Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Ҳаётим изидан чиқиб кетаётган эди

Ҳаётим изидан чиқиб кетаётган эди
  • Туғилган йили: 1971

  • Мамлакати: Тонга

  • Ўтмишда: гиёҳванд бўлган ва қамоқда ўтирган

ОЛДИНЛАРИ

 Менинг оилам Тонгадан. Бу мамлакат Тинч океанининг жануби-ғарби бўйлаб ёйилган тахминан 170 та оролдан иборат. Тонгода содда ҳаёт кечирардик, электр қуввати ёки транспорт йўқ эди. Аммо уйимиздан сув оқиб ўтарди ва бир нечта товуғимиз бор эди. Мактабда таътилга чиққанимизда, акам ва укам билан фермамизда дадамга қарашардик. У ерда банан, ямс, таро ва маниок ўстирардик. Оиламизни таъминлаш учун дадам уларни сотарди ва бошқа турли ишларни бажарарди. Оролдаги кўплар каби, бизнинг оила ҳам Муқаддас Китобни жуда қадрларди ва мунтазам равишда черковга қатнардик. Аммо ҳаётимизни яхшилашнинг ягона йўли бойроқ мамлакатга кўчиш деб ўйлардик.

 16 ёшлигимда тоғам оиламиз билан Калифорнияга (АҚШ) кўчишимизга ёрдам берди. Янги маданиятга кўникиш осон бўлмаган! Моддий аҳволимиз яхшиланган бўлса-да, камбағал ва зўравонлигу гиёҳвандлик кенг тарқалган ҳудудда яшардик. Кўпинча тунда отишмалар эшитардик ва қўшниларимизнинг аксарияти жиноий тўдалардан қўрқарди. Кўплар ўзини ҳимоя қилиш ёки можароларни ҳал қилиш учун қурол олиб юрарди. Мана шундай можароларнинг бирида мени отишди ва битта ўқ ҳалигача танамда қолиб кетган.

 Юқори синфларда ўқиганимда бошқа ёшлар каби бўлишни истадим. Бора-бора ёмон гуруҳлар билан кўпроқ вақт ўтказадиган бўлдим, ичкилик, зўравонлик ва гиёҳванд моддаларига берилиб кетдим. Вақт ўтиб, кокаинга ўрганиб қолдим. Гиёҳванд моддаларини сотиб олиш учун эса, ўғрилик қила бошладим. Оила аъзоларим черковга қатнаган бўлса-да, тенгдошларимнинг салбий таъсирига қарши тура олишим учун ҳеч қандай насиҳат беришмасди. Зўравонлик қилганим учун кўп марта ҳибсга олинганман. Ҳаётим изидан чиқиб кетаётган эди! Охири қамоққа тушдим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 1997 йил эди. Бир куни қамоқда бошқа бир маҳбус Муқаддас Китобни ушлаб турганимга эътибор берди. Рождество эди ва кўп тонгаликлар учун бу пайтда муқаддас бўлиш муҳим ҳисобланади. У мендан Масиҳнинг туғилиши ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини билиш-билмаслигим тўғрисида сўради, мен бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдим. У менга Исонинг туғилиши ҳақидаги воқеани Муқаддас Китобдан кўрсатди. Шунда Рождество билан боғлиқ кўп одатлар у ерда ҳатто тилга олинмаганини кўрдим. (Матто 2:1–12; Луқо 2:5–14) Бу мени ҳайрон қолдирди ва Муқаддас Китобда яна нималар айтилгани билан қизиқдим. Ўша киши ҳар ҳафта Яҳова Шоҳидларининг қамоқда бўладиган йиғилишларига қатнаётган экан ва мен ҳам боришга қарор қилдим. Ўшанда улар Ваҳий китобини муҳокама қилишаётганди. Гарчи кўп нарсани тушунмаган бўлсам-да, улар ўргатган ҳамма нарса Муқаддас Китобга асосланганини кўрдим.

 Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилишни таклиф қилишди ва мен бажонидил рози бўлдим. Илк бор Муқаддас Китобда ер юзида жаннат бўлиши ваъда қилинганини билиб олдим. (Ишаё 35:5–8) Худони мамнун қилиш учун ҳаётимга кескин ўзгаришлар киритишим кераклигини тушундим. Чунки ёмон одатларимни ташламасам, Яҳова ваъда қилинган жаннатда яшашимга йўл қўймади. (1 Коринфликларга 6:9, 10) Хуллас, жаҳлимни тийишга, чекишни ташлашга ва бошқа ҳеч ҳам спиртли ичимликларни суиистеъмол қилмасликка, гиёҳванд моддаларидан воз кечишга қарор қилдим.

 Жазо муддатим тугашидан аввал, 1999 йили давлат ходимлари мени қочоқлар лагерига кўчирди. Бир йилдан ошиқ вақт давомида Шоҳидлар билан алоқа қилмадим. Аммо ўзгаришлар қилишда тўхтамаслик қарорим қатъий эди. Қўшма Штатларда яшашга берилган рухсатномам 2000 йили бекор қилинди ва мени Тонгога депортация қилишди.

 Тонгога қайтгач, тезда Яҳованинг Шоҳидларини топиб, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни давом эттирдим. Билиб олаётганларим менга жуда ёқарди. Оролдаги Шоҳидлар ҳам, Қўшма Штатлардаги имондошлар каби барча таълимотларини Муқаддас Ёзувларга асослагани менга таъсир қилди.

 Отам черковда жуда масъулиятли вазифага эга бўлгани учун ҳудудимизда таниқли эди. Шу боис Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилганим бошида оила аъзоларимни ҳайрон қолдирди ва бу уларга ёқмади. Лекин Муқаддас Китоб принциплари ёрдамида ёмон одатларимдан қутулаётганимни кўриб, ота-онам хурсанд бўлди.

Кўпгина тонгалик эркаклар каби ҳар ҳафта соатлаб вақтимни кава ичишга сарфлардим

 Мен учун энг қийин бўлган ўзгаришлардан бири ҳудудимда кенг тарқалган ичимлик билан боғлиқ эди. Тонгалик кўп эркаклар ҳар ҳафта кава номли ичимликни соатлаб ичиши мумкин. Бу қалампир илдизларидан тайёрланган кайф берувчи ичимлик. Ўз юртимга қайтгач, деярли ҳар куни тунда кава клубига бориб хушимдан кетгунимча бу ичимликни ичадиган одат чиқардим. Бундай муаммога дуч келганимнинг сабабларидан бири Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилмайдиган одамлар билан мулоқот қилганимда эди. Ниҳоят одатларим Худони ранжитаётганини кўришга ёрдам берди. Худонинг баракасию марҳаматига эга бўла олиш учун ўзгаришлар қилдим.

 Яҳова Шоҳидларининг ҳеч бир учрашувини қолдирмайдиган бўлдим. Худони мамнун қилишга интилаётган одамлар билан мулоқот қилиш васвасаларга қарши туришимга ёрдам берди. 2002 йили Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Муқаддас Китобда: «Яҳова... имилламаяпти, балки сизларга сабрини намоён этяпти. Сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди»,— дейилганидай, Худонинг сабр-тоқатидан фойда олдим. (2 Бутрус 3:9) Албатта, У анча вақт олдин бу ёвуз дунёга чек қўйиши мумкин эди, лекин мен каби одамлар У билан дўст бўла олиши учун етарлича вақт берди. Худди шундай бошқаларга ёрдам бериш учун Худо мендан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ўйлашни ёқтираман.

 Яҳованинг ёрдами туфайли ҳаётим бутунлайин изидан чиқиб кетмади. Энди гиёҳванд моддаларига бўлган хоҳишимни қондириш учун ўғрилик қилмайман. Аксинча, яқинларим ҳам Яҳова билан дўст бўла олиши учун ёрдам бераман. Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилиб, қадрли турмуш ўртоғим Тиани учратдим. Ўғилчамиз билан бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Муқаддас Китобга кўра, ер юзидаги тинч жаннатда абадий яшаш умиди борлиги ҳақида биргаликда бошқаларга айтамиз.