МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Ҳаётимдаги энг зўр мукофот
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1967
МАМЛАКАТИ: ФИНЛЯНДИЯ
ЎТМИШДА: ПРОФЕССИОНАЛ ТЕННИСЧИ
ОЛДИНЛАРИ
Мен Финляндиядаги Тампере шаҳрининг четида тинч, ям-яшил ҳудудида улғайганман. Оила аъзоларим унча художўй бўлмаган, лекин таълим-тарбия ва яхши хулқ тарафдорлари эди. Онам немис миллатига мансуб, кичиклигимда Ғарбий Германияга, бобом ва бувимникига тез-тез бориб турардим.
Спортни болалигимдан яхши кўраман. Кичиклигимда спортнинг ҳамма турлари билан шуғулланардим, аммо деярли 14 ёшимда теннисни танладим. 16 ёшга келиб мен кунига икки ёки уч марта машқ қилардим, яъни икки марта профессионал машқлар ва кечки пайт ўзим шуғулланардим. Ўйиннинг ҳар хил жараёнлари мени ўзига тортарди; теннис ўйнаш ҳам ақлан, ҳам жисмонан кучимни талаб қиларди. Гарчи дўстларим билан учрашиб, пиво ичишни ёқтирган бўлсам-да, гиёҳванд моддаларинию спиртли ичимликларни истеъмол қилмаганман. Теннис жону дилим бўлиб, ҳаётимда биринчи ўринда турган.
Мен 17 ёшимда Профессионал теннисчилар уюшмаси ўтказадиган ўйинларда қатнашадиган бўлдим a. Бир нечта ўйинда ғолиб чиқиб, мамлакатимизда таниқли бўлиб кетдим. 22 ёшимда дунёнинг 50 та машҳур теннисчилари қаторидан жой олдим.
Бир неча йил мобайнида дунё бўйлаб ўтган ўйинларда профессионал теннисчи сифатида қатнашдим. Тўғри, чиройли жойларни кўрганман, лекин шу билан бирга кўпгина жиддий муаммоларнинг ҳам, жумладан, жиноят, гиёҳвандлик ва атроф-муҳит муаммоларининг гувоҳи бўлдим. Масалан, Қўшма Штатларда бўлганимда, баъзи шаҳарларнинг жиноят авжига чиққан ҳудудларига бориш тавсия этилмасди. Булар дастидан кўнглим ғаш эди. Бундан ташқари, ҳатто яхши кўрган иш билан шуғулланаётган бўлсам-да, кун охирида ич-ичимдан қониқиш ҳиссини туймас эдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ
Мен учрашиб юрган Санна исмли аёл Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. У диний мавзуларга қизиқиш кўрсатганидан бир оз ҳайрон бўлдим, аммо тадқиқ ўтишига қаршилик кўрсатмадим. 1990 йили биз турмуш қурдик ва у келаси йил сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Менга келадиган бўлсак, Худо борлигига ишонган бўлсам-да, ўзимни художўй деб билмас эдим. Кичиклигимда Германияда бувим менга Муқаддас Китобни ўқиб бергани ва ҳатто қандай ибодат қилиш кераклигини ўргатгани эсимда эди.
Бир куни Санна билан Яҳованинг Шоҳиди бўлган битта жуфтликникига меҳмонга борганимизда, эри Кари Муқаддас Китобдаги «охирзамон» ҳақидаги башоратни кўрсатди. (2 Тимўтийга 3:1–5) Бу менга роса таъсир қилди, ўшанда мен нега дунёда шу қадар кўп ёвузликлар бўлаётганини тушундим. Ўша куни дин масаласида унча кўп гаплашмадик. Бироқ ўша кундан бошлаб Кари билан Муқаддас Китоб асосида суҳбатлар қурадиган бўлдик ва билиб олаётганларимнинг ҳаммаси тўғри эканини тушундим. Мен жуда банд, тез-тез сафарларга боришим керак бўлгани учун Кари билан мунтазам равишда учраша олмас эдик, лекин у таслим бўлмаган. Тадқиқларда берган саволларимга у хатлар орқали менга жавоб берарди. Ҳаётдаги муҳим саволларнинг бари Муқаддас Китобда мантиқан тушунтирилаётганини кўриб, секин-аста асосий мавзуни — Худонинг Шоҳлиги остида Унинг нияти буткул амалга ошишини тушундим. Худонинг исми Яҳова эканини ва Унинг биз учун қилган ишларини билиш менга роса таъсир қилди. (Забур 83:18) Қалбимни жунбишга келтиргани тўлов қурбонлик эди; Худо уни мажбурият ёки расмиятчилик эмас, балки севги туфайли тақдим этган экан. (Юҳанно 3:16) Қолаверса, Худонинг дўсти бўлишим ва жаннатда тинчликда абадий яшашим мумкинлигини билиб олдим. (Ёқуб 4:8) Шунда: «Миннатдор эканимни қандай кўрсата оламан?» — деб ўйланиб қолдим.
Ҳаётимга диққат билан назар солдим. Муқаддас Китобдан олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта эканини билиб, ўзгалар билан билимларимни баҳам кўриш истаги пайдо бўлганини ҳис этдим. (Ҳаворийлар 20:35) Профессионал спортчи бўлиб, ўйинларда қатнашиш учун йилига деярли 200 кун уйдан узоқ бўлардим. Бутун оиламнинг диққати фақат менга, яъни машқларим, кун тартибим ва ишимга қаратилган эди. Мен ўзгаришим кераклигини тушундим.
Профессионал спортни дин туфайли қолдириш қарорим кўпчиликка ғалати бўлиб кўринишини билардим. Лекин Яҳовани янада яхшироқ таниб-билиш орқали теннисда сазовор бўлиш мумкин бўлган совриндан кўра қимматлироқ абадий ҳаётга эга бўлиш имкони борлигини билдим. Шу боис қароримдан қайтмаслик осонроқ бўлди. Бошқаларнинг гап-сўзларига эътибор бермасликка бел боғладим, бу мен чиқарган қарор эди. Бу босимга қарши туришимга айниқса Муқаддас Китобдаги Забур 118:6 қўл келди. У ерда: «Яҳова мен томонда экан, қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!» — дейилган.
Ўша пайтларда баъзи ҳомийлар менга кўп йиллар давомида профессионал теннисда иштирок этиб, ҳеч нарсадан хавотирланмай, бой ҳаёт кечиришга ҳисса қўшадиган келишувни таклиф қилишди. Аммо мен қарор чиқариб бўлган эдим ва бу таклифга рози бўлмай, уюшмадан кетдим. Муқаддас Китоб тадқиқини давом эттирдим ва 1994 йил 2 июлда сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлдим.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Менга келадиган бўлсак, Худо ҳақида фикр юритиш учун муайян қийинчиликка дуч келмаганман. Ҳақиқатни излаганман деб ҳам айта олмайман. Фикримча, фаровон ҳаёт кечириб, ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмаганман. Лекин Муқаддас Китобдаги ҳақиқат худди мени кутиб тургандай эди ва ҳаёт мазмунлироқ эканини тушундим. Ҳаётим тасаввур қилганимдан ҳам яхшироқ бўлди. Оилам янада мустаҳкам бўлиб, ҳар қачонгидан ҳам якдилдир. Қувончлиси шундаки, учта ўғлим изимдан эргашди. Улар спортчи эмас, масиҳий бўлишди.
Ҳозир ҳам теннис ўйнашни ёқтираман. Кўп йиллардан бери теннис билан боғлиқ ишларда қатнашиб пул топаман, масалан, мураббийлик қиламан ва теннис ўқув марказида ишлайман. Лекин ҳозир спорт ҳаётимда биринчи ўринда эмас. Илгари, энг зўр теннисчи ва ғолиб бўлиш учун ҳар ҳафта кўп соатлар мобайнида машқ қилардим. Ҳозир эса тўла вақтли хизматчиман. Ҳаётимни ўзгартирган Муқаддас Китобдаги принципларни бошқаларга ўргатиб, уларга амал қилишига ёрдам беришга вақтимни сарфлаётганимдан бахтиёрман. Тангри Яҳова билан бўлган дўстлигимни ва ажойиб келажак борасидаги умидим ҳақида бошқаларга эълон қилишни ҳаётимда биринчи ўринга қўйиб беҳад хурсандман. (1 Тимўтийга 6:19)
a Профессионал теннисчилар уюшмаси туманлар аро профессионал эркак теннисчилар ўртасида ўйинларни ташкиллаштиради. Бу уюшма ташкил этган бир нечта профессионал ўйин туфайли ғолиблар очко тўплай оларди ва соврин сифатида пулга сазовор бўларди. Ўйинларда тўпланган очколар эса теннисчи жаҳон ўйинларида қатнашиш-қатнашмаслигига таъсир қиларди.