Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Ўзимга-ўзим гўр қазиётган эдим»

«Ўзимга-ўзим гўр қазиётган эдим»
  • Туғилган йили: 1978

  • Мамлакати: Салвадор

  • Ўтмишда: зўравон тўда аъзоси

ОЛДИНЛАРИ

 «Чиндан ҳам Худо ҳақида ўрганмоқчи бўлсанг, Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ қилишда давом эт». Бу сўзларни эшитиб ҳайрон бўлган эдим. Ўшанда Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлаганимга кўп бўлмаган эди. Нега ҳайрон бўлганимнинг сабабини тушунишингиз учун, ўтмишим ҳақида бир оз айтиб берай.

 Мен Салвадорнинг Кесальтепеке шаҳрида туғилганман. 15 та фарзанднинг олтинчисиман. Ота-онам мени ҳалол ва қонунга бўйсунадиган қилиб тарбиялашга ҳаракат қилган. Қолаверса, Леонардо исмли биродар ва Яҳованинг бошқа Шоҳидлари вақти-вақти билан бизникига келиб турарди. Аммо ўрганганларимга амал қилмадим ва бирин-кетин нотўғри қарорлар чиқардим. 14 ёшлигимда мактабдаги дўстларим билан спиртли ичимликлар ичишни ва гиёҳванд моддаларини қабул қила бошладим. Улар бирма-бир мактабдан кетиб, тўдага қўшиларди ва мен ҳам уларнинг орқасидан бордим. Кунимиз кўчада ўтарди ва қилғиликларимизни қоплаш учун одамлардан пул талаб қилардик, ўғирлардик.

 Тўда менинг оиламга айланди. Садоқатим туфайли уларнинг ишончини қозонганман деб ўйлардим. Масалан, бир сафар гиёҳванд моддалари таъсири остида бўлган тўда аъзоси қўшнимга ташланди. Ўшанда қўшним ундан устун келди ва полицияга қўнғироқ қилди. Мен ғазабланиб, дўстим қочиб кетиши учун қўшнимнинг машинасини тўқмоқ билан ура бошладим. Машина ойналарини чилпарчин қилар эканман, қўшним мендан бас қилишни ўтиниб сўрарди. Мен эса, унга қулоқ солишни истамадим.

 18 ёшлигимда тўдамиз полиция қўлига тушди. Мен қўлда ясалган бомбани отмоқчи эдим, лекин у қўлимда портлаб кетди. Бу қандай бўлганини билмайман. Эсимда қолгани, қўлим қаттиқ шикастланган эди ва мен ҳушимни йўқотдим. Уйғонганимда, касалхонада эдим. Ўнг қўлимни йўқотибман ва ўнг қулоғим ҳам деярли эшитмас эди. Устига-устак, ўнг кўзим деярли кўр бўлиб қолди.

 Жароҳатларимга қарамай, касалхонадан чиқибоқ тўдамизнинг ёнига бордим. Кўп ўтмай, полиция мени ҳибсга олди ва қамаб қўйди. Бу ерда эса, тўда аъзолари билан бўлган муносабатим янада мустаҳкамланди. Кун бўйи бирга вақт ўтказардик, нонушта пайтида марихуана чекишдан бошлаб, ухлашга ётгунча бирга эдик.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Қамоқда бўлганимда, биродар Леонардо мени кўришга келди. Суҳбатимиз давомида у ўнг қўлимдаги татуировка ҳақида гап бошлади. «Бу учта татуировка нимани англатишини биласанми?» — деб сўради у. Мен унга: «Албатта! Жинсий алоқа, гиёҳванд моддалари ва рок-н-ролл»,— деб айтдим. У бўлса: «Мен буни касалхона, қамоқхона ва ўлим деб атаган бўлардим. Касалхонага тушдинг. Энди эса, қамоқдасан. Кейингиси нима бўлади?» — деди.

 Леонардонинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. У ҳақ эди. Ҳаёт тарзим билан ўзимга-ўзим гўр қазиётган эдим. Леонардо бирга Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни таклиф қилди, мен рози бўлдим. Муқаддас Китобдан билиб олганларим ҳаётимни ўзгартиришга ундади. Масалан, Муқаддас Китобда: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади»,— дейилган. (1 Коринфликларга 15:33) Шу боис, энг биринчи қилишим керак бўлган иш — янги дўстлар топиш эди. Шундай қилиб тўда аъзоларининг учрашувларига бормай қўйдим. Бунинг ўрнига, Яҳованинг Шоҳидлари қамоқхонада ўтказадиган учрашувларга қатнай бошладим. Мазкур учрашувлардан бирида Андрес исмли маҳбус билан танишдим. У қамоқхонада сувга чўмиб Яҳованинг Шоҳиди бўлган экан. У бирга нонушта қилишни таклиф қилди. Ўшандан кейин кунимни марихуана чекиш билан бошламайдиган бўлдим. Аксинча, ҳар тонг Андрес билан Муқаддас Китобдаги оятни муҳокама қилардим.

 Тўда аъзолари ўзгараётганимни тезда пайқади. Натижада, тўда бошлиқларидан бири мен билан гаплашмоқчи эканини айтди. Мен қўрқдим. Унга режаларим ҳақида айтсам, мен билан нима қилишини билмасдим. Чунки тўдани тарк этишнинг деярли иложи йўқ. У шундай деди: «Сени учрашувларимизда кўрмаяпмиз. Лекин сен Яҳова Шоҳидларининг учрашувларига боряпсан. Хўш, нима қилмоқчисан?» Мен тадқиқни давом эттирмоқчи ва ҳаётимни ўзгартирмоқчи эканимни айтдим. У чиндан ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлмоқчи эканимни исботласам, тўда аъзолари мени ҳурмат қилишини айтди. Бундан ҳайрон қолдим. Кейин у давом этди: «Чиндан ҳам Худо ҳақида ўрганмоқчи бўлсанг, Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ қилишда давом эт. Ёмон ишларни қилишни бас қилишингга умид қиламиз. Табриклайман. Сен тўғри йўлдасан. Яҳованинг Шоҳидлари сенга ёрдам бера олади. Қўшма Штатларда бўлганимда, улар билан тадқиқ ўтганман. Оила аъзоларимнинг баъзилари Яҳованинг Шоҳиди. Қўрқма. Таслим бўлма». Мен ҳали ҳам қўрқаётган эдим, лекин шу билан бирга қувончга тўлгандим. Ичимда Худованд Яҳовага раҳмат айтдим. Ўзимни қафасдан озод бўлган қушдай ҳис этардим. Исонинг: «Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади»,— деган сўзлари чин эканини тушундим. (Юҳанно 8:32)

 Собиқ дўстларимдан айримлари менга гиёҳванд моддаларини таклиф қилиб васвасага соларди. Тан олишим керакки, бир неча марта таслим бўлдим. Аммо вақт ўтиб, кўпгина илтижолардан сўнг мен ёмон одатларимни енга олдим. (Забур 51:10, 11)

 Озод бўлганимда, кўплар мени аввалги ҳаёт тарзига қайтади деб ўйлаганди. Лекин мен ундай қилмадим. Аксинча, тез-тез қамоқхонага бориб Муқаддас Китобдан билиб олганларимни бўлишардим. Охири собиқ дўстларим ўзгарганимга амин бўлди. Афсуски, собиқ душманларим бундай фикрда эмасди.

 Бир куни хизматга чиққанимда, олдинлари рақибимиз бўлган тўданинг қуролланган аъзолари мени ва ҳамкоримни ўраб олди. Улар мени ўлдиришмоқчи эди. Ҳамкорим хушмуомалалик, лекин қатъият ила мен энди тўда аъзоси эмаслигимни тушунтирди. Ўшанда мен тинчликни сақлашга ҳаракат қилдим. Улар мени савалаб, бошқа бу ҳудудга қадам босмасликни айтишди. Сўнг қуролларини тушириб, кетишимизга рухсат беришди. Муқаддас Китоб туфайли ҳаётим чинакамига ўзгарди. Олдинлари мен қасос олишга ҳаракат қилардим. Ҳозир эса, Муқаддас Китобнинг 1 Салоникаликларга 5:15 да келтирилган маслаҳатга амал қиламан. У ерда: «Ҳеч бир киши ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармасин, аксинча бир-бирингизга ҳамда бошқаларга яхшилик қилишга интилинглар»,— деб ёзилган.

 Яҳованинг Шоҳиди бўлганимдан бери, ҳалол инсон бўлиш учун жон куйдирдим. Бу осон бўлмади. Нима бўлганида ҳам, Тангри Яҳова, Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар ва янги дўстларимнинг кўмаги туфайли муваффақиятга эриша олдим. Олдинги ишларимга қайтишни сира ҳам истамайман. (2 Бутрус 2:22)

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Мен зўравон ва дарғазаб эдим. Ишончим комилки, ўша ёвуз йўлдан қайтмаганимда, ҳозир тирик бўлмас эдим. Муқаддас Китобдан билиб олганларим ўзгаришимга ёрдам берди. Бузуқликларимдан қайтдим. Олдинги душманларим билан тинч муносабатларга эришдим. (Луқо 6:27) Ҳозирда, яхши тарафга ўзгаришимга ёрдам берадиган дўстларим борлигидан хурсандман. (Ҳикматлар 13:20) Ҳаётимда мазмун борлигидан ва барча гуноҳларимни кечиришга тайёр бўлган Худога хизмат қилаётганимдан бахтиёрман. (Ишаё 1:18)

 2006 йили Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактабида таҳсил олдим. Бир неча йил ўтиб оила қурдим ва ҳозир қизимиз бор. Энди кўп вақтимни ўзим фойда олган Муқаддас Китобдаги принципларни бошқаларга ўргатишга бағишлайман. Шунингдек, жамоат оқсоқоли сифатида хизмат қиламан ва ёшларга мен уларнинг тенги бўлганимда қилган хатолардан қочишга ёрдам беришга интиламан. Ҳозир ўзимга гўр қазимаяпман, аксинча, Муқаддас Китобда Тангри ваъда қилган абадий келажак учун пойдевор соляпман.