худога маъқул келишни истасам қизиққон хулқ-атворим ва ахлоқсиз ҳаёт тарзимни ўзгартиришим керак. Бундай ўзгаришларни қилиш осон бўлмади. Худованд Яҳовани мамнун қилиш учун онгимни янгилаб, ўзимни ўзгартиришим кераклигини билиб олдим. (Римликларга 12:2) Худо раҳм-шафқатли экани менга қаттиқ таъсир қилди. Кўплаб хатолар қилганимга қарамай, У менга ҳаётимни қайтадан бошлаш имконини берди. Тангри Яҳова ҳақида билиб олганларим қалбимни забт этди. Менга ғамхўрлик қиладиган Яратувчи борлигини англадим. (1 Бутрус 5:6, 7)
Бу нарсалар мени ҳаётимга ўзгариш киритишга ундади. Масалан, Муқаддас Китоб тадқиқида тамаки мавзусини муҳокама қилганимизда, ўзимга шундай дедим: «Агар Аллоҳ Яҳова мени тоза ва ҳар томонлама пок бўлишимни истаса, демак, сигаретга ўрин йўқ!» (2 Коринфликларга 7:1) Шу билан уларни ахлатга ташлаб юбордим.
Мен гиёҳванд моддаларни қабул қилиш ва сотишни ҳам ташлашим керак эди. Бунга бироз кўпроқ вақт ва ҳаракат талаб этилди. Ушбу мақсадга эришиш учун эски оғайниларим билан алоқани узишим кераклигини билардим. Уларнинг таъсири маънан ўсишимга тўсқинлик қилаётганди. Вақт ўтиб Худога ҳамда жамоатдаги янги дўстларимнинг ёрдамига кўпроқ таянишни ўргандим. Авваллари ҳеч ким менга бунчалик севги ва самимий қизиқиш кўрсатмаганди. Орадан ойлар ўтиб, охири гиёҳванд моддалар чангалидан қутулдим ва «янги ўзликни кийиб олдим», бу эса Худонинг марҳаматига эришишимга кўмаклашди. (Эфесликларга 4:24) 1985 йили августда Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ?
Муқаддас Китоб ҳаётимни яхши томонга ўзгартирди. Бу китоб соғлиғим ва ўзимга бўлган ҳурматимни емириб бораётган ҳаёт тарзидан мени қутқарди. 30 дан ошиқ эски танишларим ОИТС ёки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ бошқа касалликлар дастидан ҳаётдан эрта кўз юмишди. Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилиш мени бундай фожиали оқибатлардан асраб қолгани учун ниҳоятда миннатдорман.
Ўзим билан пичоқлару болталар кўтариб юрган ва шафқатсиз бўлган пайтларим ўтмишда қолди. Бир кун келиб ўзим билан Муқаддас Китоб олиб юришим ва ундан бошқаларга ёрдам бериш учун фойдаланишим ҳаёлимга ҳам келмаганди. Ҳозир рафиқам иккимиз Яҳова Шоҳидларининг тўла вақтли хизматчиларимиз.
Ота-онам Яҳованинг Шоҳиди бўлишмади, бироқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш менга фойда келтирганини қадрлашарди. Отам ҳатто ҳамкасблари олдида Яҳованинг Шоҳидларини ҳимоя қилиб гапирарди. Янги эътиқодим ҳаётимни қанчалик ўзгартириб юборганини отам яхши биларди. Онам эса Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни аввалроқ бошлашим кераклигини тез-тез айтарди. Унинг гапига бутунлай қўшиламан!
Ўз тажрибамдан шуни тушундимки, гиёҳванд моддалар ва бошқа иллатлардан қониқиш излаш — аҳмоқлик. Ҳозир Аллоҳнинг Каломидаги таълимотларни бошқаларга ўргатиб ҳақиқий қониқиш ҳис қиляпман. Бу таълимотлар ҳаётимни асраб қолди.