Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Энди зўравонликнинг қули эмасман»

«Энди зўравонликнинг қули эмасман»
  • Туғилган йили: 1956

  • Мамлакати: Канада

  • Ўтмишда: умидлари пучга чиққан, ахлоқсиз ва зўравон

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Альбертанинг (Канада) Калгари шаҳрида туғилганман. Чақалоқлигимда ота-онам ажрашди ва онам мен билан бувам ва бувимникига кўчди. Улар онам билан мени роса яхши кўрарди ва болалигим бахтиёр ўтган. Ўша тинч болалик йилларимни ҳалигача завқ ила эслайман.

 Етти ёшимда онам отам билан қайта турмуш қурди ва биз Сент-Луисга (Миссури, Қўшма Штатлар) кўчдик. Ўшанда ҳаётим ёмон тарафга ўзгарди. Кўп ўтмай отам жуда бешафқат эканини англадим. Масалан, янги мактабимга биринчи куни бориб-келганимда, отам у ерда мени уришгани ва жавоб қайтармаганимдан хабар топди. Унинг ғазаби қайнади ва мени мактабдаги болалардан ҳам қаттиқроқ урди. Бундан қўштирноқ ичида сабоқ олдим ва атиги етти ёшимда болалар билан ёқалашишни бошладим.

 Отамнинг ёмон табиати онамнинг жаҳлини чиқарарди ва уйимизда тез-тез жанжал бўларди. 11 ёшимдан гиёҳванд моддаларини ва спиртли ичимликларни истеъмол қиладиган бўлдим. Тобора жаҳлдор бўлиб борардим ва кўпинча кўчадаги одамлар билан муштлашардим. Мактабни битирадиган пайтга келиб, зўравон табиатим мени бутунлайин ўзгартириб юборди.

 18 ёшимда АҚШ Ҳарбий-денгиз флотида хизмат қила бошладим. Бу ерда олган таълимим зўравонлигимни оширганидан одам ўлдиришни ҳам ўргандим. Беш йил ўтгач, ҳарбий хизматдан кетдим ва Федерал тергов бюросида ишлаш мақсадида психологияни ўрганишга киришдим. Ўқишни Қўшма Штатлардаги университетда бошладим ва кейин Канадага кўчиб, у ерда давом эттирдим.

 Университетда одамлар ва умуман жамиятдан кўнглим қолди. Гўёки одамлар фақат ўзини ўйларди, дунёдаги барча нарса мазмунсиздай ва инсоният муаммоларининг ечими йўқдай кўринарди. Одамлар дунёдаги аҳволни яхшилай олиши борасидаги умидларим пучга чиқди.

 Ҳаётда мақсадим бўлмагани учун спиртли ичимликларни ва гиёҳванд моддаларини суиистеъмол қилиш, пулнинг ортидан қувиш ва жинсий ахлоқсизлик домига тушиб кетдим. Ҳаётим маишат билан ўтарди ва бугун битта аёл, эртаси куни эса бошқа аёл билан яшаб юрардим. Ҳарбий таълим олганим туфайли ўзимга ишонардим ва тез-тез ёқалашиб кетардим. Адолат борасида ўз тушунчаларимга эга эдим ва кимдир бошқасига ноҳақ муомала қилинганини кўрсам, унга қарши чиқишим мумкин, деб ўйлардим. Аслида эса зўравонликнинг қулига айланиб бўлгандим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Бир куни уйимнинг ер тўласида дўстим билан гиёҳванд моддаларининг кайфи таъсирида эдик ва марихуанани сотиш учун кема орқали ноқонуний тарзда жўнатишга тайёрлаётгандик. Ўша дўстим Худога ишониш-ишонмаслигимни сўради. Мен: «Дунёдаги азоб-уқубатларда Худо айбдор бўлса, У ҳақида билишни истамайман», деб жавоб бердим. Эртаси куни янги ишимда Яҳованинг Шоҳиди бўлган ҳамкасбим менга: «Нима деб ўйлайсиз, дунёдаги азоб-уқубатларда Худо айбдорми?» деган савол берди. Унинг саволи мени ҳайрон қолдирди ва қизиқтириб қўйди. Кейинги олти ой давомида кўп суҳбатлашдик ва у ҳаёт борасидаги айрим қийин саволларимга Муқаддас Китоб асосида жавоб берди.

 Ўша пайтда яшаб юрган маъшуқам билиб олаётганларимни у билан бўлишишимни истамас эди. Якшанба кунларининг бирида Яҳованинг Шоҳидлари биз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишлари учун уларни уйимизга таклиф қилганимни айтдим. Эртаси куни ишдан қайтсам, у бор-будимизни йиғиб, уйдан кетиб қолган экан. Шунда ташқарига чиқиб, йиғладим. Худога ибодат қилиб, ёрдам сўраб ёлвордим. Ўшанда ибодатда биринчи мартда Худонинг Яҳова деган шахсий исмини қўлладим. (Забур 83:18)

 Икки кун ўтгач, Яҳованинг Шоҳиди бўлган бир жуфтлик мен билан тадқиқ бошлади. Улар кетгач, тадқиқ учун мўлжалланган «Ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз» китобини ўқишда давом этдим ва ўша кечаёқ уни охиригача ўқиб чиқдим a. Тангри Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исо Масиҳ ҳақида ўқиганларим қалбимга таъсир қилди. Яҳова меҳр-шафқатли эканини ва азоб чекканимизда, бу Унга оғриқ келтиришини кўрдим. (Ишаё 63:9) Айниқса, Худонинг севгиси ва Унинг Ўғли мен учун ўзини қурбон қилгани қалбимга қаттиқ таъсир қилди. (1 Юҳанно 4:10) Яҳова менга нисбатан сабр қилганини тушундим, «сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутрус 3:9) Яҳова мени Ўзига жалб қилаётганини ҳис этдим. (Юҳанно 6:44)

 Ўша ҳафтаданоқ йиғилишларга қатнай бошладим. Сочларим узун, сирғалар таққандим, кўринишим ҳам қўрқинчли эди. Лекин Яҳованинг Шоҳидлари мени анчадан бери кўрмаган қариндошини қарши олгандай кутиб олди. Уларнинг хулқ-атвори Худонинг чинакам хизматчилариникидай эди. Ўзимни гўёки бувам ва бувимнинг уйида бўлиб қолгандай ҳис этдим, аммо бу ер ундан ҳам яхшироқ эди.

 Кўп ўтмай Муқаддас Китобдан билиб олаётганларим ҳаётимни ўзгартира бошлади. Сочимни кестирдим, барча ахлоқсиз одатларимни ташладим ва гиёҳванд моддаларию спиртли ичимликлардан воз кечдим. (1 Коринфликларга 6:9, 10; 11:14) Яҳовани мамнун қилишни истардим. Шу сабабли, У қайсидир ишимни маъқулламаслигини билганимда, ўзимни оқлаш учун баҳона қидирмасдим. Аксинча, кўпинча юрагимга қилич санчилгандай бўларди. Ўзимга ўзим: «Бошқа бундай давом эта олмайман», деб айтардим. Ҳеч иккиланмай фикрлаш тарзим ва хулқимни ўзгартириш учун ўз устимда ишлардим. Натижада Яҳова айтганидай йўл тутиш фойда келтиришини дарров тушундим. 1989 йили 29 июлда  тадқиқ бошлаганимдан олти ой ўтгач Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Муқаддас Китоб ёрдамида шахсиятимни ўзгартирдим. Олдинлари зўравон одамга дуч келсам, кўпинча ўзим ҳам зўравонлик қилардим. Бироқ ҳозир «барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечириш» учун жон куйдираман. (Римликларга 12:18) Буни ўз кучим билан қилмадим, аксинча, Яҳова Каломи ва муқаддас руҳи орқали ўзгаришимга кўмаклашгани учун Ундан миннатдорман. (Галатияликларга 5:22, 23; Ибронийларга 4:12)

 Энди гиёҳванд моддалари, зўравонлик ва ахлоқсиз хоҳиш-истакларнинг қули эмасман. Аксинча, Тангри Яҳовани мамнун қилиш ва Унга энг яхшисини бериш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Бу бошқаларга Уни таниб-билишга ёрдам беришни ҳам ўз ичига олади. Сувга чўмганимдан бир неча йил ўтгач, ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун бошқа мамлакатга кўчиб ўтдим. Йиллар давомида кўпларга Худо ҳақида ўргатишдан ва улар ҳам Муқаддас Китоб ёрдамида ҳаётини яхши тарафга ўзгартираётганини кўришдан қувонч ҳис қилиб келяпман. Қолаверса, онам ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлганидан хурсандман. Нуқтаи назарим ва хулқим ижобий тарафга ўзгаргани бунга қисман сабаб бўлди.

 1999 йили Сальвадорда ҳозир Шоҳлик хабарчилари мактаби деб аталадиган мактабда ўқидим. Бу мактабда хушхабарни ёйишда етакчилик қилиш, жамоатда таълим бериш ва чўпонлик қилиш учун таълим олдим. Ўша йили сал кейинроқ азиз рафиқам Евгения билан оила қурдик. Икковимиз Гватемалада тўла вақтли хизматдамиз.

 Ҳозир умидларим пучга чиқмаган, аксинча, мен чинакамига бахтлиман. Муқаддас Китобда ёзилганларга амал қилиш мени жинсий ахлоқсизлик ва зўравонлик қуллигидан озод этди. Энди ҳаётимда ҳақиқий севги ва тинчлик ҳукм сурмоқда.

a Ҳозирда Яҳованинг Шоҳидлари тадқиқ учун асосан «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли адабиётдан фойдаланади.