Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Ниҳоят отам билан тил топишдим

Ниҳоят отам билан тил топишдим
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1954

  • МАМЛАКАТИ: Филиппин

  • ЎТМИШДА: шафқатсиз отасидан қочиб кетган

ОЛДИНЛАРИ

 Кўпгина сайёҳлар Филиппиннинг Пагсаньян шаҳри яқинидаги машҳур шаршарани кўришга келади. Отам Нардо Лерон бу ерда қашшоқликда улғайган. Давлатдаги ноҳақлик, полициянинг босими ва иши туфайли у баджаҳл ва дарғазаб бўлиб қолган.

 Ота-онамиз биз саккизта фарзандни боқиш учун оғир меҳнат қиларди. Кўпинча улар гуруч етиштириш ёки деҳқончилик билан шуғулланиш учун узоқ вақтга тоққа кетишарди. Акам Роделио ва мен ўз ҳолимизга ташлаб қўйилган эдик ва тез-тез оч қолардик. Бола бўлсак-да, ўйнашга вақтимиз бўлмас эди. Етти ёшдан бошлаб ҳар биримиз ота-онамизга ёрдам бериш учун кокослар ортилган оғир юкларни тик тоғ йўллари бўйлаб ташишга мажбур эдик. Агар юк ҳаддан зиёд оғир бўлса, уни судрашимиз керак эди.

 Отамизнинг дўппослашига чидардик, аммо у онамизни уришини кўриш оғриқлироқ эди. Уни тўхтатишга уринардик, лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Акам Роделио билан улғайганимизда отамизни ўлдиришга яширинча келишиб олдик. Бизни севадиган отага муҳтож эдим.

 Отамнинг зўравонлигидан тўйиб кетгандим ва ғазабда эдим, шу йўсин, 14 ёшимда уйдан қочиб кетдим. Бир мунча вақт кўчада яшадим ва марихуана чекишни бошладим. Охири қайиқчи бўлиб ишга кирдим; сайёҳларни шаршарага таширдим.

 Бир неча йил ўтиб Манилада университетда ўқий бошладим. Лекин дам олиш кунлари ишлаш учун Пагсаньянга борардим ва ўқишга кам вақт қоларди. Ҳаётим оғир ва мақсадсиз эди. Устига-устак, хавотирларимга барҳам беришда марихуана билан қониқмай қолдим. Мен метамфетамин, кокаин ва героинни татиб кўрдим. Гиёҳванд моддалари туфайли жинсий ахлоқсизлик билан шуғулланардим. Ҳаётим қашшоқлик, ноҳақлик ва азоб-уқубатга тўла эди. Ҳукуматдан нафратланардим ва муаммоларимда уларни айбдор деб билардим. Худодан: «Нега ҳаёт бундай?» — деб сўрардим. Турли динлар ҳақида ўрганишга ҳаракат қилдим-у, саволларимга жавоб топа олмадим. Руҳимни кўтариш мақсадида гиёҳванд моддаларини кўпроқ қабул қила бошладим.

 1972 йили Филиппиндаги талабалар ҳукуматга қарши исён кўтарди. Ўша исёнлардан бирига қўшилдим ва у зўравонлик билан якун топди. Кўпларни ҳибсга олишди ва бир неча ойдан кейин мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

 Мен яна кўчада қолдим ва бу сафар исёнда қатнашганим туфайли қўрққандим. Гиёҳванд моддаларига пул топиш учун ўғрилик қилардим. Охири, бой ҳамда чет эллик кишилар билан пул эвазига жинсий ахлоқсизлик қилардим. Яшайманми ё ўламанми менга фарқи йўқ эди.

 Ўша пайтлари онам ва укам Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади. Отамнинг бундан қаттиқ жаҳли чиқди ва у Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни ёқиб ташлади. Лекин улар таслим бўлишмади ва Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмишди.

 Бир куни Яҳованинг Шоҳиди отамга ер юзида адолат тикланиши ҳақидаги Муқаддас Китобда келтирилган ваъда билан бўлишган. (Забур 72:12–14) Бу умид унга шунчалик таъсир қилганидан у тадқиқни бошлаган. Отам Муқаддас Китобдан нафақат Худонинг адолатли бошқарув ҳақидаги ваъдасини, балки У эр ва отадан нимани талаб қилишини ҳам билиб олган. (Эфесликларга 5:28; 6:4) Кўп ўтмай, отам, ака-ука ва сингилларимнинг барчаси Яҳованинг Шоҳиди бўлишган. Уйдан узоқда бўлганим сабаб, булардан бехабар эдим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 1978 йили Австралияга кўчиб ўтдим. Ҳатто шундай бой ва фаровон мамлакатда ҳам тинчлик топа олмадим. Спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларини ҳанузгача истеъмол қилардим. Ўша йили меникига Яҳованинг Шоҳидлари келди. Улар менга ер юзида тинчлик бўлиши тўғрисида Муқаддас Китобда ёзилганларни кўрсатишди ва бу менга ёқди. Аммо улар билан эҳтиёткорлик ила муомала қилардим.

 Бу воқеадан кўп ўтмай, бир неча ҳафтага Филиппинга қайтдим. Оила аъзоларим отамиз яхши тарафга ўзгариш учун роса ҳаракат қилганини айтди. Лекин қалбим шу қадар ғазабга тўлганидан, ўзимни ундан олиб қочардим.

 Синглим нега ҳаёт азоб-уқубат ва адолатсизликка тўла эканини Муқаддас Китоб асосида тушунтириб берди. Шунда ҳаётда оз тажрибага эга бўлган ўсмир қиз саволларимга жавоб бера олганидан ҳайрон қолдим. Кетишимдан аввал отам менга «Ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз» a номли китобни берди. У: «Бундай яшашни бас қил. Бу китобдан излаётган нарсангни топасан»,— деб айтди. Отам мени Австралияга қайтганимда Яҳованинг Шоҳидлари билан боғланишга ундади.

 Отамнинг маслаҳатига қулоқ солдим ва Брисбендаги уйим яқинида Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залини топдим. Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошладим. Муқаддас Китобдаги, масалан, Дониёр 7- боб ва Ишаё 9- бобдаги башоратларидан шуни кўрдимки, келажакда Худонинг адолатли Шоҳлиги бошқарар экан. Шунингдек, ерда жаннат бўлишини ва қувониб яшашимизни билиб олдим. Худога маъқул келишни истардим; бунинг учун ҳис-туйғуларимни назорат қилишим, гиёҳванд моддалари ва спиртли ичимликларга чек қўйишим ҳамда ахлоқсиз ҳаёт тарзига якун ясашим керак эди. Бирга яшаётган қиз билан муносабатларни уздим ва ёмон одатларимдан қутулдим. Яҳовага бўлган ишончим ошгани сайин, бошқа ўзгаришларни қила олишим учун ёрдам сўраб, Яҳовага ибодат қилардим.

 Бора-бора шуни тушундимки, мен олаётган билим инсонни чинакамига ўзгартира оларкан. Муқаддас Китобга кўра, ҳаракат қилсак «янги ўзликни» кия оламиз. (Колосаликларга 3:9, 10) Бунга интилар эканман, отам ҳам ўзгараётгани тўғрисида эшитганларим рост бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Унга дарғазаб бўлиш ва ёмон муносабатда бўлишнинг ўрнига, у билан тинч муносабатларга эришишни истадим. Хуллас, отамни кечирдим ва болаликдан бери мени тарк этмаган нафратни қўйиб юбордим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Ёшлигимдан бошқаларга эргашиб бузғунчилик қилиб, зарар келтирардим. Муқаддас Китобдаги ёмон одамлар билан мулоқот қилиш ҳақидаги огоҳлантирув чин эканига амин бўлдим. Айнан ёмон одамлар билан мулоқот қилиш мени йўлдан оздирган эди. (1 Коринфликларга 15:33) Лекин Яҳова Шоҳидларининг орасида ишончли дўстларга эга бўлдим ва бу яхши тарафга ўзгаришимга ёрдам берди. Қолаверса, уларнинг орасида қадрли турмуш ўртоғим Лоретани учратдим. Биргаликда бошқаларга улар Муқаддас Китобдан қандай фойда олишлари мумкинлигини ўргатамиз.

Турмуш ўртоғим ва дўстлар билан овқатланяпмиз

 Муқаддас Китоб туфайли отам мен тасаввур қилмаган даражада ўзгарди — у меҳрибон эр ва камтарин, тинчликсевар масиҳий бўлди. 1987 йили Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмганимдан кейин оила аъзоларим билан йиғилдик. Ўшанда отам умримда илк бор мени қучоқлади!

 35 йилдан ошиқ вақт давомида ота-онам биргаликда Муқаддас Китобдаги умидни бошқалар билан бўлишди. Отам меҳнаткаш ва бошқаларга ёрдам берадиган инсонга айланди. Ўша йиллар мобайнида уни ҳурмат қилишга ва яхши кўришга ўргандим. Унинг ўғли эканимни айтишдан фахрланардим! Отам 2016 йили ҳаётдан кўз юмди. Уни ижобий фикрлар билан эслайман. Чунки иккаламиз ҳам Муқаддас Китоб таълимотларига амал қилиш учун шахсиятимизни ўзгартирганимизни биламан. Энди, олдингидек нафратни ҳис этмайман. Шунингдек, барча ердаги оилалар дуч келаётган қийинчиликларга чек қўйишни ваъда қилаётган самовий Отамни, Тангри Яҳовани, топганим учун миннатдорман.

a Бу китоб Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чиқарилган, аммо ҳозир чоп этилмайди.